Мақолалар

Бўлинганни бўри ер

Чоп этилди Noyabr 7, 2019 Бўлинганни бўри ерda fikr bildirishni o'chirish

Чиндан ҳам ислом, айрим кишилар ўйлаганидек, шунчалик хавфли динми? Нега бугун Ғарб давлатларида “исломофобия” тушунчаси кенг тарқалиб кетяпти? Нима учун одамлар динимизни ҳалигача терроризм, экстремизм билан ёнма-ён қўллашяпти? Бунга асослар борми?
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эди.
Мана шу таклифлардан келиб чиқиб БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2017 йил 21 декабрь куни “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, терроризм, зўравон экстремизм ҳеч бир дин, милат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак.
“Ислом” деганда ҳозирги кунда исломофобиянинг таъсиридан баъзилар фақат уруш, отиш, гаровга олиш, экстремизм, терроризм, одамларни ўлдириш, деб тушунадилар. Ваҳоланки, Ислом қандай дин экани хусусида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади. Бундай ёндашув – давр талабидир”, дея таъкидлаган.
Ислом шундай динки, нафақат мусулмонлар, айни пайтда бошқа динлар вакилларига ҳам ширинсуханлик билан чиройли муомалада бўлишга ундайди. Аҳмад Яссавий ҳазратлари бу мавзуда шундай дейди:
Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
 
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано,
Таъкидлаш жоизки, Исломда Ватани ва миллатига хиёнат қилиш, тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига рахна соладиган террорчиликнинг барча кўринишлари қаттиқ ва қатъий қоралайди.
Ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларини амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онгу шуури шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, улардан нопок мақсадлар йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар, аввало, муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлиши, охир-оқибатда эса ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб олишимиз ва тўғри хулоса чиқаришимиз зарур.
Турли номдаги оқимлар, фирқалар қаерда, қандай бўлмасин, динимизга мутлақо зиддир. Қуръони каримда: “Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушланг ва фирқаларга бўлиниб кетманг!” (Оли Имрон сураси, 103-оят), дейилади.
Уламолар оятдаги “Аллоҳнинг арқони”дан мурод Қуръони карим, деганлар.
Бошқа оятда эса: “Кимда-ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси – жаҳаннамда абадий қолишдир…” (Нисо сураси, 93-оят), дейилган.
Демак, хато йўлларни танлаб, бузғунчилик қилган кимсалар, Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлади. Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам йўлдан адаштиради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким жамоатдан бир қарич ажраса, у ислом боғичини бўйнидан ечган бўлади”; “Бирон киши иккинчи бир кишига ҳазил тариқасида бўлса ҳам қурол ёки шунга ўхшаш нарса ўқтаса, барча фаришталар уни лаънатлайди”.
Бугун барчамиз “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиорига амал қилиб, ягона мақсад – Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида жипслашсак, ҳеч қандай манфур куч бизни енга олмайди. Зеро, доно халқимиз “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”, “Бўлинганни бўри ер” деб бежиз айтмаган!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

ЎзА