Мақолалар

Меҳмондорчилик

Чоп этилди Noyabr 21, 2019 Меҳмондорчиликda fikr bildirishni o'chirish

Меҳмондорчиликнинг ўн одоби бор

Биринчи одоб. Кўпроқ камбағал, мискин ва етимларни меҳмон қилиш керак. Бойларни хослаб зиёфатга чақирмаслик мақсадга мувофиқдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таомларнинг энг ёмони бойлар хослаб чақирилиб, фақирлар так­лиф қилинмай қолганидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Зиёфатга бир уйдан оила бошлиғи так­лиф қилинса, унинг ўғлини ҳам айтиш керак.

Иккинчи одоб. Меҳмонни иззат-икром қилиш лозим. Меҳмоннинг иззати уч кун.

Учинчи одоб. Уйни, деворларни меҳмон учун ясатиш макруҳ. Лекин нақшли кўрпа-тўшакларни меҳмонга тўшаса, жоиз. Шарти шуки, тўшаклар ипакдан бўлмаслиги зарур.

Тўртинчи одоб. Меҳмон­нинг олдига дарҳол таом келтириш керак. Таом ва нонни исроф қилмаслик зарур. Дас­турхонга меҳмонларга етадиган нонни қўйиш керак.

Бешинчи одоб. Дастурхонга таом тортилгандан сўнг уни ейиш учун илтифот қилиш керак. Аввал мезбоннинг таомга қўл узатиши мустаҳабдир. Агар меҳмон нотаниш бўлса, мезбон ҳаммадан кейин қўлини таомдан тортиши керак. Агар меҳмон таниш-билиш ва ошнолар бўлса, улардан бурун таомга қўл узатилмайди.

Олтинчи одоб. Меҳмон таомга ҳаддан зиёд тарғиб қилинмайди. Уч марта тарғиб қилинса, кифоя.

Еттинчи одоб. Таом тановулида меҳмонга шерик бўлиш лозим. Мезбон нафл рўза тутган бўлса, меҳмон учун рўзасини очиши жоиз.

Саккизинчи одоб. Меҳмон­га лаззатли ва латиф таом едирилади. Агар таом кам бўлса, шу навдаги оддийроқ таом тайёрланиб, меҳмонга асл, мезбонга оддийроқ таом тортилади. Таом тановулидан кейин меҳмон кетмоқчи бўлса, унга изн берилади ва кузатиб қўйилади. Меҳмон кетар чоғи унга: “Мени ҳурмат қилиб ке­либсиз, Аллоҳим сизни сий­ласин”, деб эзгу тилаклар бил­дирилади. .

Тўққизинчи одоб. Уйда нима бўлса, меҳ­моннинг олдига қўйилади.

Ўнинчи одоб. Меҳмонга ортиқча такаллуф қилинмай­ди. Лекин нияти хайрли бўлса, жоиздир.

Меҳмоннинг ўн одоби бор

Биринчи одоб. Бирор таниш, гарчи қўйнинг бир пой­часини пишириб чақирса ҳам, унинг таклифини қабул қи­лиши керак. Фақир кишилар зиёфатга таклиф қилишса, албатта, бориш шарт.

Иккинчи одоб. Айрим ула­молар никоҳ маросимига так­лиф қилинса, боришни ­вожиб, баъзилари эса муста­ҳаб деганлар. Узрсиз борол­маса, гуноҳкор бўлмайди.

Учинчи одоб. Золим, фосиқ, риёкор ва бидъатчи зиёфатга чақирса, борилмайди.

Тўртинчи одоб. Чақи­рилмаган жойга борилмайди. Агар икки қўшни бир пайтда зиёфатга таклиф қилса, энг яқининикига борилади. Агар иккала қўшни ҳам бирдай яқин бўлса, иноқроғи танланади.

Таклиф қилинмаган кишини зиёфат эгасининг рухсатисиз эргаштириб бориш макруҳдир. Агар қўшилиб борса, эҳсон соҳибининг эшиги олдига келганда, унга бу кишининг ўзи эргашиб келди, рухсат берсангиз кирсин, акс ҳолда қайтиб кетсин, дейиш керак.

Бешинчи одоб. Меҳмон тўйга ёки бошқа тадбирга боришдан аввал озроқ таом еб олгани маъқул. Чунончи, борган жойида очкўзлик қи­либ, дастурхонга ҳирс билан ёпишмасин.

Олтинчи одоб. Мезбон қаерни кўрсатса, меҳмон ўша ерга ўтиради. Нима берса, шуни тановул қилади. Меҳмон ҳар жойга қарайвермайди. Мезбонга таом ёки бошқа масалада буйруқ бермайди.

Еттинчи одоб. Меҳмонлар бир-бирларига эътироз билдирмайдилар. Илло, хизматкор ёки ошпазга йўл-йўриқ ва тавсия бериш жоиз.

Саккизинчи одоб. Мез­боннинг рухсатисиз дастур­хондан ҳеч нарса олиб кетил­майди. .

Тўққизинчи одоб. Кетар чоғи мезбон ҳа­қига дуо қи­лиш керак.

Ўнинчи одоб. Таомдан сўнг кетишга ижозат сўралади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан