Мақолалар

Ўз жонига қасд қилса аёл…

Чоп этилди Noyabr 8, 2019 Ўз жонига қасд қилса аёл…da fikr bildirishni o'chirish

Яқинда маҳалла фаоллари билан таъзия бўлган бир хонадонга кирдик. Марҳума 26 ёшли жувон, уч фарзанднинг онаси, ўттиз ёшли навқирон эрнинг жуфти ҳа­лоли, ёш оиланинг бекаси ўз жонига қасд қилибди…

Мотамсаро она сукутда ўтирибди, гўё жонсиз жасаддек. Қучоғида марҳума қи­зининг 9 ойлик гўдаги… У тинимсиз йиғ­лайди, эҳтимол, онасининг иссиқ бағрини излаётгандир…

У она эди. Аллоҳ унга шундай буюк ном, улуғ саодатни насиб этган эди. Минг афсус! У шайтон васвасасига учдими? Бир лаҳзада ўтиб кетувчи, хаёлларини бир онга чалғитиб қўйган лаинга бўйсундими?! Эҳ, афсус…

Унинг оналик бурчи, масъулияти қайда қолди! Ўша ғаддор ипни бўйнига илаётган маҳалда бу иш гуноҳи азим эканини ўйламабди-да. Кўзлари жовдираб, қўл­чаларини чўзиб турган жигаргўшаларининг олдида қарздор эканини эсдан чиқариб қўйибди-да!

Бу дунё – синов. Биз охират учун эзгу амаллар захирасини тўплаймиз. Аллоҳ жонни бандаларига Ўзи берди, қачон қайтиб олиши ҳам Унинг ихтиёрида. Ўз жонига қасд қилганлар Аллоҳнинг берган умрига хиёнат қилаётганларини англаб етмоқлари лозим.

Ҳадиси қудсийда: “Бандам (Мен унинг жонини олишимдан аввал, ўзини ўзи ўлдириб) шошилди. Шунинг учун унга жаннатимни ҳаром қилдим” (Муттафақун алайҳ), дейилган. Бу дунёда ўз жонига қасд қилган банда, демак, иккинчи дунёдаги раҳмат ва мағфиратдан ҳам умидини узди.

Аллоҳ таоло: “Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирманг!” (Нисо сураси, 29-оят), дея амр этган.

Анча йиллар олдин вилоятга борганимда бир даҳшатли воқеани эшитдим.

Фотиҳа қилинган бўлажак умр йўлдоши касал бўлиб ўлгач, бўлажак келин – 19 ёшли қиз ўз жонига қасд қилган. Эсиз, ёшгина қиз, эсиз, бу қизга таълим-тарбия берган ота-онасию устоз-муаллимлар меҳ­нати.

“Фариштадек қиз эди”, дейди уни кўрган-билганлар. Лекин фаришталар Аллоҳнинг ҳар бир истагига бош эгиб “Лаббай” деб турадилар-ку! Аллоҳ хоҳлади; Инсон қилиб яратди, унга умри азизни туҳфа қилди. Шу умрга нуқта қўйишга жазм қилиш жаҳолат эмасми?!

Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад сураси, 4-оят), дея амр этган Аллоҳ. “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 35-оят), деб марҳамат қилинади Қуръони каримда. Демак, меҳнат-машаққатларимиз биз учун синов эканини ҳар вақт эсда тутишимиз керак. Сабр ва шукрни унутмасак, синовларидан сабр ва чидам билан ўтиб олсак, иншоаллоҳ, жаннатга етмоғимиз ваъда қилинган.

“Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” (Бақара сураси, 201-оят), дея Яратганга илтижо этамиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадулабад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у заҳарни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташида абадий заҳар ичиб туради. Ким ўзини темир тиғ билан ўлдирган бўлса, у темирни қўлида тутган ҳолда жаҳаннам оловида абадулабад ўша темирни қор­нига санчиб туради (Муттафақун алайҳ).

Хулосада шуни айтай, азиз одамлар, Аллоҳ берган азиз умримизнинг қадрига етайлик. Уни эзгуликларга сарфлайлик. Бо­қий дунёга – Яратган ҳузурига ёруғ юз билан борайлик. Шайтоннинг энг ёмон васвасаси – ўз жонига қасд қилишдек гуноҳи азимдан Аллоҳ асрасин!

Дилором КАРИМОВА

филология фанлари номзоди, доцент

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан