Мақолалар

Ҳақ йўлидан адашмайлик

Чоп этилди Yanvar 28, 2019 Ҳақ йўлидан адашмайликda fikr bildirishni o'chirish

Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳнинг ягоналиги, Пайғамбар алайҳиссалом унинг элчиси эканига имон келтирган, ислом динига эътиқод қиладиган ҳар қандай киши мўмин ҳисобланади. Ҳеч кимга инсонинг имонини ўлчаш, унинг мусулмон ёки кофирлигини аниқлаш ҳуқуқи берилмаган. Чунки имон қалбда бўлади.

Қалб эса фақат Аллоҳнинг ҳукмидадур. “Ҳанафий, Моликий, Шофиъий, Ханбалий мазҳабларига эргашувчи ҳар бир шахс мусулмондур. Уни кофир дейишга, жонига қасд қилишга, шаъни ва мол- мулкига тажовуз қилиш асло мумкин эмас”.

“Раддул Мухтор” асарида “Ислом диёри фақат қуйидаги учта шарт жамланганда куфр диёрига айланади” дейилган.

  1. Ширк аҳлининг ҳукмларини юритиш билан. Яъни, мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмагандан кейин куфр мамлакати бўлади.
  2. Ислом диёри куфр мамлакатларга қўшилиб, бирлашса.
  3. Мамлакатда бирорта ҳам хавфсиз мусулмон қолмаса.

Мазкур уч шартнинг ҳаммаси бир мамлакатда топилса, у жой куфр диёрига айланади. Агар улардан бири ёки иккитаси топилиб, қолгани топилмаса, Ислом юрти бўлиб қолаверади.

Ислом ҳукмлари деганда, жума ва ҳайит намозларини адо этиш, муфтий сайлаб Унга эргашиш, ҳаж сафарига шароит яратиш кабилар ҳам тушунилади. Гарчи у ерда кофирлар бўлса ҳам, гарчи бирон Ислом давлатига қўшни бўлмаса ҳам.

Мутаассиб гуруҳлар эса эмин-эркин ибодат қилаётган, замонавий адолатли қонунлар асосида яшаётган диёрларни  Куфр диёри дейдилар ва уларга қарши жанг қилишга буюрадилар.

Бугунги кунда чекка қишлоқлардан тортиб, марказий шаҳарларимизда ҳам мусулмонлар учун минглаб масжидлар бино қилинган.

Яна шуни ҳам фахр билан айтиш жоизки,  ҳар йили минглаб мусулмонлар учун ҳаж ва умра зиёрати сафарига бориши учун шароитлар яратилмоқда.

Адашган мутаассиб гуруҳлар аъзолари мусулмонларни кофирга чиқариш билан энг оғир гуноҳга ботмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсадэса инсонларни кофирликда айблаб, шу орқали унга ва жамиятга қарши уруш эълон қилишга бахона топишдир.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда “Кимда ким ўз биродарини “кофир” ёки “фосиқ” деса ва ўша инсонда шу нарса топилмаса, унинг ўзи шундай бўлади”, – деб таъкидланган.

Ёмон фикр соҳиблари ҳам, куфрона неъмат қилувчилар ҳам ёввойи ҳайвонлар мисоли Аллоҳ таолонинг мағфиратидан йироқдирлар (Маҳмуд Замаҳшарий).

Бир миллатдан ишончли кишилар озайса, динини сотиб дунё йиғувчилар кўпайса, у миллат орасида фитна болалайди. Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз. Гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам. Одам қанчалик маърифатли бўлса, эл юртга шунча кўп фойдаси тегади. Доноларимизнинг фикрича

Олдига қўйганни емак – ҳайвонинг иши,

Оғзига келганни демак – нодонинг иши.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, тинч ва осойишта ҳаёт барқарор юртимизни турли фитна ва нотўғри фикрлардан асраш, тўғри йўлдан тоймасдан бориш учун ҳар бир кишида юксак маънавиятли бўлмоғи даркор. Шундагина ҳар хил нотўғри қарашларга раддиялар бера оладиган инсонлар қаторида бўламиз.

Барчамизни адашиб кетишдан Яратганнинг ўзи асрасин.  Омин!!!

 

манба: muslim.uz