Мақолалар

АҚШ ва Россия. Сиёсий шахмат партияси

Чоп этилди Noyabr 17, 2019 АҚШ ва Россия. Сиёсий шахмат партиясиda fikr bildirishni o'chirish

Бир неча ой ичида Яқин Шарқдаги сиёсий вазият янада беқарор бўлди.

Москва Президент Доналд Трампнинг мўътадиллиги туфайли Яқин Шарқдаги позицияларни мустаҳкам эгаллади. Америка Қўшма Штатлари, Хитой ва Россия ўртасидаги позиция ўйинида Москва ўзининг иккита рақибига қараганда анча заиф томонларга эга, аммо Президент Владимир Путин Яқин Шарқда воситачи бўлиш учун ва тобора ўсиб бораётган глобал миқёсда АҚШ ташқи сиёсатидаги хатолар ва номувофиқликлардан қандай фойдаланишни билади.

Ўз навбатида Трамп курдларни тарк этгани учун танқидга, ИШИД раҳбарининг қўлга олиниши ва ўлими учун қарсакларга сазовор бўлди

Жорий йилнинг 22 октябр. куни Туркия ва Россия президентлари Сурия ва Яқин Шарқдаги урушга ҳал қилувчи бурилишни берган пактга келишди.

Бир неча кундан сўнг Президент Доналд Трамп, ИШИДга қарши Сурия ҳудудида курашган курд халқ ҳимояси бўлинмалари (YPG) ва 2015 йилдан бери жанг қилаётган АҚШнинг 2500 аскарини олиб чиқишни буюрди, бу эса ўз навбатида Туркиянинг Сурия ҳудудига ҳужум қилиши учун яшил чироқни ёқди.

Демократлар ва Республикачилар партияларининг аъзолари курдлардан воз кечиш қарорини танқид қилиш учун Яқин Шарқ ва Европадаги ҳамфикрларга қўшилишганида, Трамп ўзининг сиёсатини “ажойиб муваффақият“ деб атади ва АҚШ аскарлари “уйларига қайтаётганини“ эълон қилди.

Аммо шу билан бирга, у АҚШ кучларининг бир қисмини Суриянинг нефть конларини ҳимоя қилиш учун қолдиришга буйруқ берди.

“Washington Post” газетаси 25 октябрь кунги сонида Трампни фантазиялар дунёсида яшовчи инсон ва унинг Яқин Шарқдаги ишларини “камситилиш” деб атади.

“New York Times” газетаси эса “Трампнинг махсус сиёсати” президентлар Владимир Путин, Режеп Таййип Эрдўғон ва Башар Асаднинг кучайишига қаратилган, дея танқид қилди.

Бир неча кун ичида Трампнинг қарорлари Суриянинг шимолида гуманитар инқирозни келтириб чиқарди. Башар Асад режимига ушбу минтақанинг бир қисмини қайтариб олишга имкон берди ва унинг кучини мустаҳкамлади.

Туркия, Россия ва Сурия ўртасидаги муносабатлар ва Дамашқнинг курдлар билан келишуви учун эшиклар очилди. Худди шунингдек, натижада турк кучлари ва Россия биргаликда минтақада патруллик қилишди. Қисқаси, Трамп Москванинг Яқин Шарқдаги куч ва воситачи ролини кучайтирди.

ИШИД лидери Абу Бакр ал-Бағдодийни йўқ қилиш билан якунланган АҚШ махсус кучлари операцияси Трампга нисбатан танқидларни бироз сусайтирди.

Бироқ минтақада олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият юзага келмоқда, курдларнинг қўллаб-қувватлашисиз ИШИД жангарилари томонидан номарказлашган ҳаракатларни амалга ошириш қобилияти заифлашмаслиги тайин.

“Туркия билан Путиннинг янги пакти, кучли музокарачи сифатида Москва ролини кенгайтирмоқда. Бу Яқин Шарқда АҚШнинг таъсирини сусайтиради” деб ёзмоқда “Wалл Street Journal” газетаси.

Москва Сурияда 2015 йилдан бери бир қатор дипломатик чораларни ҳам кўриб келади. 2017 йилда у Женевадаги БМТ тинчлик музокараларидан четга чиқиб, Дамашқ ҳукумати ва мухолифат ўртасидаги Остона мулоқотини бошлади ва Сурияда курд мухториятига эга бўлиш имкониятини очадиган конституцион ислоҳот лойиҳасини тайёрлади.

“Яқин Шарқда Путиннинг янги тартиби” китоби муаллифи Талал Низамиддин “Россия Президентининг Суриядаги сиёсати фақат кучли ҳокимиятга қизиқиши билан боғлиқ эмас, балки унинг истаги халқаро ҳамжамият ҳар қандай Давлат суверенитетини поймол қилмаслиги кераклигини кўрсатиш учун лозим. (2011 йилда НАТОнинг Ливиядаги операциялари билан бўлгани каби) шунингдек, Россия сиёсий мухолифатни демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида қўллаб-қувватламайди. (АҚШ ва Европанинг Украинадаги, шунингдек, Араб баҳори даврида бир қатор араб давлатларидаги каби) деб ҳисоблайди

ҚОРА ДОНАЛАР БИРИНЧИ ЮРАДИ

Снимок.JPG

Вашингтон шарофати билан Москва учун Яқин Шарқдаги имкониятлар Суриядагина тугамайди. Америка Қўшма Штатларининг 2018 йилда имзолаган Эрон ядровий дастури тўғрисидаги шартноманинг денонсацияси Теҳроннинг Москва билан алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Трампнинг Теҳронга қарши санкциялари ва Эрон нефти бўйича музокараларга борадиган ёки нефтни сотиб оладиган мамлакатларга қилган таҳдидлари Россия учун ҳам фойдали бўлди. Чунки Япония, Ҳиндистон ва бошқа харидорларга хом ашё сотишни кўпайтирди.

Бундан ташқари, Форс кўрфазидаги беқарорлик ва нефть танкерларига ҳужумлар, Россияга хавфсизроқ муқобил сифатида Арктиканинг маршрутини тақдим қилишига имкон беради.

Кремлнинг Исроил билан яхши алоқалари бор экан, Фаластин миллий маъмурияти, Саудия Арабистони ва Туркия минтақадаги асосий ўйинчи ҳисобланади.

Лондондаги Британия аналитик маркази “Chatham House”нинг янги таҳлилларига кўра, Трампнинг Эронга нисбатан сиёсати Европани Вашингтондан бегоналаштиришга хизмат қилади ҳамда Яқин Шарқда Россия ва Хитой манфаатларини оширади.

Бу минтақа, айниқса, Россияни глобал куч сифатида бирлаштиришга қаратилган Путин сиёсатида стратегик аҳамиятга эга. Яқин Шарқнинг бир қатор мамлакатлари энергия ишлаб чиқарувчилардир ва улар қурол, атом энергияси ва инфратузилманинг кучли харидорларидир.

ХАТОЛАР

Украина масаласи Россия учун яна бир муваффақият. Қўшма Штатлардаги Демократик партия Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленскийга қилган босими Трампни импичментга олиб келиши мумкинлигини айтди.

У телефон орқали Зеленскийдан Демократ номзод Жо Байденнинг ўғли ишини текширишни сўраб, агар бундай қилинмаса, Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатишни айтиб қўрқитган.

2014 йилдан бери Вашингтон Киев ҳукуматининг Донбасс вилояти, Украина шарқи, Россия томонидан қўллаб қувватланувчи ҳарбий кучлар ва Қрим ярим оролини босиб олинишига қарши асосий иттифоқчиси бўлиб келган.

Россия дунёнинг бошқа қисмларида ҳам ўз позицияларини оширди, масалан, Венесуэлада.

Оқ уй 2019 йил бошида Венесуэлада ҳарбий аралашув бўйича тушунарсиз сиёсат олиб борди. Бу хато эса оппозиция етакчиси Хуан Гуайдо ва Лотин Америкаси ҳукуматларини интервенционистик позицияга мослашишга ундади.

Кейин Россия АҚШнинг бостириб киришига йўл қўймаслик учун “мумкин бўлган ҳамма нарсани“ қилишини эълон қилди ва март ойида у Каракасга ҳарбий самолётлар юборди.

Сентябрь ойида Трамп Жон Болтонни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимидан четлатгандан сўнг у талаб қилинаётган ҳарбий аралашув учун ожизлик қилди.

Аслида АҚШнинг аралашмаслик тенденцияси Барак Обама маъмуриятида намоён бўла бошлаган эди. Афғонистон ва Ироқдаги нохуш тажрибалардан сўнг Америка жамиятининг бир қисми ва асосан Трамп сайловчилари ноаниқ сабабларга кўра узоқ урушларда қатнашишни хоҳламайдилар. Трамп қаттиқ риторикани амалда ишлатади ва иқтисодий ва тижорий босимни қўллайди, аммо ҳарбий кучни ишлатишни истамайди.

КИМ ҚАНДАЙ ПОЗИЦИЯДА?

Катта давлатлар ўртасидаги муносабатлар доирасида, АҚШнинг куч ишлатишни рад этиши, Москвага куч билан бир қаторда Украина ва Сурия ишларига ҳарбий битимлар ва савдо орқали аралашиш имконини берди.

Айни пайтда Россия қурол-яроғ савдоси орқали Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка давлатларида, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасида ўз таъсирини кенгайтирмоқда. Россия қурол экспорти бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. 2014 йилдан 2018 йилгача Россиянинг Яқин Шарққа қурол сотиши 16 фоизга ошди.

Совуқ уруш давридан фарқли ўлароқ, буюк давлатларнинг таъсири ғоявий хусусиятларга эга эмас. Масалан, Москва ўз алоқаларини геосиёсий манфаатлар асосида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа форумларда овоз беришда ресурсларга, потенциал бозорларга ва иттифоқчиларга асосланади.

Карнеги институти маълумотларига кўра, Россия Ғарб ҳукуматларини беқарорлаштириш учун маълумотлардан (ижтимоий тармоқлар) фойдаланишни, ўнг қанот сиёсий партияларни қўллаб-қувватлашни, қурол савдоси орқали иттифоқ тузиш ва Болқонда этник низоларни авж олдирадиган дипломатияни амалга оширади.

Анъанавий равишда АҚШ томонидан бошқариладиган ҳудудларда пайдо бўлиш учун эса Венесуэла ва Кубага ёрдам беришдан фойдаланади.

Аммо Россия имкониятларини ҳаддан ташқари ошириб баҳолаш керак эмас. Мамлакатнинг ташқи сиёсати ўзининг ички ҳолатини акс эттирадиган даражада, Россия иқтисодий ўсиш, маҳсулдорлик, коррупция, технологик қолоқлик ва чуқур ижтимоий ва минтақалараро тенгсизлик муаммосидан азият чекмоқда.

АБАДИЙ ДАВОМ ЭТУВЧИ ПАРТИЯ

Президент Путин бир неча бор халқаро либерал тизим тугаганини ва АҚШ кўп томонлилик дунёни тан олиши кераклигини айтган.

Совуқ урушнинг икки томонлама (биполяр) бўлишининг тугаши (Қўшма Штатлар собиқ СССРга қарши) иштирокчиларнинг кўпайишига олиб келар эди. АҚШ, Хитой, Россия, Европа, ва Япония, шунингдек, Ҳиндистон ва Бразилия каби ривожланаётган давлатлар турли даражадаги ҳарбий ва иқтисодий кучларга эга ва ҳеч ким бошқаларга ўзларининг иродасини юклай олмайди.

Яқинда чоп этилган мақоласида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, АҚШ ва Ғарб ўзлари яратишда ёрдам берган халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузаётгани, “баъзи мамлакатларнинг иродасини бошқаларга юклаш учун ишлатиладиган сиёсатини“ ва “энг истисносиз тенгсизлик, адолатсизлик, худбинлик ва эътиқод сиёсати билан ўзаро боғлиқ бўлган либерализм, демократия ва инсон ҳуқуқлари риторикасини танқид қилмоқда

Ташқи ишлар вазири шунингдек, либерализм номи билан Эрон, Куба, Венесуэла, Шимолий Корея ва Сурия каби давлатларга нисбатан санкцияларни, Ғарбнинг араб баҳорини қўллаб-қувватлашини ва “мамлакатлардаги рус озчиликларининг инсон ҳуқуқлари бузилиши“ни танқид қилмоқда

Лавровнинг фикрича, Ғарб ўз кучини йўқотганини тан олмайди, шунингдек, Ядро қуроли назорати бўйича битимларни бекор қилиш – Вашингтон ва унинг иттифоқчиларининг Иккинчи Жаҳон уруши охирида ўрнатилган кўп томонлама тизимни йўқ қилиш ва бошқа давлатларни бўйсундириш учун баҳоналаридир.

У шунингдек, “Вашингтон Россия ва Хитой кучлари ўртасида адоватни рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда. Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси “полицентрик дунё меъморчилиги“нинг қайтариб бўлмас даражада кўтарилишига тўсқинлик қилишга қаратилган”, деб ёзади.

Вазирнинг сўзларига кўра, дунё Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми атрофида “манфаатлар мувозанатини“ топиши керак, аммо аста-секин янги кучларни, янги бирлашмаларни (масалан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотини) тан олишга одатланиб, “кўп қутбли демократия“нинг фойдасига ишлаши лозим.

Мамлакатлардаги тенгсизлик ва тўқнашувлар натижасида юзага келган беқарорлик билан бирга АҚШнинг сиёсий инқирози бир қатор мамлакатлар ва минтақаларда Россия ва Хитой учун муҳим имкониятларни очиши мумкин.

Ушбу учта куч ўртасидаги сиёсий ва тижорат қарама-қаршилиги, давлатлар ва минтақалар, айниқса Европанинг уларга муносабати халқаро тизимнинг келажагини белгилаб беради.

Нурбек АЛИМОВ,

Халқаро муносабатлар эксперти

ЎзА