Мақолалар

Интизом – муваффақият гарови

Чоп этилди Noyabr 16, 2019 Интизом – муваффақият гаровиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳар қандай соҳанинг ривожи, жамият ҳаётидаги самарали фаолияти, аввало, ўша ташкилотдаги ижро интизомига бевосита боғлиқ. Бугунги кунда дунё бўйича барча идора ва корхоналарда инсон ресурсининг аҳамияти тобора ошиб боряпти. Бу эса ташкилот ходимлари фаолиятини доимий равишда такомиллаштириб боришни талаб этади.

Айни пайтда жаҳондаги кўплаб ташкилотларда “кадрлар”, “персонал” сўзлари ўрнига “human resourses” (HR) – инсон ресурси атамаси қўлланиляпти. Бу ходимларнинг ташкилот фаолиятидаги ўрнини қайта англаб етиши, деганидир. Унга кўра, ходимлар бўлими қуйидаги вазифаларга қамраб олади:

  • ходимларни саралаб олиш ва ишга қабул қилиш;
  • ходимларни баҳолаш тизимини вужудга келтириш ва амалиётга татбиқ этиш;
  • ходимларни руҳлантириш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш;
  • ходимлар захирасини шакллантириш;
  • ходимларни бошқаришга доир масалаларни ҳамкор ташкилотлар билан мувофиқлаштириш.

Таниқли олим Девид Ульрих бундай дейди: “Ходимлар бўлимининг асосий вазифаси ташкилот фаолиятини такомиллаштиришдир. Бунга ходимларни ўқитиш, бажарган иши сифатини яхшилаш, уларнинг таркибини қайта тузиш, ташкилотдаги иш жараёни тўла билиш ва одамлар билан муомала қилиш сирларини ўрганиш орқали эришилади”.

HR соҳаси тажрибали мутахассислари фикрича, замонавий ходимлар хизмати қуйидаги икки жиҳатга алоҳида эътибор қаратиши зарур:

  1. Стратегик қарорлар қабул қилишда ҳамкорлик. Бунда ходимлар хизмати ташкилот стратегиясини ривожлантиришда раҳбар билан бирга иштирок этади. Ушбу жараёнда ходимлар хизматининг вазифаси стратегик режаларни ташкилот фаолиятига сингдириш учун ходимлар билан музокаралар жараёнини бошқаришдан иборат. Бу орқали кадрлар хизмати ташкилотнинг стратегик мақсадларга эришишида қандай тизим ёрдам бераётгани, уларнинг қайси бирини ташкилот ҳаётига татбиқ этиш ёки кучайтириш кераклигини билиб олади;
  2. HR-менежер маъмурий эксперт сифатида. Бунда HR-хизмати ходимлари ташкилот ривожига тўсиқ бўлаётган заиф томонларни аниқлаши ва уларни бартараф этиш стратегиясини ишлаб чиқиши керак.

Бир сўз билан айтганда, HR-хизмати яхши йўлга қўйилган ташкилот ходимлари энг яхши натижаларга эришади. Бунинг учун ходимлар хизматини такомиллаштириш орқали раҳбарият ва ходимларни бир мақсад йўлида бирлаштириш зарур.

 

Жаҳонгир ХАТАМОВ

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан