Мақолалар

Исломга интилган аёл

Чоп этилди Noyabr 7, 2019 Исломга интилган аёлda fikr bildirishni o'chirish

“Эрим калта юбкадан воз кечишимга кўп вақт ундади”

Анастасия, 28 ёш, маникюр, Москва

Онам – рус аёли, отам – татар. Мен аёли ҳукмронлик қиладиган, отам унинг таъсирида ўзининг эътиқодини ўтмишга ирғитган, ҳатто ўзининг она тилида гапиришга журъат этмайдиган матриархат  оилада улғайдим. Татар тилидаги ҳар қандай сўзлашув оиламизда қатъиян тақиқланган эди.

18 ёшимда даҳрий эдим. Кейин мусулмон йигитга турмушга чиқдим. Мен уни севардим ва Ислом унинг учун нақадар муҳим эканини ҳар куни кўрардим. Менинг фикримча, аёл ҳамма нарсада эрига эргашмоғи керак ва оиланинг битта динга эътиқод қилиши – энг тўғри йўл. Мен Исломга кирдим. Бунга у мени мажбурлагани йўқ. Бу менинг – онгли равишда қабул қилган қарорим эди.

Православ оилада вояга етганим боис ёпиқ кийим кийишга кўникмагандим. Бироқ Москва кўчаларида бошига рўмол ўраб юрган аёлларни учратиб қолсам севиниб кетардим. Гарчанд, ўзим рўмол ўрамасам ҳам уларни жуда ҳам ҳурмат қилардим. Чунки менинг имоним ҳали унчалик кучли эмас эди. Менинг тушунишимча, рўмолни ўраш масъулиятли иш бўлиб, кейин уни ечиб юбориш – катта гуноҳ бўлади. Эрим кўп вақт мени калта юбкадан воз кечишга ундади ва секин-аста менга ўраниб юришим лозимлиги етиб келди, бегона эркакларнинг суқли қарашлари меъдамга тегиб қолди, ахир мен бошида эри бор аёлман. Кузда шапка ўрнига рўмол ўрадим ва узун юбка кийиб кўчага чиқдим, одамлар менга бутунлай бошқача қарай бошладилар.

Муслима бўлганимдан сўнг бу янгиликдан дастлаб бувимни хабардор қилдим. Чунки татар миллатига мансуб бувим муслима эди. У беҳад мамнун бўлди. Аммо бундан хабар топган онам қўнғироқ қилиб, менга бақира кетди ва улар мени чақалоқлигимда чўқинтирганини, менинг унга хоинлик қилганимни айтиб, энди унинг қизи эмаслигимни, яъни оқ қилганини эълон қилди.

Биз бир йилча гаплашмадик.  Ҳали ҳам муносабатимиз унчалик илиқ эмас: мен қачалик илтимос қилсам ҳам, онам мени православ байрамлари муносабати билан табриқлашда давом этмоқда ва менинг эркак-аёл аралаш ўтирадиган даврадан ва спирли ичимликлардан воз кечганимни идрок эта олмаяпти. У мен алкоголдан эрим ёнимда ўтиргани учун эмас, уни Аллоҳ таоло тақиқлагани учун воз кечганимни тушунишга қодир эмас.

Ишхонамда ҳам ҳеч ким менинг динимни тушунмайди. Менга маникюр бўлиб ишлаш жуда ҳам ёқади. Негаки, бу ерда фақат аёллар жамоаси бўлади. Бу қароримни эрим ҳам қадрлайди. Бироқ эътиқодим сабаб кўплаб ажойиб гўзаллик салонларидан бўшаб кетишга мажбур бўлдим. Мен ҳеч қачон ароқхўрларнинг, енгилтакларнинг ва бошқаларнинг хулқини муҳокама қилмайман. Лекин ҳар доим мени ичмаганим ва ярим-яланғоч кийинмаганим учун муҳокама  қиладилар. Жамоадошларимни ҳар доим нега менинг уларга ўхшамаслигим қизиқтиради. Улар ҳам доим менга менинг ҳарамда яшаётганимни, эрим мени чўриликда ушлаб турганини ва хурсандчилик қилишни тақиқлаб қўйганини айтиб мазах қилмоқчи бўлишади. Нақадар аҳмоқона валдираш бу!

Манба: lenta.ru

ТАСС фотомухбири Валерий Шарифулин фотоси

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.