Мақолалар

МАВЛАВИЙ ҒУЛОМ САРВАР ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДА

Чоп этилди Noyabr 13, 2019 МАВЛАВИЙ ҒУЛОМ САРВАР ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

«Хазинат ул-асфиё» («Мусаффо кишилар хазинаси») асари Мавлавий Ғулом Сарвар ибн  муфтий Ғулом Муҳаммад Лоҳурий қаламига  мансуб форсий тилда ёзилган ва икки жилддан иборат асардир.

Унда Қодирия, Чиштия, Нақшбандия, Мужад­дадия каби тариқатларга мансуб 712 нафар шайхнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Асар 1902 йили Конпурда тошбосма усулида нашр этилган.

Асарнинг тўртинчи махзани (боби) нақшбандия тариқатига бағишланган. Муаллиф сўзни Салмони Форсий (розияллоҳу анҳу)дан бошлайди. Унда Ҳамадоний, унинг тўрт халифаси: Баррақий, Андоқий, Яссавий ва Ғиждувонийлар, сўнг Ғиждувоний халифалари, Нақшбанд ва унинг халифалари ҳақида баён қилинган. Муаллиф негадир Яссавия тариқатининг вакилларини ҳам Нақшбандияга қўшиб юборган. Ушбу асарда Али Сафийнинг «Рашаҳот» китобидан кенг фойдаланилган. Қуйида Ғиждувоний ҳақидаги маълумотлардан намуна берилади.

 

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Хожа Абу Юсуф Ҳамадонийнинг улуғ халифаларидан биридир. Хожагони Нақшбандия ҳалқасининг асосчиси эди. Туғилган ери Ғиждувондан 6 фарсах (36 км) узоқликда жойлашган. Отасининг исми Абдижамил бўлиб, унинг насаби бир неча бўғин орқали имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ)га бориб тақалади. Солиҳа онаси Рум подшоҳлари авлодларидан бўлган. Отаси Абдулжамил билан Хизр (алайҳиссалом) ўртасида муҳаббат ва биродарлик риштаси бор эди. Онаси Хожага ҳомиладор бўлгач, Хизр (алайҳиссалом) отасига солиҳ ўғил туғилишини башорат қилган ва туғилмасидан аввал отини Абдулхолиқ қўйди. Хожа туғилмасидан аввал отаси замона зайлига кўра, ўз яқинлари билан Рум диёридан чиқишга мажбур бўлди. Аввал Мовароуннаҳрга келиб, Бухорода қўним топдилар ва Хожа Абдулхолиқ Бухорода таваллуд топдилар[1]. Шайх 575/1179 йили вафот этган, қабри Ғиждувондадир.

 

Муаллифдан:

Абдихолиқ Ғиждувоний шайхи Ҳақ,

Рафт аз дунё ба фирдавси барин.

Иртиҳолаш «офтоби комил» аст,

Ҳам бифармо «матлаъи нури яқин».

Боз маҳбуби набиййи мужтабо,

Низ «тожи авлиё муҳдийи дин».

(Абдухолиқ Ғиждувоний Ҳақ шайхидир, Дунёдан жаннатга кетди. Вафоти “офтоби комил”дир. Ҳам “матлаъи нури яқин”. Ана “маҳбуби набиййи мужтабо”, яна “тожи авлиё маҳдийи дин”дир.

«Офтоби комил» (“комил қуёш”), “Матлаъи нури яқин” (ишонч нурининг чиқиш жойи),
«Маҳбуби набиййи мужтабо» (маҳбуб, сайланган (танланган) пайғамбар) ва «Тож ул-авлиё, муҳдийи дин» (авлиёлар тожи ва динга ҳидоят қилувчи) жумлаларининг барчасидан абжад ҳисоби бўйича 575/1179 йил чиқади.

Демак, «Хазинат ул-асфиё» китобининг муаллифи кейинги асрларда яшаган бўлиб, ўзи кўрган китоблардан шу санани топиб, қитъага айлантирган. Бошқа китобларда Ғиждувонийнинг вафоти 617–618 (1218–1220) экани ёзилган ва тўғриси ҳам шудир. Чунки Ғиждувонийнинг пири Абу Юсуф Ҳамадоний 535/1140 йилда вафот этган. Абу Юсуф Ҳамадонийдан сўнг Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, сўнгра Абдулхолиқ Ғиждувоний пирлик қилганини инобатга олсак, Ғиждувоний пиридан сўнг узоқ вақт ҳаёт бўлган. Чунончи, Андоқий 552/1157 йилда, Аҳмад Яссавий 562/1166 йилда вафот этганлар. Уларнинг вафотидан сўнг Ғиждувоний иршод мақомига ўтирган бўлиши керак. Бундан ташқари, Ғиждувоний “Соҳибийя” рисоласининг икки жойида 600/ 1203 йил санасини тилга олади. Демак, у 600 йиллари ҳам тирик бўлган.

[1] Муаллиф шу жойдан бошлаб “Рашаҳот”даги маълумотларни келтиради.

 

 

 

 

Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙнинг

“Мақомати Юсуф Ҳамадоний” (Рисолаи соҳибия) “Васиятнома” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 11500 сўм