Мақолалар

Мўминлик фазилатлари

Чоп этилди Noyabr 20, 2019 Мўминлик фазилатлариda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирдилар: Бадгумонликдан сақланинглар, чунки энг ёлғон сўз – гумондир.  Кавлаштирманглар, жосуслик қилманглар, бир-бирнгизга нажш қилманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингизни ёмон кўрманглар, бир-бирингизга орқа ўгирманглар. Биродар бўлинглар, Аллоҳнинг бандалари! » (Имом Бухорий ривояти).

Бадгумонликдан сақланинглар, чунки энг ёлғон сўз – гумондир”. Ҳадисда мусулмон ҳақида ҳеч бир далил-исботсиз ёмон ўйлаш ёки гумон сабаб бирор кишига зарар етказишдан қайтарилмоқда. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят). Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ: “Биродаринг ҳақида ёмон гумон қилишинг уни заҳарлаб ўлдиришинг билан тенг”, деб огоҳлантирган.

Кавлаштирманглар, жосуслик қилманглар. Мўмин ўзи каби бир банданинг айбини ахтариб, азиз умрини бесамар совуриши ножоиз, гуноҳ ишдир. Агар киши ўзидаги айб-камчилик билан овора бўлса, турли иллатлардан сақланади. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ: “Ғийбатдан омонда бўлишни истасанг, гумон эшикларини маҳкам беркит. Зеро, гумондан узоқлашган киши дўсти айбини излашдан омондадир. Ўзганинг хатосини ахтаришдан йироқ одам ғийбатдан ҳам четланади”, деб ўгит берган. Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади: “(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

“Бир-бирингизга нажш қилманглар”, “Нажш” сўзи луғатда “қўзғатиш”, “авраш”, “шишириб кўрсатиш”, деган маъноларни англатади. Савдода “нажш” деб бошқаларни қизиқтириш учун молни баланд баҳога савдолашишга айтилади. Бунда харидор бўлиб кўринаётган шахс сотувчи билан келишиб олган бўлади. Молини мақтаб, баланд нархга савдолашади. Уларнинг қизғин савдосини кўрган бошқа кишилар ҳам молни ўша нархга сотиб ола бошлайдилар. Бундай иш қатъиян мумкин эмас, бу тарзда топилган маблағ ҳаром бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятида Набий алайҳиссалом: “Ўзаро ҳасадлашманг. Ўзаро нархларни ошириб юборманг (яъни, сотиб олиш нияти бўлмаса-да, нархини ошириш учун ёлғондан баҳолашманг). Бир-бирингизга ғазаб қилманг ҳамда аразлашиб муносабатларни бузманг. Бирингиз ўзганинг савдоси устига савдо қилмасин”, деб огоҳлантирганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бир-бирингизга ҳасад қилманглар”. Ҳасад ўзгага берилган неъматнинг заволини исташдир, унинг ҳар қандай шаклига йўл бермаслик керак.

Бир-бирингизни ёмон кўрманглар”. Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: “Қилич ва найза билан эришилмаган кўп ишлар мулойимлик билан ҳосил бўлади. Ғазаб келтириб чиқарган зарар аввал ғазабнокнинг ўзига қайтади”, дейди. Лекин мустасно ҳоллар ҳам мавжуд. Масалан, мўмин гуноҳ қилаётган кишига нисбатан ғазабланиши вожиб ва бунга савоб ҳам олади.

“Бир-бирингизга орқа ўгирманглар”. Бу амр адоват, аразлаш, тортишиш, ёрдам бермаслик ёки салом бермаслик каби ҳолатлардан қайтаради. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким мусулмонни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоясиз қолдирса, Аллоҳ таоло ҳам уни Раббисиининг ҳимоясига илҳақ бўлиб турган ҳолида ташлаб қўяди. Ким мусулмонни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоя этса, Аллоҳ таоло ҳам уни Раббисининг ҳимоясини истаб турган жойда ташлаб қўймайди”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Биродар бўлинглар, Аллоҳнинг бандалари! Бу буйруқ шафқат, раҳмат, муҳаббат, ҳамдардлик каби хислатларни ўз ичига олган. Мўминлар ўзаро қондош ака-укалардек бўлишлари вожиб. Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни бундай таърифлаган: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят). Яна бир ояти каримада айтилади: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар…” (Тавба сураси, 71-оят). Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ўз умматларини сифатлаб айтганлар: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино cингаридир” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган).

Манбалар асосида Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

Мўминжон САИДАЛИЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан