Мақолалар

Қадринг кетар, ризқинг қадардан ошмас…

Чоп этилди Noyabr 15, 2019 Қадринг кетар, ризқинг қадардан ошмас…da fikr bildirishni o'chirish

Кишининг касбу ҳунари, иши ва хизмати қандайлигидан қатъи назар, ҳалол бўлиши, бу борада ҳалоллик ва инсофни ўзига шиор қилиб олиши муҳим. Касблар кўп, аммо улар афзаллиги, баракаси мўллиги ва ҳалоллиги нуқтаи назаридан бир-биридан фарқланади.

Ҳеч бир таълимот, ҳеч бир дин исломча­лик луқманинг ҳалол бўлишига тарғиб қилма­ган. Хонадонимизга инадиган бараканинг асосий омили, шубҳасиз, луқмамиз ҳалол­лигидандир. Барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло белгилаб, тақсимлаб қўйган. Ҳеч бир махлуқот тақдирига битилган ризқидан ортиғини ҳам, камини ҳам олмасдан дунёдан ўтмайди.

Бу ҳақиқатни Сўфи Оллоёр ҳазратлари “Саботул ожизин” асарида бундай зикр қил­ган:

Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,

Кетар қадринг, қадардан ҳаргиз ошмас.

“Ҳидоятут толибин шарҳу “Cаботул ожизин” китобида бу байт қуйидагича шарҳланган: “Қидирган, ризқ орқасидан ҳар тарафда юрган ва талаш этган билан ризқинг тўлиб-тошмас ва зиёда бўлмас. Ва ё ҳар қанча ахтарган бирла ризқинг қадри (қозони) тўлиб-тошмас ва кўпаймас. Халқ олдида иззату ҳурматинг, қадринг кетар. Лекин қадардан (тақдирда ёзилган ва тақдир этилган ризқдан) ҳаргиз ошмас”.

Бу хусусда Қуръони каримда бир қанча оятлар бор. Хусусан, Бақара сурасининг 168-оятида Аллоҳ таоло: «Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир», деб огоҳлантиради.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча бандаларни ҳалол-пок нарсаларни ейишга даъват қиляпти. Бу илоҳий амр инсон фойдаси учундир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада: ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш, Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир”, дейди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эй инсонлар! Албатта, Аллоҳ покдир, фақат пок нарсаларнигина қабул қилур. Албатта, Аллоҳ элчи-пайғамбарларга буюрган нарсани (барча) мўминларга ҳам буюрган. У зот: “Эй расуллар, ҳалол-пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар. Албатта, мен қилаётган ишларингизни билурман. Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол-покизаларидан енглар”, деб айтган» (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом узоқ сафарда юрганидан муборак сочлари тўзиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида бундай дедилар: «Ҳалиги киши қўлларини кўкка чўзиб: “Ё Раббим, Ё Раббим”, деб (ёлвориб) дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озуқаланган. Шундай экан, қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: “Тўрт нарса сенда бўлса, бахтиёрсан: 1) омонатни эҳтиёт қилган бўлсанг; 2) сў­зингга ёлғон аралаштирмаган бўлсанг; 3) гў­зал ахлоқли бўлсанг; 4) луқмангни ҳалол йўл билан топган бўлсанг!”

Ҳакимларнинг биридан: “Касбларнинг яхшиси нима?” деб сўрашди. У киши: “Дунё касб­ларининг яхшиси эҳтиёжни қондириш учун ҳалолдан топилгани, ибодатга қувват бўлгани ва ортиқчаси қиёматга захира қи­линганидир. Охират касбларининг яхшиси эса фойдали илмни тарқатиш, солиҳ амаллар қилиш ва яхши одатни жорий этишдир”.

Фарзандларга едирилаётган луқма уларнинг қорнини тўйдирса-да, бироқ унинг яхши ёки ёмон таъсири вақт ўтиб юзага чиқади. Агар ризқ ҳалол йўл билан топилса, фарзандлар тарбияли, ота-онанинг ҳақини адо этадиган бўлиб улғайишади. Агар луқма ҳаром бўлса, уларнинг тарбиясига қанчалик катта эътибор қаратилмасин, барча саъй-ҳаракат бесамар кетади.

Олимлар: “Ким ҳалол луқма еса, Аллоҳга итоатли бўлади. Ҳаром луқма еган кимса эса, Парвардигорга осий бўлади”, деганлар.

Энг улуғ зотлар саналмиш пайғам­барлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганлари, яъни касб-ҳунар билан шуғулланганлари барчамиз учун буюк ибратдир. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билган ҳолларида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маълумки, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алай­ҳиссалом эса хаттотлик билан шуғул­ланган ва ҳоказо.

Ҳaким Aбул Қoсим aйтaди: “Ҳaлoлдaн кaсб қилиш иффaтли кaмбaғaл­ни гў­зaллaш­тирaди, зaифнинг муҳ­тoжлиги­ни беркитaди, пaсткaш ғий­бaтчининг тилини тияди”. Саид ибн Му­сайяб ро­зияллоҳу анҳу: “Мо­лини ҳалолдан топмаган, фақирларнинг ҳақини бермаган, обрў-шарафини сақламаган киши­да яхшилик йўқдир”, деган. Ибн Шуб­рума розияллоҳу анҳу эса: “Ажабо, шундай инсонлар борки, касалликдан қўрқиб, ҳалолдан тийилади, лекин дўзахдан қўр­қиб, ҳаромдан сақланмайди”, дейди.

Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз эса бу ҳақда гўзал мисралар битган:

У билсин хилма-хил касб-ҳунар тўлуғ,

Инсон юзин меҳнати қилар ёруғ.

Билим, касб-ҳунар ўрган, қадрла ани,

Касб-ҳунар қадрли қилгай охир сани.

 

Раҳматилло УСМОНОВ

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан