Мақолалар

Виждон азобида қолмайлик

Чоп этилди Yanvar 26, 2019 Виждон азобида қолмайликda fikr bildirishni o'chirish

Одам тафтини одам олади. Яқинда бир ҳамшаҳарим ўз хатолари бошқаларга ибрат бўлишини истаб, дардини менга очди:

“Раҳматли отам биз – икки ака-укага алоҳида-алоҳида ҳовли қилиб берганлар. Мен тижорат билан шуғулланиб, тез орада уй-жойимни замонавий услубда таъмирладим, қимматбаҳо автоулов ҳам олдим.  Қурилишда оддий ғишт терувчи бўлиб ишлайдиган акамнинг топганлари асосан рўзғор тебратишга кетарди. Бир маҳаллада яшасак-да, акамни тўй-маъракада учратардим, холос. Атайлаб уйларига бориб дийдорлашмасдим, сабаби, мендан қарз сўрашларидан чўчирдим. Акам катта қизларини узатганда, меҳмонлар қатори бордим, тўёна бермадим. Иккита ўғил жиянларим мактабда аъло баҳоларга ўқишган бўлса-да, олий ўқув юртига ҳужжат топширишмади. Чунки контракт асосида ўқишга тўғри келса, бунга имконлари йўқ эди. Улар ўқиш ва уйланиш харажатларини ишлаб топиш учун давлат ташкилотининг ҳужжати билан чет элга ишга кетишди.

Бу орада менинг ишларим яна ҳам ривожланиб, хусусий фирмамни очдим. Бегоналарни иш билан таъминлаб, ўз жигарларим бошини силамадим. Умрлари оғир меҳнат билан ўтган акам бирор марта ҳам мендан моддий ёрдам сўрамадилар. Бу ҳолат менга айни муддао эди.

Кейин акам тез-тез касал бўладиган бўлиб қолди. Бу тўғрида хотиним қўшнилардан хабар топарди. Мен эса ўзимни билмасликка олардим. Дардлари тобора оғирлашди. Ўша пайтда маҳаллий шифокорлар акамни чет элда – Ҳиндистонда жарроҳлик муолажаси билан даволатиш мумкинлигини айтишибди. Жиянларимнинг топганлари чет юртга бориш-келиш йўлкирасию яна муолажаларга тўлашга етмаслиги аниқ эди. Мендан пул сўрашларидан ҳадиксираб, оилам билан чет элдаги оромгоҳга жўнаб кетдим. Биз у ерда сайру саёҳатда юрганимизда, акам оламдан ўтди. Жиянларим тезда уйга қайтишиб, оталарини ҳурмат билан охирги йўлга кузатиб, маъракаларини ҳам ўтказишибди.

Дам олишдан қайтганимиздан кейин акамнинг уйига бирров кириб чиқдим. Бир куни кечки пайт уйимда ўзимга ўхшаган меҳмонларни зиёфат қилаётгандим. Хотиним мени чақириб, ташқарида жияним сўраб келганини айтди. Мен эса нозик меҳмонлар билан бандлигимни баҳона қилиб, ёнига чиқмадим. Сабаби, мендан пул сўраб қолишлари мумкинлигидан ҳамон ҳадикда эдим.

Кейин хотиним қўлимга бир конверт тутқазди, жияним қолдириб кетган экан. Очиб қарасам, акам мени елкаларига кўтариб тушган болалик суратимиз (мен роппа-роса ўн ёш кичик эдим) ҳамда икки энлик мактуб: «Укажон, раҳматли ота-онам “Ягона жигарингга ўзинг ота-оналик қил, яхши-ёмон кунларида доим ҳолидан хабар ол”, деб сени менга омонат қолдириб кетган эдилар. Мен қўлим калталиги сабабли сенга ёрдам бера олмадим. Энди сени ёлғиз Аллоҳга омонат қолдириб кетяпман. Ота-онамизнинг руҳлари рози бўлсин. Сени ҳар куни беш маҳал намозларимда дуо қилдим».

Ўша лаҳзаларда бошимдан гўё қайноқ сув тўкилгандек бўлди. Бойиб кетишим, тўкину фаровон яшашимга акамнинг дуолари ҳам сабабчи бўлган экан-да! Ўша кундан буён руҳан эзиламан, ичимда туганмас бир азоб… Энди уйимдаги барча ҳашамлар, тўкинликлар кўзимга ўтдек кўринади. Яқинда бир амри маъруфда домланинг қариндош-уруғчилик ҳақлари ҳақидаги маърузасини эшитганимдан буён (аслида, олдин ҳам кўп эшитганман-у, бепарво эдим) дардим дунёга сиғмай қолди: “Қиёмат куни аҳволим нима бўлади?”

Мен суҳбатдошимнинг айтганларини орттирганим ҳам, камайтирганим ҳам йўқ. Аллоҳ ҳаммамизни гуноҳлардан асрасин, тавба қилганларга раҳм этсин. Аввало бу дунё давлатига маҳлиёлик сабаб икки дунёмизни бой беришдан асрасин.

Анвар ҒУЛОМОВ,

Самарқанд шаҳри

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 1-сонидан