Мақолалар

ИШҚ ГУЛЗОРИ ҲИКОЯСИ

Чоп этилди Yanvar 29, 2019 ИШҚ ГУЛЗОРИ ҲИКОЯСИda fikr bildirishni o'chirish

Шаҳарлардан бирида гўзаллиги тилларда достон бўлган бир қиз бор эди. У ўзига уйланиш иштиёқида узоқ ўлкалардан келган неча шаҳзодаларни, аслзодаларни, давлатмандларни ва кўркам йигитларнинг севгисини рад қилар эди. Бирор кимсани ўзига муносиб кўрмас эди. Қизга телбаларча ошиқ бўлган шу шаҳарлик бир йигит ҳам унга совчи қўйди. Бироқ қиз уни ҳам рад қилди. Шундан кейин йигит шаҳардан бош олиб чиқиб кетди. Вақти келиб бошқа қизга уйланди ва бир неча фарзандлар кўриб ҳаётидан мамнун яшай бошлади.

Орадан кўп йиллар ўтиб ўзи туғилиб ўсган шаҳарга йўли тушди. Бир замонлар бир қизга ошиқ бўлиб, унинг ҳажрига чидай олмай шаҳардан чиқиб кетганини ёдга олди. Ўша соҳибжамолнинг тақдири нима бўлди экан дея қизиқди. Нуронийлардан бири қизнинг турмуш қурганини айтиб, катта чаманзордаги гулларга бурканган ҳовлини унинг уйи дея кўрсатди. Казо-казоларни ўзига тенг кўрмаётган қиз кимни муносиб топганини кўришга жуда ҳам қизиқиб келаётган йигит қизнинг уйига яқинлашганда қизнинг эри қаршисидан чиқиб қолди: хўппа семиз, шилтирбош, пакана, ўта хунук ва қўпол одам эди у. Боз устига унчалик бой ҳам эмас эди. Не-не йигитларга кўнгли тўлмаган қизнинг қандай қилиб бу пандавақига тегишга рози бўлганига ҳайрон бўлган йигит у одам узоқлашганидан сўнг эшик қўнғироғини чалди. Қиз эшикни очиб йигитни таниди. Йигит қиздан:

– Сен ҳеч қайсимизни ёқтирмадинг, неча одамларнинг қисматини ортига чевирдинг, аммо қандай қилиб, манави ғулбазарангга тегишга рози бўлдинг? – деб сўради.

Қиз унга:

– Саволингизга, албатта, жавоб бераман. Фақат бир илтимосим бор: боғимиздаги гулзордан энг гўзал гулни менга олиб келиб берсангиз, аммо шарт шуки, чаманзорда юриб бораркансиз, асло ортга қайтмайсиз, хўпми? – деди.

Йигит рози бўлиб  ниҳоятда гўзал гуллар чапар уриб ётган чаманзорни оралаб кетди. Дастлаб жуда ҳам чиройли сариқ гулни олмоқчи бўлди. Энг чиройли гул шу бўлса керак дея уни узмоқчи бўлиб турганда кўзи нарироқдаги катта бўлиб очилган пуштиранг гулга тушиб қолди. Сариқ гулдан воз кечиб уни узмоқчи бўлганида  илгарироқда ажойиб гўзаллик тимсоли бўлиб турган қизил гул ғунчасини кўриб қолди. Албатта, энг чиройли гулни топаман дея қайси бирини танлашни билмасдан гангиб илгарилаб кетаверди – бунисини узаман деса, униси чиройли кўринаверди. Бир қараса, боғнинг адоғида турибди. Орқага қайтмасликка шартлашилгани боис чаманзор охиридаги япроқлари сўлиб қолган бужмайган бир гулни узиб қизга келтириб беришга мажбур бўлди.

Қиз гулни олиб йигитга:

– Кўрдингизми? Ҳамма вақт янада яхшисини топаман деб ўйлар экансиз, умр ўтиб бораверади ва алалоқибат, энг ёмонига рози бўлишга ҳам мажбур бўласиз. Шундай экан, ёшлик ўтмасдан қўлингиздагининг қадрини билиб, уни ардоқлашни ўрганмоқ керак, – деди.

Ҳаётимиз давомида жуда кўп нарсаларга дучлашамиз. Қайси биримиз фурсатларнинг қадрини билиб ундан унумли фойланиб қолсак, бошқа бирларимиз вақтни бой бериб қўямиз. Ҳаётимизни мазмунли ўтказишни истасак ана шу шартларга риоя қилиб яшамоғимиз керак бўлади. Бир мақсад йўлида бораётиб йўлда бошқасига чалғиб кетсак, фурсатимизни бой бериб қўямиз. Бир куни шундай қарасак, асл мақсадимиздан йироқлашиб кетиб, жойимизда депсиниб турган бўламиз. Ўтган умримизга боққанимизда ортимизда қолган бесамар йилларни кўрмайлик ва ичимизни кемирадиган “кошки”ларга йўл қўймайлик.

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.