Мақолалар

Нил Армстронг Ойда азон эшитмаган

Чоп этилди Yanvar 29, 2019 Нил Армстронг Ойда азон эшитмаганda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, диний соҳа вакиллари ва маънавий-маърифий соҳа мутахассислари учун ташкил этилган малака оширишда бугун 8-гуруҳга Лутфулло Турсунов деган домла семинар-тренинг ўтказди.
Мутаасибликка берилишнинг инсон руҳиятига кўрсатадиган салбий таъсирлари ҳақида гапириб туриб, кутилмаганда: “Нил Армстронгнинг Ойда азон овозини эшитганига нима дейсиз? Масалан, Ойда азон чақирилиши мумкинми?” деб сўраб қолди. Домла менга юзланиб тургани учун мен жавоб беришим керак экан, деб ўйлаб: “Ҳа”, дедим. Менинг жавобимни эшитиб, аудиторияни би-ир кўздан кечириб олган домла бундай деди: “Нил Армстронг Ойда азон эшитмаган. У 1983 йил Эронга борган. Бир хонада гапириб турган, хона деразаси очиқ бўлган. Шу чоқ азон чақирилиб қолган. Азонни эшитган Нил Армстронгнинг ранги оқариб, қалтираб кетган ва “Нима бу?” деб сўраган, мезбонлар: “Намозга азон чақиряпти” деб жавоб беришган. Шундан сўнг фазогир айнан шу овозни Ойга тушган чоғи эшитганини айтган.
Бундай дейишдан унинг мақсади нима эди? У НАСАнинг навбатдаги парвозига пул топиш учун мусулмонларнинг энг нозик нуқтасига тегиб қўйган эди”.
Бу жавобни эшитиб ўйланиб қолдим. Наҳотки, одамлар эшитиб йиллар давомида ишониб юрган шундай ажойиб ҳодиса ёлғон бўлса. Наҳотки, бу машҳур фазогир Нил Армстронг ва унинг ортида турганларнинг макр-ҳийласи бўлса…
Шу каби саволлар бошимда чарх ура бошлади. Ишхонага келдим-у, дарҳол Ойдаги азон воқеасини ўрганишга киришдим.

ХУЛЛАС
“Нил О́лден А́рмстронг (ингл. Neil Alden Armstrong; 1930 йил 5 август – 2012 йил 25 август) – НАСА астронавти, синовчи-учувчи, космик инженер, университет профессор, АҚШ ҳарбий денгиз учувчиси, Ойга «Аполлон-11» экспедицияси таркибида учиб бориб биринчи бўлиб қўнган одам (1969 йилнинг 20 июли).

Мусулмонлар нима дейди?
Мусулмонларнинг таъкидлашича, Нил Армстронг Мисрга келган вақтида Исломга кирган. Мана бу воқеанинг типик версияси:
Воқеа Мисрда кўплаб гувоҳлар ва ОАВ вакиллари иштирокида юз берган… 1983 йилнинг февралида Армстронг Мисрга қандайдир анжуманга қатнашгани келади. Бу унинг нафақат Мисрга, балки Ислом оламига биринчи марта келиши эди. Анжуман давом этаётган чоқда президиумда Армстронгнинг қулоғига дафъатан таниш оҳангдаги овоз чалинади ва унинг ранги оқариб кетади. Унинг бу ҳолини кўриб ташвишга тушган мезбонлардан бу қандай оҳанглигини сўрайди. Саволининг жавобига Армстронг унинг ҳеч қанақа мусиқа эмаслигини, черков қўнғироқлари жаранглаб насронийларни ибодатга чақиргани каби, бу ҳам мусулмонларни намозга чақирувчи – азон эканини эшитади. Ушбу изоҳни эшитгандан сўнг Армстронг айтган гапни эшитган мисрликлар бошида чақмоқ чаққандек бўлади. “Шу овоз, ҳа, айнан шу овозни мен Ойга биринчи қадам қўйган вақтимда эшитган эдим ва ўшанда бутун танам бўйлаб чумоли ўрмалагандек баданим жимирлаб кетган эди! Дастлаб қулоғимда шовқин пайдо бўлди, кейин эса ана шу овозни кетма-кетликда эшитдим ва ниҳоятда ёқимли бир туйғуни ҳис қилдим”. Сўнгра гувоҳларнинг сўзларига кўра, ранги докадек оқариб кетган Армстронг: “Ё Аллоҳ! Мен Сени Ердан эмас, Ойдан топдим!” деди ва бир лаҳза жим бўлиб қолди, бир оз ўзига келиб сўзида давом этди-да: “Мен Ойга ибодатсиз кўтарилиб борган эдим, энди эса ибодат қиламан, мени мусулмон деб ҳисоблайверингизлар!” [1] деди.

