Мақолалар

САЛОМ

Чоп этилди Yanvar 27, 2019 САЛОМda fikr bildirishni o'chirish

Кўчанинг бошидаги дўкончада майда-чуйда сотадиган Манзура исмли қиз Нодиржоннинг саломига алик олмай, негадир терс ўгирилди. “Эшитмади шекилли, – ўйлади болакай. – одобсиз экан, демасин тағин”. Овозини баландлатиб яна салом берганди, қиз “ялт” этиб қаради-ю, афтини бужмайтирди. Бу ҳол эртасига яна такрорланди. Нодиржон кечқурун бувисига шуни айтганди:

– Вой қизи тушмагур-ей, келиб-келиб норасидага аччиқ қиласанми? – деди Ҳожар момо кулиб. –  Тунов куни опачанг билан арзимаган нарсага озгина тортишиб қолишган экан, шунгадир-да. Сен унга парво қилма, хўпми?  Салом беравер, у алик олмаса, фаришталар олишади.

Мактабга кетаётиб бола бувисининг гапларини эслади. Дўконга яқинлашганда:

– Ассалому алайкум! – деганди, яна жавоб бўлмади.

  • Алик олмасангиз, ихтиёрингиз, – деди сал аччиқланиб Нодиржон. – Билиб қўйинг, сиз олмасангиз, фаришталар олишади.

Манзура ажабланиб қаради:

– Вой, муштдай бола бунақа гапларни қайдан  биласан, ким ўргатди сенга буни?

  • Бувим айтдилар.

Эртасига қизиқ бўлди. Нодиржон мактабга шошиб кетаётганди, дўконга яқинлашганда:

  • Ассалому алайкум Нодиржон, – деган овозни эшитди. Қараса, қаршисида сотувчи қиз жилмайиб турарди. Боланинг юзига табассум ёйилди…

Содиқжон ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 1-сонидан