Мақолалар

Давомли савоблар манбаи

Чоп этилди Yanvar 29, 2019 Давомли савоблар манбаиda fikr bildirishni o'chirish

1911-1914 йилларда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида Чориқулбой исмли саховатпеша ҳамюртимиз ўз ҳисобидан халқ учун дарё устига кўприк қурдирган. Ўша даврнинг энг кўзга кўринган кўприксозлари жалб этилиб, бунёд қилинган кўприкни томоша қиларканман, унинг бугун ҳам давомли савоблар манбаи бўлиб турганини хаёлдан ўтказаман. Чориқулбой нафақат Ромитан, балки Бухоро ва унинг атрофларида ҳам ўзининг тантилиги, сахийлиги, художўйлиги, ҳалоллиги, камбағалпарварлиги билан донг таратган. Айниқса, унинг Зарафшон дарёси устида қурдирган узунлиги 100 метр, эни 8 метрга яқин ушбу машҳур кўприги ҳозир ҳам одамлар узоғини яқин қилаётир. Айтишларича, Чориқулбой қурувчи устани Олмониядан, кўприк лойиҳасини тайёрловчи мутахассисни Чехиядан чақирган. Бунёдкорлик ишларига рус муҳандислари ҳам таклиф қилинган. Кўприк учун тошлар Қоровулбозор ва Ғозғондан келтирилган. Унда асосан оби ғишт, ганч ишлатилган. Тарихий маълумотларга кўра, кўприк қуриб бўлингач Чориқулбой Бухоро амири Олимхонни таклиф қилиб, кўприкни тўй бериб фойдаланишга топширган. Чориқулбой Пирнафасбой ўғли бу ерда кўприкдан ташқари 1924 йилда  туман марказида клуб, 1926 йилда эса мактаб ҳам қурдириб берган.

Яқин ўтмишда ҳам Чори бобо сингари тафаккури кенг, дунё молларини боқий саодатга етиш воситаси қила олган аждодларимиз оз бўлмаган. Бундай савобталаб бой, жўмард инсонлар ҳозир ҳам йўқ эмас. Лекин, бугунги кунда исрофнинг катта гуноҳ эканини унутиб қўяётганлар кўпайди. Тўй-ҳашамларда, мотам йиғинларида ортиқча сарф-харажат қилиш, ҳалол-ҳаромни аралаш ҳолда дастурхонларга тортиқ қилишнинг оқибати яхши бўлмайди. Ахир атрофимизда қариндош, қўни қўшни орасида ногиронлар, муҳтож оилалар, даволанишга маблағ тополмаётганлар бор-ку? Нега уларга ёрдам қўлини чўзгимиз келмайди! Шулар ҳақида ўйлар эканман, замондош бойлар, тадбиркор ака-укаларимга ромитанлик Чориқулбойдан ўрнак олинг, дегим келади.

Тошпўлат АШУРОВ,

Бухоро вилояти Когон шаҳри

«Ҳидоят» журналидан