
Хато ва танқид
Хато қилмаган янгилик ярата олмайди. Бирор иш қилмоқчи бўлсангиз, мақтовчилар билан бирга дарҳол танқидчилар ҳам топилиб қолади.
Мақтов бевафо дўстдир. У сизни чўққига олиб чиқиб, омонат ўринга жойлаб қўяди. Арзимас баҳона билан у жойдан қулашингиз мумкин. Агар омон қолиб, ўша мақтовни қидирсангиз, зинҳор топа олмайсиз. Чунки у яна бир мақтовга ўч кимсани чўққига олиб чиқиб кетган бўлади. Лекин танқид ундай эмас. Ҳар бир танқид елкангизда қанот пайдо қилади.
Ҳаётимиздаги энг тўғри танқид хатоларимиздир. Хато қиляпмизми, демак, биз йўлда давом этяпмиз. Хатолар кўприкнинг чириган ёғочларидир. Тойилмагунча, кўприк яроқсиз эканини билмайсиз. Аммо кетма-кет тойилиш ҳам ақлли кишининг иши эмас.
Хато ҳам жонли мавжудотга ўхшайди. Қатъиятимиз туфайли чекинади. Хато қилмаслик эмас, балки унга ўрганиб қолмаслик муҳим.
Энг улуғ орзу
Кимнидир ўзингизга яқин олдингиз. Ундан ёрдам кутдингиз. Унга қаттиқ ишондингиз ва натижа сиз ўйлагандек бўлиб чиқмади: орзуларингиз амалга ошмади. Бу инсонга хос ҳолат.
Аммо Холиққа қилинган илтижо, умид ҳеч қачон бесамар кетмайди. У Зот муҳтожларнинг қўлини қуруқ қайтармаган. Аксарият орзуларимиз амалга ошади. Бир муддат бундан сармаст ҳам бўламиз. Лекин ҳамма нарса ўткинчи.
Бир умр орзу қилиш, кутишга арзийдиган фақат бир нарса бор: бу – ЖАННАТ. Жаннатни деб тиним билмаслик, дунё роҳатидан кечиш – ҳақиқий орзу. Агар кимнинг жаннат орзуси амалга ошса, у энг бахтиёрдир.
Заҳириддин МАНСУР
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан