Мақолалар

Мусулмон фитналардан сақланиши лозим

Чоп этилди Noyabr 14, 2019 Мусулмон фитналардан сақланиши лозимda fikr bildirishni o'chirish

Динимиз одамлар орасида фитна ва ихтилоф чиқаришдан, бир-бирига қарши гиж-гижлашдан, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилишдан қайтаради.

Мадина шаҳрида яшаган Авс ва Хазраж қабилалари доим бир-бири билан адоват қиларди. Ислом келганидан кейин улар дўст-биродар бўлиб яшай бошладилар. Уларнинг бу дўстлигини кўра олмаганлар уларга қизғин жанг бўлган “Буос” кунини эслатди. Ўша кунги жанглар, қаҳрамонликлардан бошланган гап, низога айланиб, охири икки қабила ўзаро жанг қилмоқчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу воқеанинг хабари етгач, асҳоблари ҳамроҳлигида улар ёнига чиқиб бордилар. Тўпланиб туришган жойга етиб боргач: “Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқсангиз бўлмайдими?! Мен ҳали орангизда бўла туриб сизлар жоҳилият чақириқларига чорлайсизми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоятлаб қўйганидан ва у билан сизларни мукаррам қилганидан, у сабабли сизлардан барча жоҳилият ишларини узиб ташлаганидан, у сабабли сизларни куфрдан қутқариб, дилларингизни бир-бирига ошно қилганидан сўнг-а?!” дедилар.

Шунда душман макрига алданиб қолганлигини англаб етган иккала қабила аъзолари қучоқлашиб, бир-бирларидан кечирим сўрадилар (“Ас-Сийратун набавия” китобидан).

Мусулмонлар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар пайдо қилиш, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят).

Мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлади. Шу боисдан ҳам фитнанинг қотилликдан гуноҳи каттадир.

Маълумотларга кўра, ўтган йилларда терроризм балосидан энг кўп азият чеккан дунёнинг 10 та ўлкасидан 8 таси мусулмон мамлакатлар экани аниқланган. У ерларда мусулмон мусулмоннинг қонини тўкмоқда, ўлдирмоқда. Ўлдираётган нима учун ўлдирмоқда, ўлдирилган нима учун қатл қилингани сўралса, тайинли жавоб йўқ, ҳеч бири билмайди.

Мусулмонларнинг бошига турли кулфатларни ёғдирган “ИШИД” террорчи ташкилоти ҳам замонамизнинг ана шундай фитналаридан биридир. Бинобарин, машъум ташкилот сабаб 13 миллиондан ошиқ тинч аҳоли ўз уйини ташлаб, қочоқликка маҳкум бўлди. Миллионлаб ёшлар мактабга боролмай қолди. Қанчадан-қанча аёллар бева, норасида гўдаклар эса етим қолди. Обод юртлар хонавайрон бўлди… Фикр, мушоҳада қилган киши борки, бу фитналар мусулмонлар бошига фақат кулфат ва аччиқ азоб келтиришини англаб етади. Шундан кейин ҳам баъзи ёшларнинг “жиҳод” қиламан деб, ўзини олов домига ташлаши, мусулмонларга қарши қурол кўтаришини қандай тушуниш мумкин?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Диққат қилинса, фитна ҳақидаги ҳадисларда унга аралашмаслик, ўзини четга олиш тавсия қилинади. Юқоридаги ҳадиси шарифда келган “Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига тортади” жумласининг тасдиғини ҳам ҳаётда кўрдик. “ИШИД” террорчи ташкилоти ёки жиҳодий жамоалар даъватчиларининг тарғиботини мунтазам эшитиб юрган кўпчилик ёшлар, минг афсуски, унинг тўрига илиниб қолдилар.

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси фитна урчимаслигига ҳаракат қилиши, фитначиларнинг кирдикорларига қарши туриши керак.

Яна бир катта фитна мусулмонлар орасида эътиқодий ва фиқҳий масалаларда ихтилофлар чиқаришдир. Қуръони каримда баъзи кишилар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига кўра маъно бериш учун муташобиҳ оятларни ўзларига дастак қилиб олиши хабар берилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур…(Оли Имрон сураси, 7-оят).

Ҳозирги кунимизда ҳам одамлар орасига турли ихтилоф уруғларни сочаётган кишилар асосан муташобиҳ оятларни ўзларига далил қиладилар. Минг йиллардан бери амал қилинаётган мазҳабларни ташлаб, мазҳабсизликка даъват этадилар.

Бундай фитнадан сақланишнинг йўли, ислом уммати қабул қилган, тўғрилигига ижмо қилган фиқҳий мазҳабларга амал қилишдир.

Ихтилоф ва фитнадан қочишнинг яна бир чораси, билмаган нарсаларини ишончли, мазҳабни маҳкам тутган аҳли сунна олимларидан сўраб олишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “… Билимсизликнинг давоси сўрашдир”, – дедилар.

Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз уларнинг фитналарига алданмаслигимиз керак. Фитналарнинг нечоғли зарарли, ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётда кўрдик. Бу хатони такрорлашга асло ҳаққимиз йўқ.

Халқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам ҳаётимизга шукр қилишни тарғиб қилишимиз керак.

Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик бўлади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чиқармай қўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.

Аллоҳ таоло жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётини бардавом қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан