Мақолалар

Яхши ният ва амал – саодатга элтади

Чоп этилди Noyabr 17, 2019 Яхши ният ва амал – саодатга элтадиda fikr bildirishni o'chirish

Тошкент шаҳри Олмазор тумани бош имом-хатиби Садриддин АБДУРАШИДОВ билан суҳбат:

Домла, суҳбатимиз аввалида тумандаги бунёдкорлик ишлари ҳақида гаплашсак.

– Сўнги йилларда юртимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туманимизда ҳам қулоч ёймоқда.

Аввало, туманимиз ҳудудида қад ростлаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида тўхталиб ўтсак. Ушбу ҳудудга кираверишда кўзингиз дастлаб “Бу ерда тарих яратилмоқда”, деган ёзувга тушади. Бу маҳобатли бино қурилиши нафақат юртимиз, балки кўплаб хорижий мамлакатлар халқларининг ҳам тили ва дилидан жой олишга улгурди. Бу ерга келган озарбайжонлик журналистлардан бири: “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг биноси жаҳон ислом архитектурасининг фахри бўлади”, деган эди.

Юртбошимиз Ҳазрати Имом мажмуасига қилган ташрифларининг бирида бундай деган эди: “Бу марказ орқали илм, маърифат, маданият ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак”.

Кейинги пайтда тумандаги “Имом Термизий” жоме масжиди янгидан қурилди, “Тўлқин Акром ўғли”, “Имом Бухорий”, “Тўхтабой”, “Ҳофиз Кўҳакий”, “Аҳмаджон қори” жоме масжидлари таъмирланди.

Қора-қамиш мавзесида жойлашган “Сирож Солиҳ” жоме масжиди жамоаси сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қила бошлагани учун маҳалла аҳли масжидни қайта қуриш таклифини илгари суришди. Ушбу хайрли ташаббус мутасадди ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди. Шу йил 29 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов “Сирож Солиҳ” жоме масжидининг янгидан барпо этилаётган биносига илк ғиштини қўйиб бердилар. Айни пайтда бу ерда қизғин қурилиш ишлари кетяпти. Шунингдек, ҳудудимиздаги “Исломобод”, “Ҳазрати Имом” жомелари ва “Мевазор” маҳаллий масжидида қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом этяпти.

Тумандаги 16 та жоме ва 5 та маҳаллий масжидда намозхонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Туман имом-хатиб ва имом ноиблари фаолияти тўғрисида ҳам маълумот берсангиз.    

Айни пайтда туманимизда 21 нафар имом-хатиб ва 48 нафар имом ноиби фаолият юритяпти. Улар аҳолимизнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш йўлида фидокорона хихмат қилиб келяпти.

Ҳар ёндан ахборот хуружлари, жумладан, муқаддас динимиз бирлиги, кишилар эътиқодига зид таълимотлар авж олаётган бугунги давр дин ходими зиммасига масъулиятли вазифалар юклайди.

Туманимиз имом-хатиблари “Жаҳолатга қарши маърифат” деган бош ғоя асосида халқимиз, жумладан, ёшларга муқаддас динимизнинг инсонпарварлик таълимотларини тушунтириш, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш орқали уларнинг мафкуравий иммунитетини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Туманимиз имом-хатиб ва имом ноиблари Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилган Малака ошириш марказида малакаларини ошириб келишмоқда.

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти?

– Давлатимиз раҳбари туманимизга қилган ташрифларининг бирида: “Олмазор туманида келгусида дин масаласида адашган шахслар бўлмайди. Бу ерда тўпланган тажрибани бутун пойтахтга намуна қиламиз”, деган эдилар.

Шундан сўнг маҳаллий ҳокимият, маҳалла фуқаролар йиғини, имом-хатиблар ва бошқа мутасадди ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳи тузилиб, “Йўл харитаси” асосида турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар билан профилактика ишлари олиб борилди, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилди. Жумладан, ишга жойлаштирилди, касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилди, пенсияга чиқишига ёрдам берилди. Жамиятга қўшилиб кетиши қийин кечаётган шахсларга малакали имом-хатиб, маҳалла фаоллари ва психологлар бириктирилиб, улар билан тарғибот-тушунтириш ишларини доимий равишда олиб борилди. Ўтказилган суҳбатларда улар хатоларидан қаттиқ пушаймонлигини билдириб, энди куч ва имкониятини фақат яхшилик қилишга, фарзанд ва набиралари тарбиясига бағишлашини қайта-қайта таъкидлашмоқда.

Домла, болалик йилларингиз, устозларингиз тўғрисида сўзлаб берсангиз.

– Тошкент вилояти Паркент туманидаги Номданак қишлоғида туғилганман. Отам маҳалламиздаги мактабда ўқитувчи бўлган. Ҳозир нафақадалар. Илк устозим ва кейинчалик диний соҳани танлашимга сабабчи ҳам отам.

Дастлабки диний таълимни 1991-1996 йилларда Наманган вилояти Мулла Қирғиз (Ҳозирги “Ҳидоя”) мадрасасида олдим. У ерда ўша пайтда мадраса раҳбари бўлган Убайдулла Лутфиллев, ҳозирда Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов сингари устозлардан таълим-тарбия олдим.

1996-1999 йилларда Тошкент Ислом институтида таҳсилни давом эттирдим. Биринчи курсда олий маъҳад ректори ва “Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби бўлган Ғуломқодир Мирзаяқубовга ноиб бўлиб иш бошладим. Ғуломқодир домла менга нафақат устоз, балки отам каби меҳрибон эди.

Киши камтар бўлиб, ниятини тўғри қилса, йўли очиқ бўлади. Чунки у ўзига берилган неъматнинг шукрини адо қилади. Инсоннинг тили, қалби, қилаётган амали бир бўлса, бахт-саодатга эришади.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ суҳбатлашди.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан