Мақолалар

Умайр ибн Ваҳб

Чоп этилди Yanvar 29, 2019 Умайр ибн Ваҳбda fikr bildirishni o'chirish

Тўлиқ исми: Умайр ибн Ваҳб ибн Халаф ибн Ваҳб Жумаҳий, Қураший. Макка аҳли унга “Қурайшнинг шайтони” деб лақаб қўйган эди. Бадр куни мушриклар томонида курашди. Ўшанда мусулмон лашкарларини кўздан кечириб:  “Улар уч юз киши. Салгина кўп ёки камроқ бўлиши мумкин. Эй Қурайш жамоаси, мен ҳалокатли ўлимни юклаб олган Ясриб туяларини кўрмоқдаман. Мусулмонларнинг қиличларидан бошқа ҳимояланадиган ҳеч нарсалари йўқ. Аллоҳга қасам, бизлардан кимдир ўлмагунича уларнинг бирортасини ўлдириб бўлмайди. Биздан ҳам улар сонига тенг одам ўлса, ҳаётнинг қизиғи қоладими? Қатъий бир қарорга келишингиз шарт”, деди. Қурайш раисларининг бир нечтасига Умайрнинг сўзлари таъсир этди. Одамларини тўплаб, жанг қилмасдан қайтиб кетишмоқчи бўлишди. Лекин Абу Жаҳл: “Эй бадбўйнинг боласи, одамларнинг ҳафсаласини пир қилмоқчимисан?!” дея унга танбеҳ берди. Сўнгра қавм оқсоқолларини фикридан қайтариб, ўзи энг биринчи қурбонига айланадиган уруш оловини ёқди.

Жангда мушриклар енгилди. Утба, ўғли Валид, укаси Шайба, Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф каби мушриклар ер тишлади. Умайр ҳам катта мусибатга учради. Ўғли Ваҳб мусулмонларнинг қўлига асир тушди.

* * *

Бир куни амакисининг ўғли Сафвон ибн Умайя билан Бадр кунидаги қурбонларни эслашди. Сафвон қалбида мусулмонларга кек ва адоват сақларди. Отаси Умайя ибн Халаф ҳамда акаси ҳалок бўлганини эслади.

Урва ибн Зубайр уларнинг суҳбатини қуйидагича ривоят қилади: «Умайр: “Аза тутишни бас қилгин энди”, деб дўстига таскин беришга уринди. Сафвон: “Аллоҳга қасам, улардан сўнг яшашнинг ҳам қизиғи қолмади”, деди янада кўпроқ куйиниб. Умайр: “Агар қарзим бўлмаганда, оиламнинг қийналиб қолишидан қўрқмаганимда, Муҳаммаднинг олдига бориб, уни ўлдирардим. Мадинада ҳеч ким мендан шубҳаланмайди. Чунки қўлларида ўғлим асир турибди”, деди. “Айтганларингни бажарсанг, қарзингни мен тўлайман, оилангга ҳам ғамхўрлик қиламан. Қўлимдан келган яхшиликни аямайман. Ҳеч нарсага зориқмай яшашади”, деб таклиф билдирди. Умайр Сафвон: “Ундай бўлса гап орамизда қолсин”, деди келушувга якун ясаб. “Шундай-куя, лекин у ердан қандай соғ чиқмоқчисан?” сўради Сафвон ажабланиб Умайр: “Душманни енгишдан кўра ўзининг қутулиши ҳақида қайғурадиган одам шижоат талаб этадиган ишларга яқинлашмагани маъқул. Хавотир олма, Муҳаммад билан ёлғиз қолишнинг чорасини топиб, заҳарли қиличимни унга санчаман. Қасосимни оламан”, деб Мадинага равона бўлди.

 

***

Мадинада Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг назари уловини масжид эшигига чўккалатиб, қиличини боғлаб олган Умайрга тушди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасам, Умайр ибн Ваҳб ёмонлик учун келган. Орамизга низо солди, Бадрда қавмига саноғимизни етказди”, деди-да, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига кириб: “Эй Аллоҳнинг расули, Умайр ибн Ваҳб келди. Белида – қилич”, деб хабар берди. Набий (алайҳиссалом) Умайрга киришга рухсат бердилар.

Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Умайр, яқинроқ кел”, дедилар. Умайр жоҳилият аҳлининг саломи билан: “Хайрли тонг”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй Умайр, Аллоҳ бизни сеникидан яхшироқ – жаннат аҳлининг саломи билан икром этди. Нима учун келдинг?” деб сўрадилар. Умайр: “Ўғлим қўлингизда асир”, деди. Набий (алайҳиссалом): “Қилич нима учун керак?” дея сўрадилар. Умайр эса: “Қуриб кетсин, буларнинг бирор фойдаси тегмади”, деди муғомбирлик билан. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй Умайр, ростини айт, нега келдинг?!” дея қайта сўрадилар. Умайр: “Фақат шунинг учун келдим”, деб гапида туриб олди. Ниятини ўзича айтмагач, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «“Сафвон ибн Умайя билан Ҳижрда ўтириб, Қурайшнинг қудуқ эгаларини эсладинглар. Сўнг сен: “Агар қарзим бўлмаганида, оилам қийналиб қолишидан қўрқмаганимда, бориб Муҳаммадни ўлдирардим”, дединг. Сафвон мени ўлдиришинг эвазига қарзингни ва аҳлингни ўз зиммасига олди. Аллоҳга қасам, асиринг сабабидан эмас, балки мени ўлдириш учун келгансан», дедилар.

