Мақолалар

Сендан бошқасини кўрмоқ истамайман

Чоп этилди Noyabr 12, 2019 Сендан бошқасини кўрмоқ истамайманda fikr bildirishni o'chirish

Подшоҳ ёки унинг хос ходимларининг ҳарамида гапи ўтадиган нуфузли одам бўлиш бошқа, шахсан подшоҳни кўриш бошқа. Бу имон билан яшаш ила эҳсон билан яшаш орасидаги фарққа мисолдир.

Имон билан яшашнинг аломати Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлгандан кейин тирилишга, қадарга, яъни яхшилик ва ёмонликнинг Аллоҳдан эканига ишонишдир. Бундай бир кишининг Ҳаққа таъзим мартабасида бир уйи борки, бу уйда у халқдан яширинади, халқ ҳам ундан хотиржам бўлади. Ёки фаришталарнинг яқинида бир уйи бор. Бу орқали у инсонлар, пари ва шайтонлардан муҳофаза остида бўлади, улар ҳам бу одамдан сақланишади. Ёки китобий (Қуръоний) фармон, тақиқ, ваъд ва таҳдид бўстону боғларида бир маскани бордир. У ерда дўсту душмандан, дўсту душман ҳам ундан хотиржам бўлади. Ёхуд набий ва расулларнинг оёғи билан юради, токи инсон ва жинларнинг бўйинтуруғидан халос бўлади. Ё қиёмат хавфида бир хонаси бордирки, ўзи ва халқи тўғрисида парвоси бўлмайди, инсонлар ундан, у эса ҳамма нарсадан хотиржам бўлади. Ёки қазою қадар гирдобида сузади, Китоб, суннат, тариқат, маслаклар, санъат, илмлар ва маърифат ундан хотиржам, у ҳам улардан хотиржам бўлади.

Ҳар қандай эмин-хотиржам киши султон ва подшоҳнинг душманларидан муҳофаза остида эмас. Ҳар қандай хотиржам киши подшоҳга яқин суҳбатдош ва ҳамроҳ ҳам бўла олмайди. Бу имон билан яшайдиган одамнинг сифатидир. Имонла ҳаёт кечирмоқ ҳар қанча юксак бир мартаба бўлгани билан, эҳсон билан яшаш самоларининг замини-тупроғи кабидир (яъни, ундан паст мартабададир). Чунки эҳсон билан тирик бўлган киши мусулмондир ва эмин-ишончли киши бўлиб, у мушоҳада аҳлидандир.

Эҳсоннинг устунлигини ифодаловчи яна бир хусус шундай: исломий ҳаётнинг моҳияти-ўзаги бўлган амаллар ва зикрлар тартибли бўлиб, улар банданинг феълидир. Имоний ҳаётнинг асоси бўлган афкор-тушунчалар эса қоришиқ бўлиб, Ҳақ элчиларининг (илҳомини) кўришдир. Бу мартабанинг охирги нуқтаси дунёвий орзулардан ва халқнинг фитнасидан қутулмоқдир. Бу эса баъзан илоҳий, баъзан малакий, баъзан китобий, баъзан русулий, баъзан охиратда тирилиш ёки қазою кадарга оид бир илҳом ва тафаккур соясида эришилади.

Имон билан тирик бўлган банданинг тафаккури Ҳақ таоло бўлгач, мосиводан хотиржам бўлиб, юксак бир сифатга етишур. Агар тафаккури фариш­та бўлса, махлуқотдан ва ғаддор дунёдан хотиржам бўлиб, сифати сафо бўлғай. Тафаккури Қуръони карим эрса, васвасалардан омонликка эришиб, сифати зако бўлади. Тафаккури пайғамбар бўлса, ширкка олиб борувчи сўзу ҳаракатлардан сақланиб, сифати бақоликка эришур. Тафаккури охиратда тирилиш ва ҳисоб-китоб бўлса, дунёнинг зеб-зийнатидан, ҳийлаю найрангларидан хотиржам бўлиб, унинг сифати ҳаётга айланади. Тафаккури қазою қадар бўлган киши эса бутун коинотдан хотиржам бўлиб, вафо унинг сифатига айлангай.

Эй Аллоҳнинг қули! Агар сен бу ҳолат ва сифатни эҳсон билан тирик кишининг ҳолатига қиёсласанг, жуда катта фарқ сезасан. Бу ҳолатда парокандалик ва сифатда маҳжублик (пинҳонлик) бўлади. Яхши сифатлари йироқ ва яширин ширк маконига айланади ва мавзеси пинҳон бўлади. Соф тавҳид ва холис тафридга келинг. Имон Арафотидан эҳсон уйига йўналинг. Яқинлик Муздалифасидан, миннат Миносидан, ирода рамйи[1]дан, ёниш қурбони[2]дан, муҳаббат тароши[3]дан чиқиб “эҳсон Каъбаси”ни тавоф этинг. Чунки эҳсон Каъбасини тавоф этишда тафрика-ажралиш йўқ. Ҳақдан яширинлик ёки ғийбат ҳолида ҳам парокандалик йўқ, маҳжублик йўқ. Эҳсон мартабасида яширин ширк ҳам йўқ. Барча сўзлар “Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қил”дан иборат бўлади. Бу мақом ваҳдониятда истиғроқ, фардоният – Ҳақнинг бирлигида ҳалок бўлиш ва улуҳиятда ёнишдир.

Эҳсон билан яшаган банда эҳсон уйининг ва­зифаларини шоҳидият фариштасида, мамлакат китобида, ҳикмат элчиларида, азамат тирилишида, салтанатнинг қазою қадарида, машийят-илоҳий ироданинг карамида ва қудратнинг яратилишида кўради. Қаерга қараса (Аллоҳнинг) улуғлик ва иззатини мушоҳада этади. Бада­ний амалларда яхшилик, қалбий тушунчаларда ка­ромат кўради. Сир тили билан сирдошга айтадики:

Сенинг юзингни кўрдим-у, сендан бошқасини

кўрмадим,

Бир қанча махлуқ рўпара келди, сендан бошқасини

кўрмадим.

Макон аёндир, мен сендан бошқасини билмайман,

Замон аёндир, мен сендан бошқасини билмайман.

Кўзим мингтага айланиб, сени кўрмоқчи бўлса,

бошқалардан тўсаман,

Сендан бошқасини кўрмок истамайман.

Сенинг сўзингни эшитишда кулоғим ўткирдир,

Сендан бошқасининг хитобини тинглашда эса

қулоғим кардир.

Мадҳингни айтишда тилим фасоҳатлидир,

Сендан бошқасини мақташда эса тилим

ожиздир.

Сенинг висол наргисингни ҳидлашда руҳим

тирикдир,

Сендан бошқасининг висолини ҳидлашда эса

ўликдир.

 

[1] Ҳажда шайтонга тош отиш амали.

[2] Ҳажда қурбон сўйиш амали.

[3] Ҳажда соч ва бош тарошлаш амали.

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг

“Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 12000 сўм