Мақолалар

Дўстингиз ким?

Чоп этилди Noyabr 12, 2019 Дўстингиз ким?da fikr bildirishni o'chirish

Инсон қайғули дамларида ҳам, хурсанд чоғларида ҳам дўстларга муҳтож. Чунки дўстлар биз учун катта таянч.

Ислом олимлари ҳадис­ларга асосланиб дўст танлашда бундай тавсиялар бе­ришган:

Дўстингиз ақлли бўлсин

Нодонлар билан дўстлаш­ган одам ҳеч қачон балодан қутулолмайди. Чунки ундай кишиларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ. Уларнинг ниятлари эзгу бўлса-да, яхшилик қиламан деб, ёмонлик қилиб қўядилар.

Ақлли кишининг душманлиги нодон одамнинг дўстлигидек зарарли эмас. Ақлли душман зарар етказганида ҳам, меъёридан оширмайди. Ҳикматли сўзларда: “Ақлли душмандан қўрқма, аҳмоқ дўстдан қўрқ”, “Дўстинг ўзингдан яхшироқ бўлсин”, дейилган.

Дўстингиз диёнатли, эътиқодли бўлсин

Дўст тутинадиган киши диёнатли ва одобли бўлга­ни яхши. Чунки диёнатсиз одам ўзининг душманидир. Ўзига душман киши бошқаларга дўст бўла олмайди. Ҳақиқий дўст ишимиз тушганида ёрдамчи, қайғули дамларимизда юпатувчи, ёлғиз қолганимизда кўмаклашувчидир. Эъти­қодсиз кишидан ҳар турли номаъқулчиликни кутиш мумкин.

Дўстингиз гўзал ахлоқли бўлсин

Дўстимиз бизни фақат яхшиликка ундовчи, зарарли ишлардан тўсувчи киши бўлиши керак. Бадхулқ одамлар билан дўст тутиниш ахлоқсизликка сабаб бўлиши шубҳасиз.

Ёмон хулқли одам билан дўстлашишни Ислом олимлари кичик кема билан катта денгизда сафар қилишга ўхшатганлар. Бундай сафарда одамлар катта тўл­қинлар ва таҳликаларга дуч келадилар.

Cамимий ва насиҳат берувчи бўлсин

Дўстимиз насиҳат берувчи, хатоларимизни кўрса, улардан огоҳлантирувчи ва танқид қилувчи бўлиши керак. Одам хатосиз бўл­майди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айт­­ганларидек: “Одам бола­си­нинг ҳаммаси ҳам хато қилади. Хато қилувчилар­нинг энг яхшилари тавба қилувчилардир” (Имом ибн Можа ривояти). Бобола­ри­миз ҳам: “Дўст куйдириб га­пирар, душман кулдириб”, деганлар. Дўстлар қаттиқ гапирсалар ҳам, уларнинг сўзлари биз учун фойдалидир. Ҳақиқий дўстларнинг сўзи дорига ўхшайди. Касал одам аччиқ дори ичишни ҳа­миша ҳам ёқтиравермайди, лекин у киши саломатлиги учун фойдалидир.

Cирларингни ва айбларингни сақлагувчи бўлсин

Дўст билан суҳбатлашиш, қайғу ва шодликлари, сирларини унга сўзлаш ҳар бир одамнинг эҳтиёжидир. Киши сирларини дўстига айтиб ором олади. Дўстимиз бизни тинглаб ёрдам қи­лувчи, ўзига ишонилган сирларни сақловчи бўли­ши керак.

 

Маъруфжон ИСМАТОВ

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Суғончи” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан