Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 21, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

САВОЛ: Дафн маросимларида одамлар белкуракни қўлдан-қўлга бермай, ерга қўйинглар, дейишади. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Қабрга тупроқ ташлаётган кишилар белкуракни бир-бирининг қўлига бериши ёки ерга қўйиши ихтиёрий мубоҳ иш ҳисобланади. Лекин белкуракни қўлга бермай, ерга ташлаш, кейин бошқа киши қўлига олиши керак, дейиш бидъатдир. Бу каби ишлардан шумланиб, ирим қилиш мумкин эмас. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодандир.

CАВОЛ: Пиво ичимлигининг бир тури таркибида спирт йўқ экан. Танишларим: “Бу маст килмайди, ичиш мумкин”, дейишяпти. Алкоголсиз пивони ичиш мумкинми?

ЖАВОБ: Алкоголсиз пивони истеъмол қилиш жоиз эмас. Бунга қуйидаги омиллар асос бўлади:

Биринчидан, Сурия Араб Республикасининг Озиқ-овқат ва саноат лаборатория институтининг бир гуруҳ мутахассислари томонидан алкоголсиз пиво ичимлиги таҳлил қилинган. Унга кўра, алкоголсиз пиво деб сотилаётган ичимликнинг таркибида 0,004% алкогол борлиги аниқланган. Бу эса уни кўп миқдорда ичиш кишини сарҳуш қилиши мумкинлигига далолат қилади. Франция суд экпертизаси томонидан 0,8 мл алкогол қон таркибига сўрилиши одамнинг сарҳушлигига кифоя қилиши аниқланган.

Шариатимизда маст қилувчи ҳар қандай ичимликнинг ози ҳам ҳаром ҳисобланади. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўпи маст қиладиган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).

Иккинчидан, Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ҳалол – аниқ, ҳаром – аниқ. Аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди…” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад).

CАВОЛ: Ҳозирда туяқуш боқиш урф бўляпти. Туяқуш гўшти ҳалолми?

ЖАВОБ: Туяқуш – гўштини истеъмол қилиш шаръан мумкин бўлган қушлар сирасига киради. Бу борада барча мазҳаб фуқаҳолари иттифоқ қилишган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди” (Моида сураси, 4-оят).

Манбалар асосидаЎзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво бўлими ходими

Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан