Мақолалар

Арктика музлари шунчалар тез эрияптими ёхуд инсоният яна бир мослашув жараёнидами?

Чоп этилди Noyabr 12, 2019 Арктика музлари шунчалар тез эрияптими ёхуд инсоният яна бир мослашув жараёнидами?da fikr bildirishni o'chirish

Бугунги кунда халқаро ҳамжамиятда олимлар, дипломатлар ва қутб тадқиқотчилари Арктика ҳақда қайғурмоқда. 
Арктика ернинг Шимолий қутбига туташган ягона географик минтақа бўлиб, Ероосиё ва Шимолий Америка қитъаларининг чеккаларини ва Шимолий муз океани, шунингдек, Атлантика ва Тинч океанларининг қитъага туташ қисмларини ўз ичига олади.
Иқлими совуқ ва жуда кескин бўлган Арктика қитъаси инсон яшаши учун анча ноқулай минтақа ҳисобланади. Қитъа инфратизими анча мураккаб бўлиб, ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш, алоқа тармоқларини олиб кириш катта маблағ эвазига амалга оширилади.
Қитъада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик билан шуғулланиш имкони мавжуд эмас. Ҳозирги кунда умумий аҳолиси сони 3 миллион кишига яқин бўлган минтақада маҳаллий ҳисобланмаган аҳолининг яшаб қолиши муаммодир.
Асрлар давомида қитъанинг оғир иқлим шароити халқаро майдондаги кўплаб ташаббусларни мураккаблаштирган бўлса-да, мавжуд ноқулайликларга қарамасдан бу ерда одамлар яшамоқда, йўллар, бинолар қурилиши, алоқа тармоқлари киритилиши натижасида қитъада шаҳарлар ривожланмоқда.
Аммо мавжуд тўсиқлар Узоқ Шимолга, Шимолий денгизга йўналтирилган транспорт имкониятларини очишда, хусусан, дунё газ захирасининг 30 фоизини ва нефть захирасининг 13 фоизини ташкил этган қитъа қаъридаги табиий манбалар олди-сотдисини йўлга қўйишда муаммолар пайдо қилмоқда.
XX асрларда Арктика атрофидаги давлатлар томонидан қитъадан ўз улушини олишга бўлган қизиқиш кучайди.
1920 йилга келиб, Арктика маъмурий жиҳатдан 5 давлат – Россия, Норвегия, Дания, АҚШ ва Канада ўртасида тақсимланди.
Шимолий қутб зонасининг ноёб табиатини ҳимоя қилиш мақсадида 1996 йил Финляндия ташаббуси билан Арктика кенгаши ташкил этилди.
Дунёнинг саккиз давлати – Канада, Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия, Россия, Швеция ва АҚШ кенгашга аъзоликка киритилди.
Кенгаш минтақа атроф-муҳит ҳимояси ва барқарор ривожланишини таъминлаш масалаларини атрофлича ўрганиб боради. Мавжуд муаммолар халқаро ҳамжамият миқёсида муҳокама қилинади.
Хусусан, “Исландия Арктика денгиз муҳитини, иқлими, табиий энергия ва аҳолиси муаммоларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратади”, дейди Исландия Ташқи ишлар вазирлигининг Арктика масалалари бўйича вакили Эйнар Гуннарссон жорий йилда Санкт-Петербургда ташкил этилган Арктика кенгашининг навбатдаги йиғилишида.
“Россиянинг Красноярск ўлкаси ҳудудининг деярли ярим қисми Арктика қитъасида. Қитъа иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш ўлканинг асосий мақсадларидан ҳисобланади. Минтақа иқтисодий салоҳиятини оширишда Красноярск ўлкасида етарлича имкониятлар мавжуд. Ҳудудга инсон капиталини киритиш орқали қитъа тараққиётига ҳисса қўшиш муҳим вазифаларимиздан биридир”, дейди Красноярск ўлкаси Бош вазир ўринбосари Анатолий Цикалов.
Халқаро экспертлар тахминига кўра, глобал исиш оқибатида қитъа музликларининг эриши натижасида 2040 йилларга келиб, Шимолий муз океани орқали Шимолий қутбга янги маршрутлар очилади.
Бу эса ўз навбатида Арктика туризм ва тадқиқотлар соҳасида истиқболли манзилларга айланишига замин яратади.
Қитъада яратилаётган шароит ва имкониятлардан хабардор бўла туриб, Арктикани келажакда қандай тасаввур этиш мумкин? Балки музликларнинг эриб бораётгани Арктикада одамзодни келажакда муқим яшаш шароитини яратишга ундаётгандир ёки инсониятнинг ҳар қандай шароитга мослашувчанлик билан кўника олишидан далолат ҳам деб қабул қилиш мумкин. Албатта барчасини вақт кўрсатади.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА