Мақолалар

Ейиш, ичиш ўнг қўл билан бўлсин

Чоп этилди Noyabr 21, 2019 Ейиш, ичиш ўнг қўл билан бўлсинda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ҳеч бирингиз таом ейишда ёки ичимлик ичишда чап қўли билан емасин ва ичмасин. Чунки шайтон чап қўли билан ейди ва ичади” (Имом Термизий ривояти).

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар ўнг қўлда касаллик, жароҳатга ўхшаш узрли ҳолат бўлса, чап қўл билан таомланиш мумкин. Бундан ўнг қўл билан ейиш ва ичиш мустаҳаб эканлиги, чап қўл билан эса макруҳлиги маълум бўлади”.

Салама бин Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алай­ҳиссалом бир кишини чап қўл билан таомланаётганини кўриб қолдилар-да, унга: «“Ўнг қўлинг билан егин”, дедилар. Шунда у: “Бундай қилолмайман”, деди. Набий алайҳиссалом унга: “Қилолмагин ҳам”, дедилар. Шундан кейин у ўнг қўли билан ея олмайдиган бўлиб қолди» (Имом Муслим ривояти).

“Чунки шайтон чап қўли билан ейди ва ичади”.

Аллоҳнинг неъматини эъзозлаш шукр­дир. Шу боис уламолар ўнг қўл билан ейиш, ичиш неъматларга шукр қилиш эканини таъкидлашади.

Умар ибн Абу Салама бундай ривоят қилади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоғларида бола эдим. Ўшанда таом сузилган товоққа қўл узатиб, олдимдан эмас, бошқа томонлардан ея бошладим. Шунда Набий алайҳиссалом менга: «“Ҳой бола! Бисмиллаҳни айт, ўнг қўлинг билан ва олдингдан егин!” дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Таомни бошлашдан аввал “Бисмиллаҳ”ни айтиш, агар уни унутган бўлса, эсига тушган пайтда “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу” дейиш лозим. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Таомни бошлашда “Бис­миллаҳ”ни айтиш ва якунида эса Аллоҳга шукр қилиш лозим”.

Одамлар билан бир товоқдан таом тановул қилаётган киши ўз олдидан ейиши суннатдир.

Демак, мусулмон киши, суннатга мувофиқ, таомдан олдин “Бисмиллаҳ”ни айтиши, ўнг қўл билан еб-ичиши ва якунида шукр қилиши керак. Бу билан таомланиш суннатларига амал қилиб, савобга эга бўлади.

 

Манбалар асосида Ургут тумани бош имом-хатиби

Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан