Дунё янгиликлари

АҚШда ошкора мунозаралар келаси ҳафта бошланади

Чоп этилди Noyabr 7, 2019 АҚШда ошкора мунозаралар келаси ҳафта бошланадиda fikr bildirishni o'chirish

Президент Доналд Трампга импичмент масаласи юзасидан текшириш доирасидаги ошкора мунозаралар келаси ҳафта бошланади. 
Бу ҳақда АҚШ конгреси вакиллар палатасининг разведка қўмитаси раҳбари Адам Шифф баёнот берди.
Қайд этилишича, 13 ноябрь куни очиқ кўрсатмаларни АҚШнинг Украинадаги ишлари муваққат ишлар вакили Уильям Тейлор ва АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси ўринбосари Жорж Кент, 15 ноябрь куни эса АҚШнинг Украинадаги собиқ элчиси Мари Йованович кўрсатма бера бошлайди.
Демократлар Трампни мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва Украина президенти Владимир Зеленскийни АҚШдаги сайловолди кампаниясига аралашиш учун ишлатишга уринишда айбламоқда.
Трамп ва унинг тарафдорлари айбловни тўлалигича рад этмоқда.
АҚШнинг украин сиёсати шаклланишига алоқадор бўлган Трамп администрациясининг ўндан зиёд дипломатлари ва ходимлари Конгрессда кўрсатма берди.
Уларнинг барчаси Киевга босим кўрсатиш аломатлари борлигига ишора қилишди. Бироқ бирортасида АҚШ президентининг мазкур жараёнга бевосита аралашувига оид далиллари йўқ.
Агар Вакиллар палатаси Трампга импичмент эълон қилса, шундан кейин бу ишни АҚШ Сенати кўриб чиқишни бошлайди.
Президентни буткул ҳокимиятдан четлатиш борасида якуний қарорга келиш учун Конгресснинг юқори палатасида сенаторларнинг учдан икки қисмининг овози керак бўлади.