Таҳлил
Ойга қўниш вақтидаги стенограмма ва аудиоёзувлар
НАСАнинг расмий сайтида Ойга қўниш чоғидаги стенограмма ва аудиозёзувлар эълон қилинган. Унда Нил Армстронг ва экипажнинг бошқа аъзолари нотаниш тилда бирор овоз эшитгани қайд этилмаган.[2] Боз устига, Ойга чиқишдан олдин Нил Армстронг ва унинг сафдоши ҳалок бўлган Аполлон-1 экипажи аъзоларини хотирлаб бир дақиқа жимлик сақлаганлар. Кейин эса Олдрин Янги Аҳддан парча ўқиган.[3]
Нил Армстронг ёрдамчисининг хати
1983 йил Нил Армстронгнинг ёрдамчиси Вивиан Вайт Халқаро насронийлик ҳамкорлиги ташкилотининг Осиё тадқиқотлари маркази директори Фил Паршалнинг хатига жавоб ёзган.
Нил Армстронг А.
Ливан, Огайо штати 45036
1983 йил 14 июль
Жаноб Халқаро насронийлик ҳамкорлиги ташкилотининг Осиё тадқиқотлари маркази директори Фил Паршал.
29524 Ливония, Мичиган 48152
Ҳурматли жаноб Паршал.
Жаноб Армстронг сизнинг хатингизга жавоб ёзишни мендан илтимос қилди. Унинг Исломни қабул қилгани ва Ойда азон овозини эшитгани ҳақидаги хабарлар ёлғон. Малайзия, Индонезия ва бошқа ислом давлатларида мазкур масалада ёзилган кўплаб мақолалар ўз исботини топгани йўқ. Айрим масъулиятсиз журналистлар тарқатган нотўғри хабарлар боис келиб чиққан ноқулайчилик учун сиздан узр сўраймиз. Кейинчалик жаноб Армстронг сиз билан телефон орқали мулоқотда бўлиб бу воқеа ҳақидаги фикрини яна бир бор такрорлашга рози бўлди. Шу ва бундан олдинги интервьюларга АҚШ давлат департаментининг ҳисоботлари нусхаларини қўшиб қўйдим.
Ҳурмат билан
Вивиан Вайт
Маъмурий ёрдамчи

АҚШ давлат департаментидан хат
1.Собиқ фазогир Нил Армстронг мусулмон давлатлари матбуотининг объектига айланиб қолди. Уларнинг таъкидлашича, У Ойда азон овозини эшитган ва кейинчалик Исломга кирган. Натижада Нил Армстронг мусулмон ташкилотлари ва арбобларидан ўзларининг фаолиятига қўшилишни сўраган мавзуда кўплаб хатлар ола бошлади.
2.Ҳеч кимни ранжитишни ва ҳеч қайси динга ҳурматсизлик кўрсатишни истамаган Армстронг унинг Исломга киргани ҳақида хабарлар ёлғон эканини бизга астагина шипшитиб қўйди.
3.У ҳали ҳам мусулмонлардан хат олишда давом этмоқда ва уларга Исломга кирмагани ва мусулмон ташкилотларига қўшилиш учун ҳеч қайчи давлатга бормоқчи эмаслигини айтмоқда.[4]
Армстронгнинг ўзининг айтганлари

Расмий биография
Нил Армстронг 2005 йил ўзи ёзган биографияда бундай деган:
Жуда кўп ташкилотлар мени ўзларининг аъзоси деб ҳисоблашини кўряпман. Аммо, аслида ундай эмас. Одамларнинг мусулмон бўлганим ҳақида айтганлари мен ҳақимда айтилган сўзларнинг энг даҳшатлисидир.[6]
Малайзиядаги форум
2005 йил Малайзияга форумга келган Нил Армстронг Исломни қабул қилгани ҳақидаги хабарни яна бир марта рад қилган.
У астронавтликка номзод Саид Захарийнинг саволларига жавоб берар экан, Ойга қўнган вақти унинг ҳаётидаги энг гўзал кунлардан бири бўлганини айтган.
Шунингдек, у азон овозини эшитгани ва Исломга киргани ҳақидаги хабарларни уйдирма деган[7]

