Мақолалар

Хожа Ориф Ревгарий

Чоп этилди Noyabr 13, 2019 Хожа Ориф Ревгарийda fikr bildirishni o'chirish

Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) туғилган йиллари аниқ эмас[1]. Милодий 1237–38 (ҳижрий 635) йилларда Ревгарда вафот этган[2]. Асл исмлари маълум эмас[3].

Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ўрта бўйли, ой юзли, кўзлари катта-катта, қошлари ҳилолдек ва ингичка, қизғишранг эди. Вужудидан хушбўй ҳид тараларди. Улуғ валийлардан бўлиб, илм, ҳилм, зуҳд, тақво, риёзат ва ибодат аҳли эди. У киши кўпинча катта оқ салла ўраб юрарди.

Хожагон – нақшбандия тариқати силсиласидаги ўн биринчи бўғин шайхи, Бухорои шарифнинг етти пирларидан иккинчиси бўлиб, унинг тўлиқ исми Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийдир. Ориф Ревгарий устози Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг тўртинчи халифасидир. Ревгарий қишлоғи Бухородан 36-38 чақирим масофада жойлашган. Бу манзил Шофиркон шаҳридадир.

Фахриддин Али Сафий (1463–1503) ўзининг “Рашоҳату айнил ҳаёт” [4]номли асарида Хожа Ориф Ревгарийни Бухоронинг Ревгар даҳасидан эканини, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг суюкли шогирдларидан бири бўлганини ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389) у ҳақида ҳурмат билан сўзлаганини эслатиб ўтади: “Хожа Ориф Ревгарий Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаддасаллоҳу таъоло сирраҳунинг хулафоларидин тўртинчи халифа турурлар. Мавлид ва мадфанлари Ревгардирким, Бухоронинг даҳаларидин бир даҳа турур, шаҳардин олти фарсах ерда. У ердин то Ғиждувонгача бир шаръий фарсах турур”. Мазкур асарда яна таъкидланадики: “Ҳазрати Хожа Баҳоуддин қуддиса сирруҳуни силсилайи нисбатлари ва иродатлари Хожа Абдулхолиқнинг хулафолари аросидин хизмати Хожа Ориф қуддиса сирруҳуға етушур”.

Хожа Ориф йигирма ёшлар атрофида илм ўрганиш ва мадрасада ўқиш учун Бухорога келади. “Мақомоти Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Орифи Ревгарий” асарида ривоят қилинишича, Ревгарий болалигиданоқ Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг хизматини қила бошлаган. Мадрасада ўқиб юрган пайтида бир қассобнинг дўкони олдида ўша даврнинг улуғ зотларидан Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларини кўради, салобат ва файзидан таъсирланиб кетади ва “Ҳазрат! Ижозат берсангиз, қўлингиздаги нарсаларни мен кўтариб, сизга ёрдамлашай”, дейди. Ғиждувоний ҳазратлари рози бўлиб: “Майли, болам, олақол. Бизникига қадар бирга кетамиз”, деб жавоб беради.

Ўша кундан эътиборан Ғиждувоний ҳазратларининг ҳайбат ва камолини асирига айланиб, ул зотга шогирд тушади. Ул зот хонақосида зоҳирий илмларни тарк этиб, ботиний оламнинг кашф ва асрорини қўлга киритиш учун сайру сулукда юра бошлайди. Ғиждувоний ҳазратларининг ёнида сайру сулукда давом этган Ориф Ревгарий қисқа фурсатда пири томонидан асос солинган тамойилларни тўлиқ эгаллаб, энг илғор муридларидан бирига айланади. Аммо ишнинг ботиний тарафи Аллоҳга ҳавола қилинади. Улуғлиги ва хокисорлиги туфайли Аллоҳ амри билан бу муриднинг номи чор атрофга ёйилади, Ясси элларига қадар етади.

Муаллим қилган ишининг талабасига аён бўлганидан уялиб кетиб тавба қилади, кечирим сўрайди. Сўнгра у билан бирга бориб, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларига мурид бўлади.

Ориф Ревгарий Абдулхолиқ Ғиждувоний вафотларидан кейин тасаввуфнинг Хожагон тариқатини бошқарди, шоҳу-гадо унинг ҳузурига югурди ва эл уни “Моҳитобон” (зулматни ёритувчи ой) деб атай бошлади. Пайғамбаримиз (с. а. в)нинг суннатига эргашишда жуда талабчанлиги боис, юксак даражага етган эди. Абдулхолиқ Ғиждувоний вафотидан кейин унинг йўлини давом эттиришда самимий ихлос ва ғайрат кўрсатган. Шунинг учун ўзидан тўрт авлод кейин келадиган Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари улар изидан бориб, руҳониятларидан файз олиб, дунёга машҳур бўлганлар.

Ревгарий Қуръони карим ва Пайғамбаримиз суннатларига муҳаббатни бутун Туркистон диёрига ёйишга интилиши билан у ҳақли равишда “Турк машойихининг улуғларидан” деган ном олган. Ғиждувоний ҳазратлари каби у ҳам илм, ирфон, Қуръон ва суннатга асосланган тасаввуфий таълимотини Бухоро, Ғиждувондан бошлаб бутун турку тожик элларга ёйишга ҳаракат қилган.

Ориф Ревгарийнинг бизгача маълум бўлган ягона асари “Орифнома”дир. Бу асарда илк сўфийларнинг фикр-қарашлари билан бирга, устози Абдулхолиқ Ғиждувоний билан боғлиқ манқабалар ҳам ўрин олган. Ориф Ревгарий ҳазратлари бу китоби орқали соликларга ва китобхонларга насиҳат қилади. Муҳаммад Толибнинг “Матлаб ут-толибин” асарида Хожа Орифнинг “Тадбирга боғлиқ, тақдирга мункир киши дўзахий, илоҳий тақдирга таслим бўлган киши эса жаннатийдир”, деган сўзлари қайд этилган.

1993 йилда Баҳовуддин Нақшбанднинг 675 йиллигига бағишлаб республикамизда ўтказилган улкан халқаро йиғин муносабати билан Ревгарий ҳазратларининг ёзган “Орифнома” асарининг қўлёзмасини покистонлик нақшбандшунослар Бухоро олимларига совға қилишади. Бу асар Хожа Наъим деган кишининг илтимоси билан Ориф Ревгарий томонидан 622 ҳижрий (1225 мелодий) йилда, форс тилида Нур қасабасида ёзилган экан[5].

Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул “Хожа Ориф Моҳтобон” эссесида Моҳтобон ҳазратларининг ўз пири бузругворидан эшитган бир ҳикоясини келтиради: “Ҳорун ар-Рашид замонасида нуфузли бир амалдор бор экан. У ҳар куни Хизр(а. с) билан кўришиб суҳбатлашар экан. Бир кун шу киши ўз ишига истеъфо берибди. Ва зоҳид бўлиб, инсонлардан бир четда тоат-ибодатга шўнғибди. Лекин унинг Хизр билан учрашиши ҳам тўхтабди, яъни Хизр (а. с) унинг ҳузурига келмай қўйибди. Шу тарзда кунлар кетидан кунлар, йиллар кетидан йиллар ўтаверибди. Зоҳид эса тундан тонгга қадар Оллоҳга ёлвориб, кўз ёшларини оқизиб, тавба-тазарру этишдан тўхтамабди. Ниҳоят бир кеча тушига Хизр (а. с) киргач, у ёлвориб дебди: “Эй вафоли дўст! Мен сен билан доимий тарзда суҳбат қурмоқ мақсадида дунё ишларига этак силкитдим. Узлатга чекиниб, танҳоликда ибодатга киришдим. Сен эса дийдорингни дариғ тутдинг. Нечун бундай бўлди?” Хизр(а. с) дебди: “Эй рафиқ! Менинг сен ила кўришиб, суҳбатлашувимнинг боиси: қилаётган ибодатлар, хайр ҳасанот учун эмасдур. Балки ўша масъул вазифада мусулмонларнинг ишларини ҳақ ва адолат билан бажо келтирганинг учун эди. Сен ўзингни шахсий камолотинг учун бир гўшага чекиндинг. Ўз маънавий манфаатингни кўпчилик манфаатидан устун қўйдинг. Энди сенинг ўрнингни эгаллаган адолатсиз кимса мўмин-мусулмонларга зулм ва ношаърий машруъ ишлар билан алам ва азоб етказмоқдалар. Шу кунларда улар ранж ва кадар оғушидадирлар. Буларнинг барига сен сабаб бўлдинг! Шуни билгинки, сенинг шахсий манфаатинг мусулмон қардошларингнинг умумий манфаатлари олдида юксак бир қимматга эга эмасдир. Чунки узлатга кириб, рўза тутиб, намоз ўқиб, зикр айлашни ҳамма ҳам адо этмоғи мумкин. Бироқ халққа холис, юксак маърифат ва диёнат мақомида хизмат кўрсатишни ҳамма ҳам уддалай олмас!”…

Мазкур рисолада машҳур авлиё аёл Робияи Адавия (713-891) ҳаётидан ҳам ажойиб бир ҳикоя келтирилган: “Робияи Адавия Ҳасан Басрий (р. а)нинг асрдоши эди. Ул Ҳасан Басрийга уч нимарсани юборди: булар мум (шамъ), игна ва соч толаси эди. Аҳли ҳикмат бу воқеани шундоқ шарҳ қилурлар: мум каби мулойим бўл ва ўзинг ёниб оламни мунаввар айла! Ва игна каби ўзинг яланғоч қолиб бўлса-да, ўзгаларни кийинтир ва бир-бировларига пайванд эт! Ва Оллоҳ таолога олиб борувчи йўл худи соч толасидек нозик ва ингичкадурким, тойиб йиқилишдан ҳушёр бўл!”

“Орифнома” асарида Хожаи Жаҳон фикрларига тўлиқ мос келган фикрларни ўқиймиз: “Айюҳал ориф! Пок ва эътиқодли бўл. Зероки қора юрак, чиркин кўнгул бутун аъзойи баданни палид(ҳаром) қилгай. Ахир, Оллоҳнинг бизни қабул этиши ё этмаслиги айни шу кўнгул туфайли-ку”.

Мўъмин – мусулмон киши дунё деб охиратни, охират деб дунёни тарк этмаслиги керак. Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳис – салоту вассалом дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни сўраб дуо қилдилар. Тасаввуф аҳли ҳам шу йўлдан борганлар. Шунинг учун ҳам Моҳтобон ҳазратлари хожагон тариқатига кирган толибларга ва умуман тасаввуф йўлига ўзларини бағишлаган сулук аҳлига мурожаат қилиб, тасаввуфий таълимотдаги узлатнинг мақсад ва моҳиятини англатади. Кўпчилик дунёдан кечиш деганда ушбу ҳаётдан бутунлай воз кечиш, ўзини мутлақо нариги дунёга бағишлаш, деб тушунади. Хожа Ориф ҳазратлари Ҳақ толибларини дунёдан юз ўгиришнинг асл маъносини тўғри англашга ундаб, дунёга алданиб қолмасликни, қалбдан дунё муҳаббатининг жой олиши эмас, балки Аллоҳ муҳаббатининг жой олиши муҳим, деб айтардилар. Яна хожамиз солик ва толибларни дунё ҳою ҳавасларига берилмасликка, нафси амморадан воз кечиб, нафсни ислоҳ қилиб, оилавий ва дунёвий ташвишларни ҳам ўз ўрнига қўйган ҳолда, Аллоҳ ёди ва ишқида бардавом ва собит ориф бўлишни тушунтириб берганлар.

 

[1] Абдулмажид Ҳоний “Адаб” китобида Ревгарийнинг туғилган йилини 1165 деб кўрсатган. Қаранг: (Абдулмажид Ҳоний. Адаб. Истанбул: 2007. 59-бет) Аммо бошқа барча муаллифлар Ревгарийнинг туғилган йили номаълум эканини  таъкидлашган.(С.С.)

[2] Хожа Ориф Ревгарийнинг вафот тарихи ҳақида турли фикрлар билдирилган. Масалан, Бадриддин Сирҳиндий 1219 -1220, Муҳаммад Толиб 1228, Дорошукуҳ ва Ғулом Сарвар Лоҳурий 1315, Садриддин Салим Бухорий 1259 йиллар деб кўрсатишган. Қаранг:  Necdat Tosun. Bahaeddin Nakshbend. Мазкур асар, 58-bet. Биз Ревгарийнинг “Орифнома” асари сўнгида келтирилган вафот тарихини асос қилиб олдик. (С.С.)

[3] Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ҳақида қаранг: Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. 10-жилд. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2011. 302-бет; Фахриддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт. Мазкур асар, 54-бет; Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Ҳоний. Адаб. Мазкур асар, 58-59-бетлар; Усмон Нурий Тўпбош. Олтин силсила. Мазкур асар, 276-279-бетлар; Садриддин Салим Бухорий. Икки юз етмиш етти пир. Мазкур асар, 128-131-бетлар; Sılsıla-ı hocegan. Istanbul: Мазкур асар, s.175-181; Altin halkalar. Мазкур асар, 179-183; Сайфиддин Сайфуллоҳ. Буюклар ҳалқаси. Мазкур асар, 25-29-бетлар; Хожа Ориф ар-Ревгарий. Орифнома. Тошкент: Наврўз, 1994; Necdat Tosun. Bahaeddin Nakshbend. Мазкур асар, 57-58-betlar.

[4] Бундан кейин бу асарни “Рашаҳот” деб саҳифасини кўрсатамиз. (С.С.)

[5] Бу рисола Садриддин Салим Бухорий ва Исроил Субҳонийлар тарафидан таржима этилиб, 1993 йил Тошкентда “Наврўз” нашриётида чоп этилган.

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ

филология фанлари номзоди

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан