Мақолалар

Ғоялари пуч ва ёлғон фирқа

Чоп этилди Noyabr 19, 2019 Ғоялари пуч ва ёлғон фирқаda fikr bildirishni o'chirish

XIX аср сўнгида Германияда туриб инсониятга “жаннат”ни ваъда қилган “даҳо”ларнинг ворислари XX аср ўрталарида яна пайдо бўлди. Бу сафар энди Яқин Шарқда ўтган асрнинг 50-йилларида фаластинлик Тақийуддин Набаҳоний бу ишга бош бўлди. Аслида Фаластин озодлиги йўлида тузилган “ҳизбут таҳрир” бугун инсониятга яна “жаннат”ни ваъда қилаётир.

Бу икки ғоянинг ўхшаш жиҳатлари шундаки, улар фаровон ҳаётни одамлар қони эвазига бунёд этишни тарғиб этади. Яқин тарихимизда мустабид тузум туфайли халқимиз ва миллатимиз чеккан жабру ситамлар, адоқсиз қатағонлару топталишлар ҳали ҳеч биримизнинг эсимиздан чиққан эмас. Манбаларда келтирилишича, террорчиларнинг етакчиларидан бири Марказий Осиёда “жиҳод” ҳақида гапираркан: “Халифаликни барпо этиш тарафдорлари” ҳеч қандай қурбонлар беришдан тап тортмайди, агар зарур бўлса, янги давлат кофирлар қони устига қурилади”, деган бир баёнотида. Таассуфки, бу ўринда “кофирлар” деганда “ҳизбут таҳрир” йўлига юрмаган мусулмонлар ҳам назарда тутилган. Ҳолбуки, Ислом мусулмонларни ҳатто лаънатлашга ҳам ижозат бермаган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

“Ҳизбут таҳрир”нинг ўлкамизга кириб келиши, ўтган асрнинг 80-90 йилларига тўғри келади. Собиқ Иттифоқ барҳам топиб, Марказий Осиёда дини ва ижтимоий яшаш тарзи бир-бирига яқин бўлган бешта янги давлатнинг пайдо бўлиши ҳизбчиларни руҳлантириб юборди.

Шундай қилиб, 1990-йилларнинг бошларида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, мамлакатимизда ҳам “ҳизбут таҳрир”нинг илк халқалари пайдо бўлди. Халқаларда энг аввало ёшларнинг онгини заҳарлашига жиддий эътибор қаратилди. Даъватларнинг асосий мавзуси мавжуд конституцион ҳукуматларни ағдариш ва унинг ўрнида халифалик барпо этишга йўналтирилган эди. Ҳизбчилар энг аввало ғўр ёшлар ва ожиза аёлларни нишонга олди. Бу ўринда улар иккита йўлдан фойдаланишди. Биринчиси, моддий рағбат. Ўша йиллари ҳукуматга қарши варақа тарқатиш, симёғочларга даъватлар ёзилган қоғозларни осиб кетиш 50-100 АҚШ долларида баҳоланган. Иккинчи йўл эса ақидапарастларнинг энг нозик қуроли – руҳиятни заҳарлаш билан боғлиқ. Яъни, улар Худодан қўрқмай алданганларга бу йўлда қурбон бўлса, тўғри жаннатга тушишларини ваъда қилишган.

Ҳизбийлар минтақамизда асл мақсадларига ета олишмаса-да, кўплаб дилхираликлар содир бўлишига сабабчи бўлишди. Энг ёмон томони, оми ёшларимиз ва аёлларимиз онгини заҳарлашди. Ҳеч қачон эришиб бўлмайдиган сароб бир хаёл ортида саргардон қилишди. Кучли психологик таъсир ва мафкуравий тазйиқ остида онги шаклланган кўплаб ёшлар на Ватанни, на ота-онасини тан олади, улар бамисоли манқуртларга ўхшаб берилган кўрсатмага асосан ҳаракат қилади.

Ҳозирги пайтга келиб “ҳизбут таҳрир” ва бунга ўхшаган бошқа бузғунчи оқимлар ўзларининг Исломга зид бўлган вайронкор ғояларини тарқатиш ва ёшларни тузоқларига илинтириш йўлида интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Афсуски айрим ёшлар Ислом ниқоби остида олиб бораётган бузғунчи харакатларнинг қурбони бўлиб, дин душманларининг қуролига айланиб қолмоқда.

Бу йўлга кириш ҳеч кимга фойда келтирган эмас, фақат зарар келтиради. Агар сиз, 10-15 йил олдин шу йўлга кирган, энди билим ва тушунчаси, тажрибаси тўлишган кишилар билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, бу хаёлий нарса эканини, шу нарсага ундаган даъватчилар эса, бошингга иш тушса, кунингга ярамаслигини, мудом парда ортида туришини айтади. Таъкидлаш керакки, сўнги йилларда бу ҳақиқатни англаб етаётган, “ҳизбут таҳрир”дан қайтган кишилар кўпайди. Уларнинг аксарияти боши берк кўчага кириб қолганига иқрор бўляпти.

Глобал сиёсат ҳукм сураётган бугунги дунё огоҳликни ҳар бир давлат стратегиясининг муҳим қоидасига айлантирди. Жаҳон саҳнида хавфли касаллик вирусидай урчиб ётган турли мафкура ва ғоялар, назариялар инсоният бошига бугун ўлатдан ҳам оғир кулфатлар солишга қодир. Бундай таҳликали шароитда келажагимиз эртаси бўлган ёшларимиз онгу шуурини бегона ғоялардан асраш, уларни Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат руҳида камол топтириш, буюк аждодларимизга муносиб ворис қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг миллат ва Ватан олдидаги бурчимиздир.

 

Музаффар ЖАББОРОВ

Тошкент шаҳридаги “Фотимаи Заҳро” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан