Мақолалар

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Али (розияллоҳу анҳу)нинг кўзларига туфладилар ва тузалди

Чоп этилди Noyabr 8, 2019 Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Али (розияллоҳу анҳу)нинг кўзларига туфладилар ва тузалдиda fikr bildirishni o'chirish

Али (розияллоҳу анҳу) кўзлари оғригани учун Хайбардан қолган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни дуо қилдилар ва кўзлари тузалди.

Саҳиҳ ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хайбар кунида: “Албатта, бу байроқни эртага Аллоҳ ва расули яхши кўрадиган, у ҳам Аллоҳ ва расулини яхши кўрадиган ҳамда Аллоҳ унинг қўли билан фатҳ қиладиган киши қўлига топшираман”, дедилар.

Одамлар: “Байроқ кимга берилар экан?!” деб кечани ўтказдилар.

Тонгда уларнинг барчалари байроқ ўзларига берили­ши­дан умид қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига йўл олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Али ибн Абу Толиб қаерда?” деб сўрадилар. Одамлар уни кўзи оғриб келолмаганини айтишди. “Уни олиб келинглар”, дедилар. Ҳазрат Али келгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг кўзига туфлади­лар ва дуо қилдилар. Унинг кўзи тузалди ва касалликни кўрмагандек бўлиб кетди. Унга байроқни бердилар.

Али (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ! Улар билан бизлардек бўлмагунларича жанг қилавераман!” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Оғир бўл! Сен уларнинг манзилларига тушасан ва уларни Исломга чақирасан. Зиммаларидаги Аллоҳнинг ҳаққини тушунтирасан. Аллоҳга қасам, Аллоҳ сенинг қўлинг билан бир кишини тўғри йўлга солиши бутун дунё неъматларидан кўра яхшироқдир”, дедилар.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм