Янгиликлар

Зоир Мирзаев деҳқонободлик раҳбарларга: Ўғирланган пулга эмас, ўз номингизга олинган кредитга кутубхона қурасиз

Чоп этилди Noyabr 8, 2019 Зоир Мирзаев деҳқонободлик раҳбарларга: Ўғирланган пулга эмас, ўз номингизга олинган кредитга кутубхона қурасизda fikr bildirishni o'chirish

Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев вилоятдаги бошқармаларда фаолият кўрсатаётган деҳқонободлик раҳбарларга ўзи туғилиб ўсган қишлоқда кутубхона қуриш талабини қўйди. Бу ҳақда «Дарё»га Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокимининг ушбу таклифи туманга ташрифи чоғида вилоят раҳбарлари ва туман фаоллари билан бўлган йиғилишда ўртага ташланган.

— Мана бугунги кунда вилоятдаги катта бошқармада фаолият юритяпсиз, бу қувонарли, аммо туман учун — туғилиб ўсган қишлоғингиз учун нимадир қилдингизми? — дея савол берди вилоят ҳокими раҳбарларга қарата.

Залда ўтирганлардан бу борада жавоб бўлмагач, Зоир Мирзаев деҳқонободлик раҳбарларга туман учун, ўзи туғилиб ўсган қишлоқ учун биттадан кутубхона қуриб бериш таклифини илгари сурган.

Вилоятда ишловчи деҳқонободлик раҳбарлар.
Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати

— Фақат қаердандир ўғирлаб келинган пулга эмас, ўз номингизга олинган кредит маблағи эвазига кутубхона қурасиз, кутубхона учун банкдан номингизга кредит олинган ёки олинмаганлиги билан шахсан ўзим қизиқаман, — деди вилоят раҳбари.

Йиғилишда, шунингдек, вилоятдаги 16 та тижорат банкига деҳқонободлик тадбиркорларни топиб, туман учун эсда қоларли иш қилиш талаби ҳам қўйилган.

Ҳокимлик ахборот хизматининг қўшимча қилишича, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг вилоят филиали тумандаги боғчалар учун артизан ковлаб, сув чиқариб бериш масъулиятини ўз зиммасига олган.

daryo.uz