Мақолалар

Мусо алайҳиссаломни қарғаган ким?

Чоп этилди Noyabr 12, 2019 Мусо алайҳиссаломни қарғаган ким?da fikr bildirishni o'chirish

«(Эй Муҳаммад!) Оятларимизни келтирганимизда улардан чиқиб кетган (амал қилмаган) одамни шайтон (ўзига) эргаштириб олгани, натижада (у) адашганлардан бўлиб қолгани (ҳақидаги қисса)ни уларга ўқиб беринг! Агар хоҳлаганимизда,  уни улар (оятлар) сабабли (мартабасини) кўтарган бўлур эдик. Лекин у ерга ҳирс қўйди ва (нафс) ҳавосига эргашди. Унинг мисоли гўё бир итдирки, унга ҳамла қилсанг ҳам, (тилини осилтириб) ҳансирайди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам, ҳансирайверади. Бу ўша оятларимизни ёлғонга чиқарган қавм кишиларининг мисолидир. Бу қиссаларни (уларга) айтиб беринг, шояд тафаккур қилсалар!» (Аъроф сураси, 175–176-оятлар).

Бу ояти карималарнинг нозил бўлиш са­баблари ҳақи­да бир қан­ча ривоятлар бор. Ибн Масъ­уд, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Мужоҳид оятлар Балъам ибн Бауро ҳақида нозил бўлганини айтишган: «Уни Наъим деб аташган. Мусо алай­ҳиссалом замони­да яша­ган. Мусо алайҳиссалом Балъам яшайди­ган шаҳар­га юриш қил­дилар. Чунки улар кофир эди. Шунда улар Балъамдан Мусо алай­ҳиссалом ва унинг қавмига қарши дуо қили­ши­ни сўрай­ди. Чунки у дуоси қабул бў­ладиган кишилардан эди. Исми Аъзамни биларди. Балъам ундай қилишдан бош тортди. Аммо қавми уни ҳоли-жонига қўймай, ман­фур ишни қилишга ундашарди. Ниҳоят, у Мусо алайҳиссалом билан қав­ми­га қарши дуо қилди. Дуоси қабул бўлгач, ҳазрат Мусо ва қавми чўлда қолиб кетишди. Мусо алайҳиссалом: “Ё Парвардигор, нима учун бу ерда қолиб кетдик?” деб муножот қилди. Парвар­дигор: “Балъамнинг дуоси туфайли”, деди. Мусо алай­ҳиссалом: “Унинг менга қар­ши дуосини қабул қил­га­нинг каби, менинг ҳам унга қарши дуоимни қа­бул айла”, деди ва Балъамдан Исми Аъзам билан илми­ни тортиб олинишини сўра­ди. Парвардигор Балъамдан илму маърифатини олиб қўйди. Илм унинг қалби­дан худди оқ каптардек чиқиб кетди» (“Мафотиҳул ғайб”).

Абдуллоҳ ибн Амр ва Зайд ибн Асламнинг ривоятига кўра, оятлар Умайя ибн Абу Солт Сақафий ҳақидадир. У кўп китоб ўқиган ва охирзамон набийси юборилиши­ни биларди. Ўша элчи ўзи бўлишидан умидвор эди. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга нубувват берганидан ҳасад қилиб, у зотга имон келтирмади. Расулул­лоҳ алайҳиссалом у ҳақда: “Шеърлари имон келтирди, лекин қалби эмас”, деганлар. Чунки у шеърларида Аллоҳ­нинг яккалигини эътироф этар, охират, жаннат ва дўзах ҳақлигини таъкидларди.

Яна бундай ривоят ҳам бор: “Бу оят Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламни фосиқ деб атаган роҳиб Абу Омир ибн Сайфий ҳақидадир. У жоҳилият даврида роҳиб­лик қиларди. Ислом келгач, Набий алайҳиссаломга имон келтирмади ва Шомга қочди. Кетаётиб мунофиқларни “масжиди зирор”ни қуришга ташвиқ этди. Қайсар (Рум императори) олдига бориб Расулуллоҳга қарши курашда ёрдам сўради. Шу тариқа ўша ёқларда якка-ёлғиз, хору зорликда ўлиб кетди.

Қатода, Икрима ва Абу Муслимнинг таъкидлашича, оят илоҳий ҳидоят таклиф этилган ва ундан юз ўгирган ҳар бир кимса ҳақидадир.

«(Эй Муҳаммад!) Оятла­римизни келтирганимизда улардан чиқиб кетган (амал қилмаган) одамни шайтон (ўзига) эргаштириб олгани, натижада (у) адашганлардан бўлиб қолгани (ҳақидаги қисса)ни уларга ўқиб беринг!» Яъни, “Биз оятларимизни, тавҳид ва унинг далилларини баён этдик. Аммо у юз ўгириб, ўзини олиб қочди, узоқлашди”. Бу оят Аллоҳ таолонинг ягоналиги далилларини кўриб, анг­лаб турса-да, имон келтирмай, қайсарлик билан куфрида бардавом этган ҳар бир кофир ҳақидадир.

“…шайтон (ўзига) эргаштириб олган…” Яъни, шайтон уни кофир ва йўлдан озган кимсаларга эргаштириб қўйган.

Маъно аҳли бундай де­йиш­­ган: “Бу оят ҳидоят топ­гач, за­лолатга, нафсининг истак­­ларига эргашиб, дунёга мойил бўлган, шайтоннинг ўйинчоғи бўлиб қолган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам хусронга (зарарга) учрашига далилдир”.

“Агар хоҳлаганимизда, уни улар (оятлар) сабабли (мартабасини) кўтарган бўлур эдик”. Олимларимиз оятни бундай тафсир қили­шади: “Агар истаганимизда эди, бу оятлар билан уни амал қилиш мартабасига кўтарган бўлардик, шу та­риқа у солиҳ амаллари туфайли лойиқ мақомга юксаларди” (Фахриддин Розий, “Мафотиҳул ғайб”).

“Лекин у ерга ёпишиб олди”, яъни ердаги неъ­мат­ларга берилиб, ўша­ларга суянди. Ибн Аббос ро­зиял­лоҳу анҳумо оятни: “У дунё­га майл қилди”, деб таф­сир қилган. Ибн Жу­байр ва Суддий Мужоҳид раҳимаҳумуллоҳдан ривоят қилади: “Балъам ерни мас­кан тутди. Яъни, ундаги лаззатларга берилди”.

“Ва (нафс) ҳавосига эргашди”. Яъни, у Аллоҳ таоло ҳукмларига амал қилмай, ҳою ҳавасига эргашди ва залолатга ботди. Бу оят илм аҳллари учун таҳдиддир. Аллоҳ таоло бир кишига илм берганидан кейин у ҳавойи нафсига эргашиб кетса, ит даражасига тушган ҳисобланади. Аллоҳ турфа неъматлар ато этган киши ҳидоятдан юз ўгириб, нафс етовига тушса, Аллоҳдан узоқлашади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимнинг илми кўпайгани ҳолда ҳи­дояти ортмаса, (бу билан) фақат Аллоҳдан узоқла­шиши ортади”, деб огоҳлантирганлар (Фахриддин Розий, “Мафотиҳул ғайб”).

“Унинг мисоли гўё бир ит­дирки, унга ҳамла қил­санг ҳам, (тилини осилти­риб) ҳансирайди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам, ҳансирайве­ради”. Ит хоҳ қу­вилсин, хоҳ ўз ҳолига ташлансин, бир маромда ҳанси­райверади. Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ит ҳайдалса ҳам, ҳайдалмаса ҳам, тилини осилтириб ҳанси­райверади”. Қутайбий айтади: “Чарчоқ ва ташналикдан ҳар бир жон ҳарсиллайди. Фақат ит чарчаса-чарчамаса, ташна бўлса ё бўлмаса ҳам, ҳансирайверади. Аллоҳ таоло кимга динни ва илмни насиб этган бўлса ва у мол-мулк дардига тушиб, дунёга боғланиб қолса, ҳайвонларнинг энг тубанига – тилини осилтириб, ҳарсиллаб турадиган итга ўх­шаган бўлади”.

Балъам илмидан айрил­га­нидан кейин ит каби ҳан­си­райдиган бўлиб қол­ди. Мужо­ҳид раҳимаҳул­лоҳ: “Унинг мисоли гўё бир итдирки, унга ҳамла қилсанг ҳам, (ти­лини осилтириб) ҳансирай­ди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам, ҳансирайверади”. Қуръон ўқиб, унга амал қилмайди­ган­ларнинг мисоли ҳам худди шундай.

“Бу қиссаларни (уларга) айтиб беринг, шояд тафак­кур қилсалар!” Яъни, пай­ғамбарларини ёлғончига чиқарган миллатларнинг қиссаларини айтиб беринг, шояд улар бу қиссалардан ибрат олсалар.

 

Имом Қуртубий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида

Феруза СУЛАЙМОНОВА тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан