Мақолалар

Хорижийлар ҳақида

Чоп этилди Noyabr 19, 2019 Хорижийлар ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Абу Авфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хорижийлар дўзах аҳлининг итларидир”, дедилар».

Таъкидланишича, хорижийлар дунёда адашган қавм бўлиб, улар ўзларини яхши иш қилаяпман, деб ўйлайдилар. Аслида, улар зиёнкор, амаллари дунёда ҳабата бўлиб, қиёматда ҳеч қандай тош боса олмайдиган ҳолатга келиб қолган. Бундай бўлишига сабаб, улар ўта жидду жаҳд билан ҳаракат қилишди, ибодатда ҳаддан зиёд зўриқишди ва қалбларида тойилиш бўлгани боис, шайтон алдовига учиб диндан яшин тезлигида чиқ­дилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг сифатларини шундай баён қилганлар: “Қуръонни (риё билан) ўқийдилар ва уни худди камон ўқини тўғрилаш каби (тажвид қонун-қоидаларига) тўғрилай­дилару, лекин ажру савобга эга бўлмайдилар. Улар диндан ўқ камондан чиққанидек (ўта тез) чиқа­дилар”.

Улар ғулувга кетиб, ҳатто бир гуноҳ билан мусулмонларни кофир, деб ҳукм қилишгача бориб етдилар. Бу борада улар Пайғамбар (алайҳиссалом)ларга ҳам тил теккиза бошладилар. Қалбларида тойилиш бўлгани учун Аллоҳнинг изни бўлмаган ҳудуд, яъни шариатга ҳам дахл қилиб, Қуръонни нотўғри таъвил қила бошладилар. Муташобиҳ оятлар устида изланишлар олиб боришиб, Аллоҳ бан­даларидан сир тутган нарсани билишга муккасидан кетдилар. Улар Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай васф этган: «Аммо, дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвили (асл маъноси)ни фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса дейдилар: “Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир”» (Оли Имрон, 7).

Мустаҳкам илмлилар адашган кимсаларнинг ҳо­лидан дахшатга тушганликлари Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Эй, Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт!” (Оли Имрон, 7).

Мазкур оятдаги “ладуун” сўзи “ъинда”, яъни “ҳузурида”, деган маънони араб тилида англатади. “Раҳмат” – Аллоҳ таоло 100 та раҳматни яратиб, улардан фақат биттасини бандалари орасида тақсимлаб, қолган 99 тасини Ўзида олиб қолди. Унинг раҳмати яратган 100 та раҳматдан афзал ва кенгдир. Илмда мустаҳкам кишилар “ҳузурингдан раҳмат ато эт”, деб сўрадилар. Ҳа, бу раҳмат – бошқалар қалбига ўрнашган тойилишдан уларни асрайди.

Абу Абдуллоҳ деди: «Улар Аллоҳ Қуръонда васфлаганидек, фитна илинжида муташобиҳ оятларга муккаларидан кетишиб, хосни омга, омни хосга бурдилар ва оятнинг охирини ушлаб, аввалини эътиборсиз қолдирдилар. Бир куни улардан бири Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)га: “Аллоҳ бир қавмни дўзахга киргазганидан сўнг, уни ундан чиқаради”, деяпсанми”, деди. У: “Ҳа, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шундай деб эшитганман”, деди. У, ундай бўлса Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига нима дейсан: “Ҳолбуки, улар ундан чиқувчи эмаслар. Уларга муқим (абадий) азоб (берилур) (Моида, 37), деди. Жобир (розияллоҳу анҳу) унга: “Оятни бошида: “Дарҳақиқат, куфрда бўлганлар қиёмат кунининг азобидан қутилиш учун (тўлашга) мабодо Ер (юзи)­даги (ҳамма) нарса ва (балки) яна ўшанча (нарса)га эга бўлганларида ҳам, улардан қабул қилинмагай. Уларга аламли азоб (берилур) (Моида, 36), деб ай­тилганига эътибор қил”, деди».

Мўмин бировнинг айбини яширади, мўмин меҳрибон, раҳимли, истиғфор айтувчи бўлади. Мўмин маломатга қолишдан сақланади ва ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам Аллоҳнинг раҳматини раво кўради. Фитначи эса мусулмонларнинг обрўларини тўкади, айблайди, Яратганнинг раҳматидан ноумид бўлиб, куфр келтиради. Айни бу сифатлар итларнинг хулқи бўлиб, фитначилар ўз феъллари, сўзлари билан Аллоҳнинг бандаларига ташланишади ва уларга нафрат нигоҳи билан боқишади. Улар дўзахга киргач, дунёда мусулмонларга худди итдек ташланганлари каби амалларида итга айланиб қоладилар.

Абул Олия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Қайси неъмат афзаллигини билмайман: Аллоҳ мени исломга ҳидоят қилганими ёки ҳарурий (хорижий) қилмага­ними”.

Абу Ғолиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Дамашқдалигимда Ироқдан хорижийларнинг катталари олиб келиниб, масжид ўртасига тик қилиб қўйилдилар. Ўша пайт тик турганимда, эшак минган бир қария уларга қараб, йиғлаб: “Дўзах итлари, дўзах итлари, дўзах итлари”, деди. У ҳақда (атрофдагилардан) сўрадим. Улар: “У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг асҳобларидан Абу Умома Боҳилий (розияллоҳу анҳу)дир”, дедилар. Шунда унинг олдига яқинлашиб: “Эй, Абу Умома! Дўзах итлари, деб йиғлаяпсан (тинчликми?)”, дедим. У: “Уларда раҳмат бор эди. Чунки улар намоз ўқиганлар, рўза тутганлар, ҳаж қилганлар ва умра қилганлар, сўнгра дўзах итларига айланиб олишган”, деди. Шунда, “Буни ўзинг айтяпсанми ёки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганмисан”, дедим. У: “Бир марта ёки икки марта ёки уч марта ёки тўрт марта ва ҳатто ўн марта эшитмаганимда, уни айтмаган бўлар эдим. Лекин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шундай деяётганларини эшитганман: “Яқинда умматимдан бир қавм (чиқади. Улар) Қуръонни тиловат қиладилар-у, (лекин) уларга қироатлари наф бермайди. Аллоҳ таолога ибодат қиладилар-у инсонларни қилаётган ибодатларини камситадилар. Улар ўқ камондан чиққанидек диндан отилиб чиқадилар. Улар халқнинг ва махлуқотларнинг энг ёмонлари. Улар ер остидаги энг ёмон ўлдирилганлар. Ким уларни қатл қилса ёки улар кимни қатл қилса, унга жаннат бўлсин”».

Саид ибн Жаҳмондан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Абу Авфа олдига келиб, унга салом бердим ва у: “Отангга нима қилди”, деди. “Азрақийлар уни қатл қилган”, деб жавоб бердим. Шунда, у: “Азрақийларни Аллоҳ лаънатласин”, деб уч марта такрорлаб: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни дўзах итлари экани ҳақида менга айтганлар”, деди. “Азрақийларнинг ўзими ёки хорижийларнинг ҳаммасими”, дедим. У: “Хорижийларнинг барчаси”, деди. “Ахир, султон уларга зулм қилади ва нима қилса қилади-ку?!” дедим. Шунда, у қўлимни ушлаб қаттиқ сиқиб: “Яшамагур! Эй, ибн Жаҳмон кўпчиликнинг йўлини тут. Султон сени эшитса, олдига келиб билганларингни етказ. Қабул қилса, қабул қилди, бўлмаса уни ўз ҳолига қўй. Зеро, сен ундан билувчи эмассан”, деди».

Азрақийлар хорижийларнинг бир қисми бўлиб, уларнинг етакчиси Нофиъ ибн Азрақ бўлган. У кўпинча талашиб-тортишар ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) замонида Қуръонни таъвил қилар эди. Уни йўлини тутган кишиларга Нофиънинг нисбаси берилиб, “азрақийлар”, дейилган. Бир қавлга кўра, азрақийлар Али (розияллоҳу анҳу) замонасида юзага келган ва уларга Ибнул Кавоъ етакчилик қиган. Яна бир қавлга кўра, тобеийлар замонасида ҳарурийларни қўллаб-қувватловчиларга азрақийлар дейилган. Улар Али (розияллоҳу анҳу)га қарши чиққан ҳаруроликларнинг бир қисми бўлганлар. Ҳаруро Савод қишлоқларидан бир қишлоқнинг номи.

Каъб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Шаҳидда иккита нур бўлади. Хорижийлар қатл қилган шаҳидда эса, ўнта нур бўлади. Жаҳаннамда еттита эшик бўлиб, улардан бири ҳарурийлар учун бўлади”.

Хорижийлар Довуд (алайҳиссалом) замонасида ҳам мавжуд бўлиб, уларга Довуд (алайҳиссалом) олиб келган дин оғир туюлиб, у зот бошқа ишларга чалғиб қолганда унинг ўғлини алдашиб, ўзларига уни ҳукмдор қилишиб, Довуд (алайҳиссалом)га қарши чиқдилар.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаҳаннамнинг еттита эшиги бўлиб, улардан бири умматимга (ёки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига) қарши қилич яланғочлаган кимсаларгадир”, дедилар».

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида бир кишининг ибодати, жидду жаҳди бизни ҳайратга солди. Шунда, уни исми билан Расулуллоҳга эслатдик. У зот уни танимадилар. Сифатларини айтиб таърифладик, танимадилар. Биз уни эслатиб турган эдик, тўсатдан у киши чиқиб қолди. Биз: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Шу киши”, дедик. У зот: “Юзида шайтоннинг доғи тушган киши ҳақида айтган экансизларда”, дедилар. У тўғри келиб, мажлис олдида турди. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Барака топгур! Мажлисга келганингда, бу ердагиларнинг бирортаси мендан афзал ёки яхши эмас, дедингми”, дедилар. У: “Эй, Аллоҳ! Ҳа, шундай”, деб намоз ўқишга кириб кетди. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бу кишини ўлдиради”, дедилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Мен”, деб (ўрнидан туриб, уни олдига) кирди ва уни намоз ўқиётганини кўриб: “Субҳаналлоҳ! Намоз ўқиётган кишини ўлдираманми? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозхонларни ўлдиришдан қайтарганлар”, деб ташқарига чиқди. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нима қилдинг”, дедилар. У: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин. У намоз ўқиётган экан, ахир ўзингиз намозхонларни ўлдирманглар дегансизку”, деди. У зот: “Ким уни ўлдиради”, дедилар. Умар мен, деб чиқди, лекин уни саждада топиб: “Аллоҳ учун саждага бошини қўйган кишини ўлдираманми. Абу Бакр мартабада мендан афзал бўла туриб, ортига қайтди”, деб ташқарига чиқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нима бўлди”, дедилар. У: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Уни саждада топиб, Аллоҳ учун бошини саждага қўйган кишини ўлдиришни ўзимга эп кўрмадим”, деди. Шунда, у зот: “Уни ким ўлдиради”, дедилар. Али: “Мен”, деди. У зот: “Уни (қандай) топсанг, ўлдир”, дедилар. Али борганида у чиқиб кетиб бўлган эди. У Расулуллоҳнинг олдига келиб: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, у чиқиб кетибди”, деди. У зот: “Уни ўлдирганингда, аввали ҳам, охири ҳам бир бўлган умматимдан икки киши ихтилофга бормас эди”, дедилар».

Муҳаммад ибн Каъб Қуразий (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: “Али (розияллоҳу анҳу) Наҳравон куни айнан шу кишини ўлдирди, у – икки эмикли Ҳирқавс эди”.

Абу Салама (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ ўлжаларни тақсим қилаётганларида бир киши: “Эй, Муҳаммад! Одил бўл”, деди. Шунда, Расулуллоҳ кўзларини унга қаратиб: “Ҳолингга вой бўлгур! Мен адолатли бўлмасам, ким адолатли бўлади. Бу кабилар (яқинда) пайдо бўладилар, Қуръонни тиловат қиладилар-у, ҳеч наф кўрмайдилар. Набодо, улар намоён бўлишса, бўйинларига қилич билан уринглар”, дедилар».

Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Охирги замоннинг қавмлари бетайин бўлиб, энг яхши сўзларни айтадилар, Қуръонни ўқийдилар-у, лекин уларга наф бермайди. Ким уларни учратса, ўлдирсин. Чунки уларни ўлдирган кишига ажру савоб бор”, дедилар».

Хорижийлар жоҳил, аҳмоқ ва қалбларини зулмат эгаллаган қавм бўлиб, улар бир-биридан ўтган аҳмоқ, йўлдан тойилган, зиндиқдирлар. Шайтон уларнинг қалбларини ўзини бўёғи билан бўяган ва уларнинг амаллари қиёмат куни худди тўзиган чанг-ғубор каби вазнсиз бўлади.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм