Мақолалар

Ислом террорни лаънатлайди

Чоп этилди Noyabr 11, 2019 Ислом террорни лаънатлайдиda fikr bildirishni o'chirish

Ислом – тинчлик дини. “Ислом” сўзи сулҳ, омон­­лик, хотир­жамлик каби маъноларни англа­тади. Бу ном­ни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаган. Зотан, Буюк Раббимизнинг гўзал исмлари­дан бири ҳам Ас-Саломдир. Муқаддас динимиз инсон­ларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто ўзга дин ва мафкура вакилларига ҳам зулм қилмасликка буюради.

Бугун ойнаи жаҳон орқали, интернет сайтлари ёки иж­тимоий тармоқларда тар­қатилаётган хабарларнинг ак­сарияти, афсуски, террорчилик, экстремизм, хунрезлик, қўпорувчилик ҳақида. Баъзан бундай хабарларни ўқишга юрак бетламайди. Бу ишларни қилаётганлар Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсунмаган ра­зил кимсалардир. Уларнинг жирканч қилмишлари жаҳон давлатлари, халқлари тинчлигига рахна солмоқда.

Ислом террорни, фасод ва бузғунчиликни бутун­лай қоралайди, лаънатлайди. Аллоҳ таоло Ер юзида бузғунчилик қил­масликка буюради: «Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара сураси, 205-оят). Шу суранинг 60-оятида эса: «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қил­мангиз!» деб амр қил­ган. .

Муқаддас динимизни ни­­қоб қилиб олиб, бегуноҳ, бировга зарари тегмайдиган кишиларни тап торт­май ўлдираётган кишиларни ­мусулмон дейиш мумкинми?! Ахир, Аллоҳ таоло Моида сурасининг 32-оятида: «Би­рор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир», деб марҳамат қилган-ку!

Муфассирларнинг таъкид­лашларича, аслида ушбу оят ҳукми Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, бироқ у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир. Оят­нинг тақозо этишига кўра, Ер юзида фитна-фасод, буз­ғунчилик, қотиллик, қўпо­рувчилик, қароқчилик каби разил ишларни қилган кимсалар қилмишларига яраша жазога тортилиши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик ма­софадан келиб туради”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қи­линган. .

“Террор” атамаси пайдо бўлганига чорак асрдан ошди. Террор дастидан минг-минглаб беайб одамлар ҳа­лок бўлмоқда, миллионлаб заминдошларимиз ўз уйидан, ватанидан чиқишга мажбур бўлиб, сарсон-саргардон юрибди. Минглаб болалар таълим олиш у ёқда турсин, уйсиз-бошпанасиз, баъзилар ҳатто яқинларисиз ёлғизликда, ночор ҳаёт кечирмоқда.

Ана шундай юртдошларимиздан бир гуруҳи бу йил Рамазон ҳайити арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсат­ма­сига биноан Яқин Шарқ мам­лакатларидаги қонли тўқ­нашувлар ўчоғидан юр­ти­миз­га қайтарилгани тарихий, оламшумул воқеа бўлди.

Террорчилар имон, виждон, ирода каби тушунчалардан маҳрум кимсалардир. Уларнинг насаби ҳам, миллати ҳам, дини ҳам, ватани ҳам йўқ. Улар ўзгаларнинг аниқ режа асосидаги ғаразли мақсадларини кўр-кўрона бажарадиган қўғирчоқлардир. Жаҳоннинг ҳамма ерида террорчи гуруҳлар одатда жоҳил, нодон, эътиқоди суст ё умуман эътиқодсиз, нима мақсадда жиноят қилаётганини анг­лай олмайдиган манқурт кишилардан тузилади.

Яқинда “XXI асрда Ислом” номли китобни ўқиб чиқдим. Асарда бугун дунёда содир бўлаётган хунрезликлар, қонли тўқнашувлар, жирканч ишларни амалга ошираётган инсон қиёфасидаги золимларнинг асл башараси очиб берилган.

Китоб муаллифи, Кембриж университети ило­ҳиёт­шунослик факультети маърузачиси Тимоти Ж. Уинтер (Абдулҳаким Мурод) бундай ёзади: “Айни пайтда жаҳон жамоатчилиги Исломга нисбат бераётган инсон ҳуқуқларининг шармандали поймол қилиниши, ўзга дин ва миллат вакилларига тоқатсизлик ва террорчилик аслида бу динга дахли йўқ тўдаларнинг, мутаассиблар ва кўпинча худобехабар муртадларнинг ишидир. Ақидаси маҳкам, чин мусулмонлар ҳеч қачон террорчиликка қўл уришмаган” («ХХI асрда Ислом», Тошкент, «Шарқ» НМАК, 2005 йил, 306-бет).

Террорга қарши курашувчи мутахассислар: “Тер­рорчиликка қарши курашни учинчи жаҳон урушига тенглаш мумкин. Бу урушнинг алоҳида хусусияти шуки, унда бутун дунё жанг майдонига айланган. Бу инсонларнинг руҳияти ва қалбини забт этиш учун бошланган урушдир”, дейишган.

Адашган, тўғри йўлдан тойганларга ҳақни кўрсатиш, насиҳат қилиш, маслаҳат бериш муҳимдир. Зеро, Ба­ҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари:

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,

Уни огоҳ этмасанг, сендадир улуғ гуноҳ, деганлар.

Мухтасар айтганда, бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик Аллоҳ таолонинг бизга берган буюк неъматидир. Бунга дунё аҳлининг ҳаваси келаётгани рост. Тинчлик ўз-ўзидан қўлга киритилмаганини ёшларга тушунтириш, унинг барқарор бўлишини Яратгандан сўраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

Раҳматуллоҳ САЙФИДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан