Янгиликлар

Самарқандга ўн йилда 14 миллион, уч йилда 15 миллион сайёҳ келди

Чоп этилди Noyabr 8, 2019 Самарқандга ўн йилда 14 миллион, уч йилда 15 миллион сайёҳ келдиda fikr bildirishni o'chirish

Самарқанд бугунги кунда туризм жадал ривожланиб бораётган ҳудудлардан саналади. Юртимизда Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа тараққиётига қаратилаётган алоҳида эътибор, хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар учун яратилаётган шарт-шароитлар туфайли Самарқандга келган сайёҳлар сони жорий йилда ўтган йилгига нисбатан икки баробар ошган. Маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Самарқандга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2 миллион 668 минг 300 нафарни ташкил этган. Шулардан 491 минг 300 нафари хорижликлар, қолганлари маҳаллий сайёҳлардир. Хорижлик сайёҳларнинг асосий қисми, Европа, Жануби – Шарқий Осиё ва МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Вилоятда 2019 йил якунига қадар хорижлик сайёҳлар кўрсаткичини 509 минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Ўз навбатида маҳаллий сайёҳлар оқимини ҳам ошириш режалаштирилган. Бу борадаги кўрсаткичлар 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 2 миллион 105 минг нафарни ташкил қилган бўлса, ўн ой давомида 2 миллион 177 минг нафар сайёҳ Самарқанд зиёратига чиққан. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 2,5 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган.

Келгуси икки йилда эса чет эллик туристлар ташрифини 2, мамлакатимиз бўйича эса 10 миллионга етказиш мўлжалланган. Бу ўз-ўзидан туристлар учун зарур инфратузилма ва хизмат кўрсатиш йўналишларини халқаро стандартлар даражасига етказишни ҳам тақозо этади.

Шу мақсадда Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида туристик марказ қурилиши бошланди. Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ва Ўзмиллийбанкнинг “Ипак йўли” жамғармаси (Хитой) ҳамда “EREILL Group” компанияси билан биргаликда эшкак эшиш канали ҳудудида туристик марказ қурилиши ва ундан фойдаланиш бўйича берган таклифи маъқулланганди.

Мажмуа учун 360 гектар ер ажратилиб, унинг 80 гектарида анжуманлар маркази, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилиши мўлжалланган. Меҳмонхоналар 5, 4 ва 3 юлдузли бўлиб, барча тоифадаги сайёҳларни қамраб олади. Шунингдек, дам олиш масканида сузиш ҳавзалари, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда кўнгилочар объектларни ўз ичига олган 12 та кичик туристик мажмуалар барпо этилади.

– 2019-2021 йиллар давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредит линияси орқали туризм инфратузилма объектларини ривожлантириш мақсадида 74 та лойиҳани қамраб олган 1311,8 миллиард сўмлик манзилли дастур ишлаб чиқилди, – деди Самарқанд вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти раҳбари Дилшод Нарзиқулов. – Ушбу лойиҳаларимиз амалга ошса қўшимча 2828 та янги иш ўрни яратилади.

2019 йил бошида вилоятда 4513 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга 118 та меҳмонхона фаолият юритган бўлса, бугунга келиб улар сони 142 тага етди. Бу меҳмонхоналар бир вақтнинг ўзида 5 минг 949 нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга. 2020 йилгача Самарқандда яна 6 та, келгуси йилда эса 50 та янги меҳмонхона ўз фаолиятини бошлайди. Бундан ташқари мавжуд 125 та оилавий меҳмон уйлари ҳам 1120 ўринга эга. Шу билан бирга мазкур йилда жисмоний шахслар томонидан яна 15 та меҳмон уйлари ташкил этилади. Натижада 185 та янги иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунда вилоятда маданий – мерос, архитектура, археологик, агро, эко, зиёрат каби 562 та туристик объектлар бўлиб, йил давомида яна 19 та янги туристик маршрутлар ташкил этилиши режалаштирилган, шу пайтга қадар уларнинг 18 таси ўз фаолиятини бошлади.

Шу билан биргаликда вилоятда 100 га яқин миллий ва европа таомлари ресторанлари ҳамда миллий чойхона, 165 та туроператорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари 230 та замонавий туристик синфга мансуб автотранспорт воситалари, 230 та ҳамроҳ-таржимонлар сайёҳларга хизмат кўрсатишмоқда.

– 2019 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 13 та ресторан ва кафе, 38 та туроператорлик субъектлари ташкил қилинди. Шунингдек, 26 та туристик классдаги автобус ва 46 та микроавтобуслар, 2 та электромобиль олиб келиниб, фойдаланишга топширилди, – дейди Самарқанд вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти бўлим бошлиғи Фарруҳ Ўролов. – Қолаверса, 8 та (жами 11 та) туристик ахборот марказлари ҳамда 32 та миллий ва хорижий валюталарда пул айирбошлаш шохобчалари (банкоматлар) ўрнатилди. Сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида шу йилнинг ўзида 38 та янги WiFi нуқталари ўрнатилиб, уларнинг сони жами 50 тага етказилди.

Бундан ташқари, тасдиқланган Дастурлар доирасида имконияти чекланган шахсларнинг туризм инфратузилмаси ва маданий мерос объектларида эркин ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларида ногиронлик аравачалари учун йўлаклар барпо этилди.

Самарқанд 180 дан ортиқ туристик шаҳарларни бирлаштирган Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси (WТCF)га аъзо бўлди. Шу боис вилоятда сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида турли йирик халқаро тадбирларни ўтказиш бўйича ҳам лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу йилнинг ноябрь ойида Самарқанд Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерациясининг минтақавий конференциясига мезбонлик қилиши кутилмоқда. Мазкур тадбир доирасида Самарқандга биргина Хитойдан 400 минг сайёҳ ташриф буюриши кўзда тутилган. Бундан ташқари, хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда сайёҳлар учун чартер рейсларини амалга ошириш кўзда тутилган. Дастлабки ана шундай рейс жорий йилнинг 4 ноярбь куни Истанбул – Самарқанд йўналишида амалга оширилди. Бу йўналишдаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)