Мақолалар

Банданинг тупроғи олинган жойга қўйилиши

Чоп этилди Noyabr 21, 2019 Банданинг тупроғи олинган жойга қўйилишиda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар банданинг бирор ерда умри тугаши ёзилган бўлса (ажали етган бўлса, кун-соати битган) у ўша жойга бирор эҳтиёж билан боради (ўз оёғи билан) ҳатто дунёнинг нариги чеккаси бўлса ҳам ва ўша ерда вафот этади. Ер эса, қиёмат куни Эй Раббим бу Сен менга омонат қилиб топширган банданг, дейди”,  дедилар».

Абу Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «(Банданинг) ажали уни ўша ерга етаклаб боради чунки у, ернинг ана ўша бўлагидан яратилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай дейди: “Биз сизларни ундан (ердан) яратдик, унга қайтарурмиз…” (Тоҳо, 55). Яъни киши ўзи яратилган (тупроғи олинган) жойга қайта­рилади».

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз билан Мадинанинг баъзи жойларини айланиш учун чиқдилар. Ковланаётган бир қабр олдидан ўтиб қолдилар ва унинг яқинига бориб: “Бу ким учун?”, деб сўрадилар. “Ҳабашистонлик бир киши учун”, дейилди. Шунда У зот: “Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ), ўзи яратилган тупроққа дафн этилиши учун (яшаётган) ери ва осмонидан шу ерга етаклаб келинибди”, дедилар».

Ривоят қилинадики, Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни яратиш учун ердан тупроқ олган вақтида, ер Раббисига нола қилди. Шунда Аллоҳ таоло унга: “Қайғурма, уни сенга қайтараман. Агар вафот қилса, у тупроғи олинган жойга дафн қилинади”, деди.

Инсон ерда худди омонат каби туради ҳаттоки қиёмат кунида: “Раббим менга қўйган омонатингдир” дей­ди. Бу омонат Раббисига ибодат қилади. Бу банда ерга берилган омонат бўлиб, қиёмат кунида савоб бериш учун қайта тирилтирилади. Инсон Раббисига қайтади чунки Аллоҳ таоло ердан кўра у бандага ҳақлироқ ҳисобланади. Чунки бу банда Аллоҳга дўст бўлди ва унга ёрдам берди. Шу сабабли уни қайта тирилтирди ва натижада мулк ҳақиқий ўз соҳибига қайтди. Шунинг учун у бандани Дорус салом (жаннат)га киритмоқлик учун Раббисига топширади. Ёки банда Раббисига бандалик қилишни инкор қилса, Аллоҳ таоло уни ер қорнида ҳибс қилиб қўяди. Бинобарин, Аллоҳнинг бандадан сўрайдиган ва талаб қиладиган нарсалари бўлиб, қиёмат кунида азоб бериш учун бандани қайта тирилти­ради. Аллоҳ таоло ушбу бандага ердан кўра ҳақлироқдир. Зеро, Аллоҳ таолонинг бандага хусума­ти бор, унинг жасадини бежиз яратмаган эди. Балки уни ҳақ учун ва ҳақ ила яратган эди”.

Бошқа бир хабарда шундай ривоят қилинади: «Она раҳми (бачадон)ларга масъул бўлган фаришта бачадондан нутфа (инсон уруғи)ни олиб кафтига қўяди ва: “Эй Раббим, бу яратиладими ёки яратилмайдими?” деб сўрайди. Агар Аллоҳ: “Яратилади” деса, фаришта: “Эй Раббим бунинг ризқи, умри, келажаги, ҳаёт йўли қандай?” дейди. Шунда Аллоҳ таоло: “Уммул Китобга қара”, дейди. Фаришта Лавҳул маҳфузга қараб у банданинг ризқи, умри, феъли ва амалини топади. Сўнг ўша банда дафн қилинажак ердан тупроқ олиб, нутфа билан қориштиради. Бу борада Аллоҳ таоло: “Биз сизларни ундан (ердан) яратдик, унга қайтарурмиз…” деб марҳамат қилган (Тоҳо, 55)».

Юқоридаги каби мазмундаги ҳадис Ибн Аббос ва Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳум) томонидан ҳам ривоят қилинган.

Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Нутфа бачадонга ўрнашганда фаришта уни икки кафти билан олиб: “Эй Раббим бу яратиладими ёки яратил­майдими?” деб сўрайди. Агар Аллоҳ: “Яратилмайди”, деса, унга одам шакли киритилмайди ва у бачадондан қон бўлиб чиқиб кетади. Агар: “Яратилади,” деса фаришта: “Эй Раббим ўғилми ёки қизми, бахтсизми ё бахтли? Унинг умри, ҳаёт йўли ва ризқи қандай бўлади? Қаерда вафот этади?” деб сўрайди. Шунда фариштага: “Она Китоб олдига бориб қарасанг бу нутфанинг тақдири ҳақида барча нарсани билиб оласан”, дейилади. Сўнг нутфага: “Раб­бинг ким?” дейилади. У: “Аллоҳ”, дейди. “Сенинг ризқингни ким беради”, де­йилса у: “Аллоҳ”, дейди. Шунда у (одам сифатида) яратилади, ўз умрини яшайди, ризқи насиба­сини олади ва ўз ҳаёт йўлини босиб ўтади (ўзи яратилган ерга боради). Умри тугаб вафот этса, ана ўша жойга кўмилади».

Ҳадисдаги “асар” сўзи бу тупроқ бўлиб, у ердан олиниб суви билан қориштирилади.

Мен Зубайр ибн Баккор Зубайрий Маданий (розияллоҳу анҳу) ўзининг Мадина аҳлининг Мадина фазилати ҳақида ҳамда Макка аҳлининг Макка фазли ҳақида ёзган китобларини зикр қилганларини эшитганман. Ушбу икки муқаддас шаҳар кишиларининг ҳар бири ўз диёрининг фазилатини зикр қилишдан тўхтамайди. Аммо биргина хусусият билан мадиналиклар маккалик­лардан устун келиб, бу борада маккаликлар шундай деганлар: Ҳар бир жон вафотидан кейин дафн қилинадиган ерининг тупроғидан яратилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам дафн этилган қабрларининг тупроғидан яратилганлар. Бундан аён бўладики, ана ўша (Мадина) тупроғи бошқа ердаги­лардан кўра олий фазилатга эгадир.

Ибн Сирин (розияллоҳу анҳу)дан юқоридаги ривоятни қувватловчи ривоят келтирилган.

Иброҳим ибн Язид Жавзийдан ривоят қилинади: «Мен Ибн Сириннинг бундай деганини эшитганман: “Мен шак-шубҳасиз ростгўй ва итоаткор бўлган ҳолда қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ Ўз пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамда Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)ни бир жой тупроғидан яратди ва сўнг уларни ана ўша тупроққа қайтарди”.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм