Мақолалар

Одам савдоси – қуллик балоси

Чоп этилди Noyabr 15, 2019 Одам савдоси – қуллик балосиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳозирги кунда одам савдоси жаҳон миқёсидаги долзарб муаммолардан бирига айланиб улгурди. Оқибатда кўплаб инсонлар жабр чекмоқда. Шу боис жойларда ана шу таҳликали иллатга қарши кураш мақсадида фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳо­фаза этиш мақ­садида кўп­лаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Одам савдоси, аввало, инсон эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига жиддий путур етказади, уни тур­ли хўрлик ва камситишларга дучор этади. Бу жиноий фаолият ортида аслида мажбурий меҳнат, қуллик ва фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ иллатлар туради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти­нинг маълумотларига кўра, ҳар йили 2 миллион 700 мингга яқин киши одам савдосининг қурбони бўлмоқда.

Одам савдоси билан шуғулланувчилар жиноий ҳа­ракатларини сир тутиб, қурбонларининг номини им­кон қадар эътибордан четда сақлашга уринади. Шу мақсадда улар одамларни хорижга ноқонуний йўллар, катта маошни ваъда қилиш, алдов ва ишонтириш йўли билан олиб чиқади, ҳатто шахси билан боғлиқ ҳужжатларни қал­ба­килаштиришга ҳам уринади.

Муқаддас динимиз барча инсонларга ирқи, насаби, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги тутган ўр­ни­дан қатъи назар, ҳамманинг ҳурлигини қадрлашга, ҳурмат-эътибор кўрсатишга буюради. Мусаффо динимиз илк даврлариданоқ қулчиликни, одам савдосини қаттиқ қоралади. Қул озод қилишни жамият ҳаётидаги етук фазилат сифатида майдонга олиб чиқди, уни ҳатто ибодат даражасига кўтарди.

Ислом таълимоти инсонларни тўла-тўкис озод, ҳур бўлишга, фақат Аллоҳ таолога бандалик қилишга, ҳар то­монлама етукликка, яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкор бўлишга чорлайди:

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ أُولَئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)­ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 71-оят).

Инсон дунёга ҳур ва озод ҳолда келади. Шу ўринда ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг машҳур сўзи диққатга сазовордир: “Оналари озод ҳолда дунёга келтирган инсонларни қачондан буён қул қилиб олдиларингиз?”

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган ҳадиси қуд­сийда айтилади: “Мен қиёмат куни уч тоифа кишининг даъвогари бўлурман: Менинг номим билан аҳд бериб, уни бузган, озод инсонни қул деб сотиб пулини еган ва мардикорни ишлатиб ҳақини бермаган одамларнинг” (Имом Бухорий ривояти).

Истиқлол йилларида чуқур иқтисодий ислоҳотлар, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлаш йўли­да катта ўзгаришлар амалга оширилди. Қисқа муддат ичида халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг чуқур би­лим олиш­лари, турли касб-ҳунарларни ўрганишлари, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар очилди. Касб-ҳунар ўргатадиган юзлаб коллежлар, бир неча ўнлаб олий ўқув юртлари ишлаб турибди. Қан­чалаб янги саноат корхоналари ишга тушириляпти, кўплаб иш ўринлари яратишга ҳаракат қилиняпти. Кишиларимиз хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари ташкил этиб, ҳалол меҳнат орқали бойишмоқда.

Минг афсус, айрим юртдошларимиз жон ко­йитмай, осонгина мўмай даромад топиш йўлларини излай бошлашди. Улар нима қилиб бўлса-да, кўпроқ пул топиш, мў­май даромад орттириш мақсадида ноқонуний, ҳало­катли, келажаги йўқ ишларга қўл уришяпти. Қо­нуний йўл билан эмас, одам савдоси орқали бойишни кўзлаётган айрим ноинсоф кимсалар алдовига учиб, хориждаги иш ва яшаш шароитларини ўрганмай, давлатлараро шартномалар асосида иш юритувчи расмий идораларни четлаб, оғир аҳволда қолишяпти. Тўғри, жаҳон тажрибасида бир юртдаги ишчиларнинг бошқа юртда ишлаб, пул топишлари тақиқланмаган. Лекин буни расмий йўл билан, барча ҳуқуқ ва эркинликлар дахлсизлиги таъминланган ҳолда амалга ошириш керак. Иш ахтариб, норасмий йўл билан кетаётганларнинг на саломатликлари, на ҳуқуқ-эркинликлари, на меҳнатларига ҳақ тўлаш, на энг азиз ҳаётлари ҳақида қайғурадиган шахс ё ташкилот йўқ, бир товламачининг ёлғон ваъдасига алданиб, жўнашяпти. Бор­ган жойларида меҳнат қилиб ҳақини ололмаётганлар, касал бўлиб, даволанишга пул ахтараётганлар, ҳатто уйга қайтай деса, йўлкирасини тополмаётганлар қанча?!

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, унинг ризқини канда қилмай бериб туради. Аллоҳ бандаларига енгилликни истайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

“…Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди…” (Бақара сураси, 185-оят).

Аллоҳ бировга кўпроқ, бошқасига озроқ, ҳамманинг ризқини аниқ белгилаб қўйган. Бировнинг ризқи адашиб бошқаникига бориб қолмайди. Бирор киши риз­қи­ни тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди ҳам. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

أَوَلَمْ يَرَوْا أَنَّ اللَّهَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ وَيَقْدِرُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

“Аллоҳнинг хоҳлаган кишилар ризқини фаровон қилиши ва (бошқалар ризқини) танг қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда имон келтирувчи қавм учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 37-оят).

Унда нега одамлар ато этиб қўйилган ризққа қаноат қилмай, ўзларини ҳар тарафга уришади? Берилган ризққа рози бўлмай, оиласини ташлаб, ўзга юртларга ризқ ахтариб кетишади. Доно халқимизда: “Ҳар ер­ни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу”, “Узоқдаги қуй­руқдан яқиндаги ўпка яхши” каби ажойиб мақоллар бор. Нопок кимсалар алдовига учиб, ўзга юртларда хор-зор бўлаётган, туну кун ишлаб, ҳақини ололмаётган, соғ­лиғидан ва диёнатидан ажраётган ҳамюртларимиз фожиаси ҳақида ҳар куни, кунора ўқиб-эшитиб турибмиз. Жамиятнинг келажаги саналган ёшлар нотаниш, ҳаёт тарзи тамоман ўзгача юртларда имонларига, эътиқод ҳамда миллий қадриятларига завол етаётганига ҳам парво қилишмаётир. Агар уларни очлик, муҳтожлик иссиқ ўринларидан ҳайдаб чиқарганида, ҳолатларини тушунса бўларди. Асосан орзу-ҳавас, ҳавойи нафс, “катта тўйлар қилиш, бойлик гаштини суриш” васвасаларига учиб, ўзга юртларда хор бўлиб юришибди.

Мусулмон киши бир ишга киришишдан олдин, уни қандай йўсинда амалга ошириш, сафарга тайёргарлик кў­риш, тегишли ташкилотлар томонидан расмий юбори­ладиган жой бўлсагина, йўлга чиқиш, борар жойидаги шароитни ўрганиш, йўл озуғини ғамлаш, тадбир-чоралар белгилаш каби ҳолатларга эътибор қилиши керак.

Аммо баъзилар нодонликлари боис, ўйламай қил­ган хатти-ҳаракатлари оқибатида жонларини хатарга қўйишяпти, пулларидан ажрашяпти, қимматли умр йилларини бой беришяпти. Муттаҳамлар алдовига учиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон, хор-зор бўлиб, юрт ва миллат шаънига доғ туширишяпти. Катта даромад илинжида кетиб, кўпинча ҳеч нарсага эга бўлолмай қай­тишяпти. Айниқса, эндигина ҳаётга қадам қўйиб келаётган, турмуш тажрибасига эга бўлмаган ёшлар енгил йўллар би­лан катта пул топаман, деб одам савдоси билан шуғулланувчи манфур кимсалар тузоғига тушиб, молу жонларини хатарга қўйишмоқда.

Инсонларни турли йўллар билан алдаш, уларни но­қонуний ва ношаръий ишларга мажбурлаш, улар ҳақига хиёнат қилиб, пулини бермаслик, фоҳишалик қилишга жалб этиш, одамларни бош­қаларга сотиб юбориш, уларнинг ички аъзолари ва тўқималарини зўрлик билан ажратиб олиш каби ишлар қаттиқ гуноҳ саналади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бизни алдаса, у биздан эмас. Макру ҳийла ва алдов соҳиби дўзахийдир”, деганлар. Бу иллатлар инсон ҳуррияти ва ҳақ-ҳуқуқларига хавф солгани ёки буларни чегаралагани учун инсонийликка ҳам, ахлоқ-одобимизга ҳам, амалдаги қонунчилик ва шариат аҳкомларига ҳам тамоман зиддир.

Абу Масъуд Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­линган ҳадисга кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фоҳишалик ва коҳинлик қилиб кун кўришдан қайтарганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қили­нади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чўриларнинг танасини пуллаб, тирикчилик қилишни ман этганлар”.

Ислом дини одам савдоси масаласига ана шундай жиддий муносабатда бўлади. Давлатимиз ва ҳукуматимиз ҳам ижтимоий ҳаётда учраб турадиган мазкур иллатга қарши кураш, бу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида улкан ишларни амалга оширяпти. Ўз­бекистон Респуб­ликасининг “Одам сав­досига қарши ку­рашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Турли вазирликлар, масъул идоралар, ташқи ишлар бўйича ваколатхона-консулликлар, жамоат ташкилотлари ана шу Қонунга биноан иш олиб боришади. Шунингдек, одам савдосига қарши кураш бўйича рес­публика Идоралараро ҳайъати ҳам тузилган, мазкур қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Бу қонун Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий, ҳу­қуқий ва конституциявий ҳуқуқларини қаттиқ ҳимоя қи­лиш, уларнинг жамият равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилишларини таъминлаш, одам савдоси каби ижтимоий иллатга бутунлай барҳам бериш йўлида қўйилган муҳим ижобий қадамдир. Бу йўлда ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб курашсак, ҳамюртларимизнинг алдовларга учиб, ўзга юртларда хор-зор бўлишларининг олдини олиб бу хатарли йўлдан қайтарсак, иншоаллоҳ, бу иллат барҳам топишига ҳисса қўшган бўламиз.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм