Мақолалар

Нафл намозлар

Чоп этилди Noyabr 8, 2019 Нафл намозларda fikr bildirishni o'chirish

(Фарз ва вожиб намозлардан бошқа намозлар шариатимизда нафл намозлар дейилади).

Суннати муаккадалар

Бомдод намозининг фарзидан аввал, пешин, шом, хуфтон намозларининг фарз намозларидан сўнг икки ракат; пешин намозининг фарз намозидан аввал, жума намозининг икки ракат фарзидан олдин ва кейин тўрт ракат намоз ўқиш суннати муаккададир.

Мазкур тўрт ракатли суннат намозлар бир салом билан ўқилади.

Мандуб намозлар

Аср намозидан олдин ва хуфтон намозидан олдин ва кейин тўрт ракат; шом намозининг суннатидан сўнг олти ракат намоз ўқиш мандубдир.

Нафл намозларга оид турли ҳукмлар

Тўрт ракатли суннати муаккада намозларининг аввалги икки ракатидан кейинги қаъдада фақат “Аттаҳиёт” ўқилади ва учинчи ракатга турганида сано ўқилмайди.

Тўрт ракат нафл намоз ўқиётган киши икки ракатдан сўнг – биринчи қаъдада ўтирмасдан, охирги қаъдада, тўртинчи ракатдан сўнг ўтирса, намози дуруст бўлади. Фақат бу ҳолда саждаи саҳв лозим бўлади.

Кундузи бир салом билан тўрт ракатдан, кечаси эса, саккиз ракатдан ортиқча нафл намоз ўқиш макруҳдир.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ назд­ларида бир салом билан кундузи ва кечаси тўрт ракат-тўрт ракат, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздларида кечаси икки ракат-икки ракатдан нафл намоз ўқиш афзалдир. Бу масалада Имом Муҳаммад ва Имом Абу Юсуф қавлларига фатво берилган.

Тунги нафл намоз кундузги нафл намоздан фазилатлидир.

Таҳиййатул масжид, зуҳо ва тунги намозлар

Масжидга кирган киши ўтирмасдан икки ракат таҳиййатул масжид ўқиши суннатдир. Вақти бўлган фарз намозни адо қилиш ва масжидга кирганда ўқиладиган ҳамма намоз таҳиййатул масжид ўрнига ўтади.

Таҳоратдан сўнг аъзоларнинг нами қу­ри­масдан икки ракат, зуҳо вақтида (қуёш найза баробари кўтарилганда) тўрт ё ундан ортиқ ракат намоз ўқиш мандубдир.

Кечаси бир ухлаб тургач, таҳажжуд намо­зини, истихора ва ҳожат намозлари ўқиш мандубдир.

Рамазон ойининг охирги ўн куни кечаларини, икки ҳайит кечаларини, зулҳижжа ойининг илк ўн куни кечаларини ҳамда шаъбон ойининг ўн бешинчи (Бароат) кечасини ибодат, истиғфор айтиш билан ўтказиш мандубдир. Мазкур кечаларни ибодат билан ўтказиш учун масжидларда ва ўзга жойларда тўпланиш макруҳдир.

Ўтириб нафл намоз ўқиш

Киши, тик туришга қодир бўлса-да, нафл намозларини ўтириб ўқиши жоиздир. Лекин узрсиз ўтириб нафл намоз ўқиган кишига тик туриб нафл намоз ўқиган киши савобининг ярми бўлади. Ўтириб нафл намоз ўқийдиган киши “Ташаҳҳуд” ўқишда ўтиргандек – чап оёғини тўшаб устига ўтиради ва ўнг оёғини панжаларини қиблага қилиб тик тутади. Нафл намозни тик туриб бошлаган кишининг қолган ракатларини ўтирган ҳолда тугатиши кароҳатсиз жоиздир.

عَن جَابِرَ بْنَ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُصَلِّي التَّطَوُّعَ وَهُوَ رَاكِبٌ فِي غَيْرِ الْقِبْلَةِ (رواه البخاري).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозларни улов­да қиблага йўналмасдан ўқир эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Улов устида намоз ўқиш

Киши шаҳар (қишлоқ ва овул) ташқарисида улови (от, эшаги) устида, улови кетаётган томонга қараб имо билан нафл намоз ўқиши жоиз.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздларида улов устида имо-ишора билан барча суннат намозларни ўқиш жоиз, аммо бомдод намозининг суннатини ерда ўқиш зарур.

Узрсиз бирор нарсага суяниб нафл намоз ўқиш макруҳдир. Улов устидаги, эгардаги, узангидаги нажосат дирҳам миқдоридан кўп бўлса-да, намозга моне бўлмайди.

Улов устида ўқиладиган фарз ва вожиб намозлар

Улов устида фарз намозларни, витр ва назр намозларни, жаноза намозини ўқиш, шунингдек, ерда ўқилган (сажда) оятининг саждасини қилиш дуруст эмас. Фақат бу ҳолларда: уловдан тушса ўзига, уловига ёки кийимларига ўғри ёки йиртқич ҳайвон ҳужум қилишидан қўрқса, ёки ер юмшоқ лой бўлса, ёки минган ҳайвони тизгинини бермайдиган бўлса, ёки қарилиги туфайли ерга тушса, қайта минишига ёрдам берувчи бўлмаса, фарз ва вожиб намозларни улов устида ўқиш жоиздир.

Кемада намоз ўқиш

Сузаётган кемада ҳеч бир узрсиз фарз, вожиб намозларни ўтириб руку ва саждаларини адо этган ҳолда ўқиш Имоми Аъзам наздларида дурустдир.

Руку ва сажда қилишига қодир киши кемада имо-ишора билан намоз ўқиши жоиз эмас.

Лангар ташлаган кема, шамол уни тебратса, сузаётган кема ҳукмидадир. Агар шамол уни қаттиқ тебратмаса, бандаргоҳда тўхтаб турган кема кабидир.

Бандаргоҳда турган кемада туришга қодир бўлган кишининг ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас. Бандаргоҳдаги кеманинг бир қисми ерга тегиб турган ё ерга тегмаган бўлишидан қатъи назар, унинг ичида тик туриб намоз ўқиш жоиз (“Ҳидоя”, “Ниҳоя”).

Сузаётган кемада намоз ўқимоқчи бўлган киши намоз ўқишни бошлашида қиблага юз­ланиши, агар намоз ўқиши асносида кема бурилса, яна қиблага юзланиб, намозини давом эттириши керак.

Ҳасан ибн Аммор ШУРУНБУЛОЛИЙнинг “Нурул изоҳ” асари асосида

Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади.

Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 9-сонидан