Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 14, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

САВОЛ: Намозда қўллар боғлан­ганида, албатта, бир-бирига тегиб туриши шартми? Кўйлак ёки тўннинг енги устидан қўл боғласа ҳам бўладими?

ЖАВОБ: Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Намозхон намозда ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб (киндиги остида) тутиб туриши суннатдандир”, деганлар. Машойихлар унинг тартиби бундай дейишган: ўнг қўл кафтининг ич қисми чап қўл кафти устига қўйилади ҳамда бош ва жимжилоғи билан чап қўлнинг бўғими ушланади (“Раддул муҳтор”). Демак, кўйлак ва тўн енги устидан қўл “боғлаш” суннатга хилофдир.

 

САВОЛ: Имомга иқтидо қилган киши намозда имом билан бирга қироат қиладими?

ЖАВОБ: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Имом хоҳ махфий, хоҳ жаҳрий ўқисин, унинг қироати сенга кифоя қилади” (Имом Дорақутний, “Сунан”). Имомга иқтидо қилган киши қироат қилмайди. Намоз қироати хоҳ жаҳрий (шом, хуфтон, бомдод), хоҳ махфий (пешин, аср) бўлсин, имомнинг қироати иқтидо қилувчилар учун кифоядир.

 

САВОЛ: 65 ёшдаман, белимдан оғир тиббий амалиёт ўтказдим. Умурт­қам силжиб, белим металл мослама билан маҳкамланган. Ҳозир намозларни ўтирган ҳолда ўқияпман. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Бемор тик туришга кучи етмаса, намозни ўтириб руку ва сажда қилиб ўқийди (“Ҳидоя”). Шунингдек, киши тик турса касалининг ортишидан қўрқса ёки соғайишининг кечикиш хавфи бўлса ёхуд боши айланса, намозини ўтириб ўқийди (“Табйин”).

Киши бироз муддат туришга қодир бўлса, кучи етганича туриб намоз ўқиши лозим. Мисол учун, бир киши фақат такбири таҳрима айтиш миқдорича тик туришга кучи етса, у такбири таҳримани тик туриб айтиши шарт. Сўнг намознинг қолган рукнларини ўтириб адо этади. Шамсулаимма Ҳалвоний: “Кимки ундай қилмаса, унинг намози қабул бўлмай қолишидан қўрқаман”, деган (“Хулоса”).

Шунингдек, бир кишига ёки нарсага таяниб тик туришга қодир одам намозни таяниб тик туриб адо этиши керак (“Фатовойи Оламгирия”).

 

САВОЛ: Мендан 76 ёшли аммам қарз олгандилар. Аммо кексалик сабаблими, мендан пул олганларини эслай олмаяптилар. Мен пулни гувоҳлар иштирокида берган эдим. Шу масалада ўртамизда бироз дилхиралик бўлиб турибди. Қандай йўл тутишимни маслаҳат берасиз?

ЖАВОБ: Аммангизга: “Сизга фалон кишилар ҳузурида қарз берган эдим”, деб мулойимлик билан тушунтиринг. Борди-ю кексалик сабабли берган қарзингизни эслолмасалар ёки шароитингиз кўтарса, қарзингиздан кечсангиз, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаган ва эҳсоннинг энг афзалини қилган бўласиз. Зарра миқдорича яхшиликни ҳам мукофотсиз қолдирмайдиган Парвардигори олам, шубҳасиз, бу мурувватингизни муносиб тақдирлайди – ўша маб­лағингизни камида бирига ўн баробар қилиб қайтаради ва икки дунёда ҳам даражангизни баланд қилади, иншоаллоҳ.

 

САВОЛ: Бир киши вафот этса, яқин­ларидан бири унинг қарзларини бўйнига олганидан кейин жаноза намози ўқилади. Яқинда бир қўшним вафот этди. Қарз берган одам гувоҳлар билан қарзини сўраб келганда, марҳумнинг ўғли отам бизга бу ҳақда ҳеч нарса демаган, деб туриб олди. Шариатимизда улар қилган иш тўғрими?

ЖАВОБ: Динимизда киши оламдан ўтса, ундан қолган мулкни кафани ва дафн этишга, кейин олган қарзларини тўлашга сарфлаш белгилаб қўйилган. Сўнг ортгани меросхўрлар орасида тақсимланади (“Фатовойи Оламгирия”). Жаноза олдидан сўралганда, марҳумнинг қарзларини зиммасига олган яқини қарзини ўз ёнидан тўламайди. Ҳатто у марҳумнинг фарзанди бўлса ҳам. У ўлганнинг қарзи қолдирган молидан тўланишига масъул бўлади, холос. Шундай экан, вафот этган кишидан қолган мол дафн харажатларидан ортмай, қарзини тўлашга етмаса, яқинлари унинг қарзини ўз ёнидан тўлашга мажбур эмас. Агар тўласалар, бу улар учун фазл ва марҳум учун енгиллик бўлади.

 

САВОЛ: Уйимиз билан бир девор фермер хўжалиги бор. Ҳашаротларга қарши курашиш учун тез-тез экинларига заҳарли дори сепишади. Бунинг таъсирида кўзимиз ёшланади, бурнимиз ачишади, фарзандларимизнинг соғлигига зарар қилмоқда…

ЖАВОБ: Ҳақиқатан, сиз айтгандай бўлса, биринчи навбатда, маҳалла идорасига, ҳудудингизга масъул тиббиёт ходимларига ёки атроф-муҳит муҳофазаси ходимларига мурожаат қилишингиз лозим.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.

«Ҳидоят» журналининг 2019 йил, 10-сонидан