Хулоса
Нил Армстронг Ойда азон овозини эшитмаган ва Ислом динига кирмаган. У Исломга киргани ҳақида тарқатилган хабарларни бир неча бор рад қилган. Буни аслида Ислом душманлари ўйлаб топганлар” (“ВикиИслама”дан жузъий қисқартиришлар билан олинди).
У қайси динга эътиқод қилган?
Хўп, Нил Армстронг Исломга кирмаган бўлса, қайси динда бўлган? Насронийми ёки яҳудийми?
У деизмга (лотинча деиз – Худодан) эътиқод қилган. Хўш, деизмнинг ўзи нима? Деизм диний-фалсафий йўналиш бўлиб, Худонинг мавжудлигини ва Унинг дунёни яратганини тан олади, лекин ғайритабиий ва сирли ҳодисаларни, ваҳийнинг келгани ва диний догматизмни инкор қилади.

Тахмин
Турсунов домланинг фикрига кўра, (Эрондами, Мисрдами – нима фарви бор?) Нил Армстронг НАСАнинг навбатдаги парвози учун пул йиғиш ниятида ана шу ҳийлани катта маҳорат билан ишлатган.
Аммо Нил Армстронг бу гапни ҳеч қачон айтмаганини таъкидлаган.
Лекин шу гап чиққан-ку! Ким айтган уни?
Демак, буни Исломнинг душманлари ўйлаб топиб, дунёга тарқатиб юборган.
Мақсад нима бўлган? Мақсад – НАСА учун пул тўплаш. Чунки Нил Армстронгнинг ўзи бу гапдан бехабар бўлган тақдирда ҳам пул унинг ҳисобига келиб тушаверарди-да. Иккинчи жиҳати, мусулмонларни шу йўл билан обрўсизлантириш бўлган. Яъни бундай ажойиб хабарни эшитган мусулмонлар севинганидан бутун дунёга жар солади, эртасига эса Нил Армстронг азон ҳам эшитмаганини, Исломга ҳам кирмаганини айтиб, матбуотда чиқиш қилади, мусулмонлар шарманда бўлиб қолади.

Натижа нима бўлди?
Бу уйдирма таъсирида мусулмонлар мулзам бўлиб қолгандир балки. Бироқ шу хабар сабаб бўлиб, Исломга кирганлар ҳам бордир, иймони янада мустаҳкам бўлиб қолганлар ҳам кўп. Демак, мусулмонлар бу хабардан унчалик кўп зарар кўрмабдилар.

Жавобим хатомиди?
Домланинг: “Нил Армстронгнинг Ойда азон овозини эшитганига нима дейсиз? Масалан, Ойда азон чақирилиши мумкинми?” деган гапида иккита савол бор: биринчиси, “Нил Армстронгнинг Ойда овозини эшитганига нима дейсиз?” саволи. Афсуски, шу саволга жавобим нотўғри бўлиб чиқди. Иккинчиси, “Ойда азон чақирилиши мумкинми?” саволи. Жавобим шу саволга нисбатан олганда тўғри. Негаки, Аллоҳ таоло истаса, нафақат Ойда, балки ўн саккиз минг оламнинг ҳаммасида, наинки, ўн саккиз минг оламнинг ҳаммаси, балки яна ўн саккиз миллиард олам яратиб, уларнинг ҳаммасида азонни жаранглатиб қўяди. Бу – Унинг қудрати илоҳийсидандир.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Қўшимча манбалар

• http://silonik.livejournal.com/56937.html
• • Eric M. Jones – One Small Step – NASA, accessed June 6, 2012
• • Matthew Cresswell – How Buzz Aldrin’s communion on the moon was hushed up – The Guardian, September 13, 2012
• • An image of this letter can be viewed here.
• • Arabia: The Islamic World Review, Issue June 1985/Ramadan 1405, p. 5
• • James R. Hansen – First Man: The Life of Neil A. Armstrong – Simon & Schuster, 2005, pp 630-632, ISBN 9780743256315
• • Armstrong recalls moon landing – The Star Online (Malaysia), September 7, 2005
• Is the story that the astronaut Neil Armstrong became Muslim true?