Шу ерда Умайр қичқириб юборди: “Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ. Сиз Аллоҳнинг Расулисиз… Бу иш устида мен ва Сафвондан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Яратганга қасам, буни сизга фақат Парвардигор билдирган. Мени Исломга ҳидоят этган Раббимга ҳамдлар бўлсин!” Набий (алайҳиссалом) саҳобаларга: “Биродарингизга динни ўргатинг, Қуръонни ўқитинг ва асирини қўйиб юборинг”, деб Умайрга марҳамат кўрсатдилар».

“Қурайш шайтони” шу тарзда мусулмон бўлди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, Умайр ҳузуримизга келганда менга ундан кўра тўнғиз суюклироқ эди.  Бугун эса у менга баъзи болаларимдан кўра маҳбуброқ”.                            .

***

Умайр Исломга қарши курашганидек, энди унга хизмат қилиши, инсонларни даъват этиши кераклигини тушунди. Мана шу ўйда юрган кунларининг бирида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг нурини ўчиришга, дин йўлида юрганларга қаттиқ азоб беришга тиришар эдим. Энди рухсат беринг. Маккага бормоқчиман. Унинг аҳлини Исломга чақираман. Шояд, Парвардигор уларни тўғри йўлга бошласа. Ҳидоятга келмасалар, уларга ҳам қарши курашаман”, деди.

***

Шу кунларда Сафвон ибн Умайя Макка кўчаларида фахрланиб юрар, йиғин ва мажлисларини қувонч, шодлик ўраб олган эди. Қавмдошлари отасининг жасади Бадр ерларида совимасдан туриб, бу қадар хурсандлигининг сирини сўрашганда кафтларини ишқалаб, ғурур билан: “Бир неча кундан сўнг Бадр кунини эсингиздан чиқарадиган хабардан хурсанд бўласиз”, дерди.

Сафвон ҳар тонг карвондагилар ва йўловчиларга учрар ва улардан: “Мадинада бирор иш содир бўлдими?” деб сўрарди. Одамлар у истамаган жавобни беришарди. Чунки Мадинада арзирли воқеа юз  берганини ҳеч ким кўрган  ё эшитган эмасди.

Сафвон умидини сўндирмади. Муҳим хабарни кутишда давом этди. Ниҳоят, бир куни мусофир унинг саволига: “Ҳа, улкан иш содир бўлди”, деб жавоб берди. Сафвоннинг юзи ёришди, дунёдаги энг қувончли хабарга юзма-юз турарди гўё. Шошиб сўради: “Қандай иш содир бўлди?! Айтсанг-чи!” Мусофир жавоб берди: “Умайр ибн Ваҳб мусулмон бўлди, ҳозир динни ўрганяпти, Қуръондан таълим оляпти”.

Бу гапни эшитган Сафвонга ер торлик қила бошлади… Бу хабар унинг бор умидини парчалаб ташлади.

***

Умайр Маккага урушга тайёр ҳолда кириб борди. Биринчилардан Сафвон ҳужумни бошлади. Умайр уни қиличи билан тўхтатиб қолди. Қулоғига баъзиларининг ҳақоратлари чалинди.

Умайрнинг тилидан ҳақ калималар янгради. Инсонларни кечаю кундуз адолатга, яхшиликка, гўзал ишларга, хайрга чақира бошлади.

***

Макка фатҳи куни Умайр собиқ дўсти Сафвон ибн Умайяни унутмади. Бор имконини ишга солиб, уни шайтоннинг йўлидан қайтаришга қарор қилди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб: “Эй Аллоҳнинг расули, Сафвон ибн Умайя – қавмининг саййиди. Ўзини денгизга отиш учун сиздан қочиб кетди. Унга омонлик беринг”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Унга омонлик берилган”, дедилар. Умайр: “Эй Аллоҳнинг расули, омонлик берганингизни билдириб турадиган бирор белги беринг”, деди. У зот (алайҳиссалом) саллаларини бердилар.

Умайр Сафвоннинг ортидан етиб олди. У соҳилда турарди. Умайр: “Эй Сафвон, ота-онам сенга фидо бўлсин… Нима бало, ўзингни ҳалок қилмоқчимисан?! Бу Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг сенга берган омонликлари”, дея қўлидаги саллага ишора қилди. Сафвон: “Ёнимдан кет, асло гапирма!” деди бақириб. Умайр: “Эй Сафвон! Аллоҳнинг расули инсонларнинг энг афзали, энг ҳалими ва энг яхшисидир. Унинг иззати – иззатинг, шарафи шарафингдир”, деб унга тушунтиришда давом этди. Ниҳоят Сафвон унинг сўзларини қабул қилди. Сўнг иккови Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ёнларига қайтишди. Сафвон Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га: “Умайр менга омонлик берганингизни айтди”, деди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “У рост айтибди”, дедилар. Сафвон: “Менга икки ой муҳлат беринг”, деганида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сенга тўрт ой муҳлат”, дедилар. Ҳали бу муддат тугамай Сафвон Исломни қабул қилди. Дўстининг мусулмон бўлганидан Умайр беҳад қувонди.

***

Умайр ибн Ваҳб (розияллоҳу анҳу) Уҳуддан илгари Мадинага ҳижрат қилди ва барча ғазотларда иштирок этди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврининг сўнгги йилларида вафот этди.

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ҳафиза БАХТИЁР қизи тайёрлади.