Мақолалар

Саломлашиш одоби

Чоп этилди Noyabr 6, 2019 Саломлашиш одобиda fikr bildirishni o'chirish

«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир» (Нисо, 86).

Салом берувчи “Ассалому алайкум” деса, “Ва алайкумус-салому ва раҳматуллоҳ” деб алик олинади. Агар у “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деб салом берса, “Ва алайкумус салому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деб алик олинади. Салом берувчи “Ва барокатуҳ” қўшимчасини ҳам қўшса, алик олувчи ҳам фақат ўша қўшимчани қўшади. Пиёдага суворий (уловдаги одам), кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки ўрнида турганга юрган кишилар салом бериши жоиз. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик билан салом берса, бу фазилатдир. Салом бериш суннат, алик олиш эса вожиб.

Саломлашиш туфайли кишилар ўртасида ўзаро ҳурмат, самимият ва бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Бир-биримизнинг ёнимиздан индамай ўтгандан кўра, мусулмоннинг мусулмон биродаридаги ҳақи бўлган саломлашиш, алик олишни одат қилсак, нур устига нур бўлади.

“Ас-Салом” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Яхшилаб салом беринг, яхшилаб алик олинг. Айримлар “ассомалайкум”, “вассомалайкум” дея нотўғри талаффуз қилишганда, бу гўзал дуонинг маъноси бузилади.

Саломлашишнинг яна бир фазилати, учрашганида ким биринчи бўлиб салом берса, унинг савоби янада улуғ бў­лади. Биринчи бўлиб салом беришни одат қи­лиш яхши.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Аллоҳ таоло Одамни (алайҳиссалом) ўз суратида (яъни, унга Ўзида бор бўлган “тирик, билувчи, эшитувчи, кўрувчи, сўзловчи” сифатларни ато этиб) яратгач, унга: “Анави фаришталарнинг олдига бор-да, салом бер. Сўнг уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эшитиб ол. Чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зур­риёт­ла­ринг­га йўлланган салом бўлади”, деди. Одам (алай­ҳис­салом) бориб: “Ассалому алайкум”, дедилар. Фа­риш­талар: “Ассалому алайка ва роҳматуллоҳи (Сен­га ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин)” деб алик олишди, сўнг “Жаннатга кирадиган барча инсонларга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, деб қўшиб қўйишди.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-би­рингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрта­ла­рингизда меҳр-муҳаббат уйғонади”, дея марҳамат қил­ганлар. Мана шу биргина салом сўзи кишини эзгуликка, меҳр-шафқат ва покликка, ҳақиқий инсонийликка чорлайди.

“Ассалому алайкум” – “Сизга тинчлик тилайман”, “Ва алайкум ассалом” – “Сизга ҳам тинчлик бўлсин” сўзла­рида улкан маъно, эзгу тилак мужассам.

Фарзандларимизга чиройли тарбия бериб, кўча-кўй­да таниган ва танимаган кишиларга ҳам салом бе­ришни ўргатсак, албатта, уларнинг мурғак қалбида меҳру оқи­батнинг илк куртаклари уйғонади. Улуғ ёшдаги қария ёнидан салом бериб ўтган бола билан салом бермасдан ўтган бола баробар эмас.

“Сизга тинчлик тилайман” деган инсоннинг қал­бида ҳамиша меҳр-оқибат туйғуси уфуриб туради. Аксинча, безрайиб ўтиб кетадиган, кибр-ҳавога берилганнинг юраги тош каби қаттиқдир.

Дарҳақиқат, инсонларнинг бундай ўзаро самимий бў­лиш ва бир-бирига яхшилик тилаш одати дунё халқ­ларининг барчасига хосдир. Гарчи уларнинг айтилиши, ёзилиши ва ижро анъанаси турлича бўлса-да, маъно ва моҳият жиҳатидан анча ўхшашдир.

Салом беришнинг ҳам бир қанча одоблари бўлиб, ҳар бири ҳақида алоҳида тўхталиб, муҳим жиҳатларига эътибор қаратамиз.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм