Мақолалар

Тавҳид пойдевори ва эътиқод қилиш тўғри бўлган нарсалар

Чоп этилди Noyabr 13, 2019 Тавҳид пойдевори ва эътиқод қилиш тўғри бўлган нарсаларda fikr bildirishni o'chirish

Мусулмон кишининг тоат-ибодатлари, эзгу амаллари қабул қилиниши учун, аввало, эътиқоди тўғри бўлиши керак. Шунинг учун барчамиз мўътабар манбаларда баён этилган ақидавий масалаларни билишимиз зарур.

Ўқувчиларнинг таклиф ва тавсиялари, устозларнинг кўрсатмалари асосида нашримизда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-фиқҳул акбар” китобидан парча бериб боришни лозим топдик.

Таҳририят

 

Банда, шубҳасиз ишонгач: «Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлгандан сўнг қайта тирилтирилишга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон келтирдим, Ҳисоб, Мезон, Жаннат ва Дўзах – ҳаммаси ҳақдир», дейиши вожиб бўлади.

– Аллоҳ бирдир. Унинг бирлиги сон жиҳатидан эмас, балки шериги йўқлиги, туғмаганлиги, туғилмаганлиги, тенги йўқлиги, махлуқларидан бирор нарсага ўхшамаслиги ва Унга махлуқларидан бирор нарсанинг ўхшамаслиги жиҳатидандир.

Аллоҳ исмлари, зотий ва феълий сифатлари билан ҳамиша бўлган ва бўлади. Тириклик, қодирлик, билиш, сўзлаш, эшитиш, кўриш, хоҳлаш Аллоҳнинг зотий сифатларидир. Яратиш, ризқ бериш, пайдо қилиш, вужудга келтириш кабилар Аллоҳнинг феълий сифатларидир. Аллоҳ ўз исми ва сифатлари билан ҳамиша бўлган ва бўлади. Аллоҳнинг бирорта исми ва сифати янги пайдо бўлмаган.

Аллоҳ ўз илми билан доимо олимдир, илм Унинг азалий сифатидир, У ўз қудрати билан доимо қодирдир, қодирлик Унинг азалий сифатидир, У ўз яратувчилиги билан доимо яратувчи, яратиш Унинг азалий сифатидир, У феъли билан доимо фоилдур, феъл Унинг азалий сифатидир. Фоил Аллоҳ таолодир, мафъул махлуқдир. Аллоҳнинг феъли махлуқ эмас. Аллоҳнинг сифатлари азалда пайдо бўлмаган, махлуқ ҳам эмасдир. Ким Аллоҳнинг сифатларини махлуқ ёки янгидан пайдо бўлган деса ёки бунга бетараф бўлса ёки Аллоҳнинг сифатларига шубҳаланса, у Аллоҳни инкор этган кофирдир.

Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир. Мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган. Қуръонни талаффуз қилишимиз, уни ёзишимиз ва ўқишимиз махлуқдир. Қуръон махлуқ эмас.

Қуръонда Мусо ва ундан бошқа пайғамбарлар алайҳимуссалом ва Фиръавн ва Иблис ҳақида зикр этилганларнинг барчаси улар ҳақидаги Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмас. Мусо алайҳиссалом ва ундан бошқа махлуқларнинг сўзлари махлуқдир. Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир, уларнинг каломи эмасдир.

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг каломини эшитганлар. Чунки Аллоҳ таоло: «Аллоҳ Мусога гапирди…» деб марҳамат этди (Нисо сураси, 164-оят). Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга гапиришидан олдин ҳам азалдан сўзлагувчидир, махлуқотларни яратишидан олдин ҳам азалдан яратувчидир. Аллоҳ таолога ўхшаш йўқ. У эшитувчи ва кўрувчидир.

Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга сўзлаганда унга Ўзининг азалдан сифати бўлган каломи билан сўзлади. Аллоҳнинг ҳамма сифатлари махлуқларнинг сифатларига ўхшамайди. Аллоҳ таоло билади, билиши бизнинг билишимизга ўхшамайди. Аллоҳ таоло қодирдир, қудрати бизнинг қудратимизга ўхшамайди. Аллоҳ таоло кўради, кўриши бизнинг кўришимизга ўхшамайди. Аллоҳ таоло эшитади, Унинг эшитиши бизнинг эшитишимизга ўхшамайди. Аллоҳ таоло сўзлайди, сўзлаши бизнинг сўзлашимизга ўхшамайди. Биз воситалар (аъзолар) ва ҳарфлар ёрдамида сўзлаймиз. Аллоҳ таоло восита ва ҳарфларсиз сўзлайди. Ҳарфлар махлуқдир. Аллоҳнинг каломи  махлуқ эмасдир.

(Давоми бор)

 “Ал-фиқҳул акбар”

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан