Оила

Эр-хотин бири иккинчисига либосдир

Чоп этилди Noyabr 6, 2019 Эр-хотин бири иккинчисига либосдирda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ Таоло даслаб отамиз Одам алайҳиссаломни, сўнгра онамиз Ҳаввони яратди. Кейин уларни бир оила қилиб улардан кўп эркаклар ва аёлларни тарқатди. Барча пайғамбар алайҳимуссаломлар бу йўлни тутиб, оила асосида ҳалол, пок яшаб келганлари инсоният учун ибрат намунасидир. Уларнинг ҳаётларини ўргансак, ўзимизнинг ҳаётимизни анчагина ислоҳ қилган бўламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамизнинг уйларига келиб “Ейиш учун бирор нарса борми?” деб сўраганларида, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо “Бир сўрагувчи келганди бериб юбордим” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни рўза туган эдилар ва  “Мен рўзадорман” дедилар. Ўша вақтда эр – хотинлик муносабати жуда ҳам гўзал намоён бўлдики, ҳатто уйларидаги ейиш учун қолган охирги таомини эҳсон қилиб юборганда ҳам уруш жанжал қилишмаган ва оиласидаги йўқчиликни ошкор билдиришмаган. Бири иккинчисини айбини ёпиб, чиройли муносабатда бўлишган. Аллоҳ таоло Қуръон каримда “Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз” (Бақара, 187-оят) деб марҳамат қилган. Эр-хотинни айнан либосга ўхшатилишида жуда катта маъно бор. Чунки, либос инсонни танадаги айбларни яшириб туради, уни яшириш билан бирга чиройли кўрсатади. Оилада эр ва хотин бир-бирининг камчиликларни яшириб, бири иккинчиси учун чирой бўлиши керак. Яна, либос инсонни ташқи омиллардан, ҳавонинг иссиқ ва совуғидан сақлайди. Инсон оила қуришдан бир мақсади ўзини ҳаромдан сақлашдир. Ўтган оналаримиз эрларига “биз очликка чидаймиз, лекин дўзах азобига чидай олмаймиз” дер эканлар. Бу дегани сиз биз учун ҳалол меҳнатдан топилган ҳалол таом олиб келинг, дега мазмунни билдирар экан. Либосимиз яхши ва чиройли бўлса бу бизнинг кўркимиз. Шунга яраша турмуш ўртоғимиз учун ҳам биз чиройли ва яхши бўлмоғимиз лозимдир. Аллоҳ Таъоло эр-хотинни либосга ўхшатибдими, демак, либоснинг эгаси ўз либосини доимо тоза, озода ва яхши сақлаб юриши лозим ва бу либос эгаларининг ўзига боғлиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларни яхшиларингиз аҳлига яхшилик қиладиганингиз. Мен сизларнинг энг яхшиларингизман” деб марҳамат қилганлар. Аҳли аёлига қанча кўп яхшилик қилган киши, одамлар орасида энг яхшилари бўлиб бораверади.

Баъзан эр-хотинлар оилавий жанжаллардан тегишли ташкилотларга шикоят қилиб келишганини кўп гувоҳи бўламиз. Ана шу шикоят қилиб келганлар бир-бирларини айбини айтиб, эрлар хотинини талоқ қилган, хотинлар эрларини ташлаб ота уйига кетиб қолган, ҳатто хорижга ишлаш учун кетганлари ҳам бор. Буларнинг асосий сабаблари эр-хотинлар бир бирларини тушунмай арзимаган баҳоналарни рўкач қилишдан ва оила қадри, хотинлик ёки эрлик бурчини унутиб қўйишларидандир. Оилаларнинг ўзаро низоларига телефон ва ичкиликбозликнинг ҳам сабаб бўлмоқда, десак хато қилмаган бўламиз. Ўз жуфтининг айбини айтаман деб ўзларининг нуқсонларини очиб қўяётганларини билсалар эди, асло бу ишни қилмаган бўлур эдилар. Ҳақиқатдан ҳам биз ўз жуфтимиз учун либос эканмиз уни асраб авайлаш, доимо тоза-озода сақламоғимиз, чанг-ғубор, доғ тегишидан асрашимиз ва энг асосийси унга эгалик қилиш бурчимиз ҳисобланади. Доно халқимизда “Эр-хотин қўш ҳўкиз” деган мақол бор. Бу дегани оилани сақлаш учун эр-хотин бирдек масъул.

Шу ўринда бир ҳикояни эсга олсак. Бир овчи бир тўда қушларни тўрга илинтирибди. Қўшлар тўдаси омон қолиш учун ҳаммалари биргаликда учиб, қочишга муваффақ бўлибди. Маълум бир масофага учиб боришгач қарғалар, чумчуқлар, майналар ва ҳакозо қушлар бир-бирларидан айб излай бошлашибди. Яъни, баъзилари кўпроқ ҳаракат қиляптию бошқалари гўё кам ҳаракат қилётганини рўкач қилишибди. Шундан сўнг орада жанжал чиқибди. Қушлар галаси пасайиб яна овчининг ўлжасига айланишибди. Худди шундай, оилада бир биридан айб қидираётган эр-хотинлар фақат ўзларига жабр қилишади холос. Камчилик ҳаммада бўлади. Биз уни яширсак Аллоҳ бизнинг айбимизни яширади.

 Усмон ҚОДИРОВ – Каттақўрғон туман “Валижон” жоме масжиди имом хатиби

sammuslim.uz