Мақолалар

Етти ҳалок этувчининг бири

Чоп этилди Yanvar 31, 2019 Етти ҳалок этувчининг бириda fikr bildirishni o'chirish

Афсуски, бировнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришни ўзига касб қилиб олган судхўрлар ҳанузгача учраб туради. Бундайлар қийналиб қолган киши ҳожатини айтиб келганда, эҳсон ёки қарз бериш ўрнига: “Маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман. Эвазига уни менга фоизи билан қайтарасан”, деб судхўрлик шартини қўяди. Агар қарздор пулни вақтида қайтара олмаса, устига яна фоиз қўшади ва ҳоказо.

“Рибо”, яъни судхўрлик луғатда “зиёда” маъносини англатади. Шариатда эса: “Муддат эвазига қарз берувчи қарз олувчидан ошиқча оладиган маблағдир”. Ибн Жарир Табарий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Жоҳилиятда бир кишининг бошқа бировга маълум муддатгача берган моли бўларди. Муддат тугаганда қарзини талаб қилар, қарздор эса: “Муддатини узайтириб бергин. Эвазига молингни зиёдаси билан қайтараман”, дерди. Иккиси ҳам бунга рози бўларди. Мана шу бир неча баробар кўпайтирилган рибодир. Аллоҳ таоло бундан қайтарган”.

Қуръони каримда “судхўрлик” худди хамр (ароқ) сингари босқичма-босқич ҳаром қилинди. Биринчи бор Аллоҳ таоло судхўрликни ёмон кўриши, савоби йўқ амал эканига ишора қилиб, ушбу оятни нозил этди: “Одамларнинг мол-мулкига кўпайсин деб сизлар берган рибо (фоиз) Аллоҳ наздида асло  кўпаймайди” (Рум сураси, 39-оят).

Иккинчи бор Мадинада ушбу ояти карималар нозил бўлди: “Яҳудий бўлганларнинг золимликлари ва кўп (кишилар)ни Аллоҳ йўлидан тўсганлари сабабидан уларга (олдин) ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик. (Яна бошқа) сабаблари – уларнинг устама (фоиз) олишлари ва одамларнинг мол-мулкларини ноҳақ еганларидир” (Нисо сураси, 160–161-оятлар). Аллоҳ таоло яҳудийларнинг рибони еб, лаънат ва ғазабга мустаҳиқ бўлишгани ҳақидаги қиссани ибрат сифатида баён қилди. Ушбу оят рибонинг “очиқ-ойдин” эмас, балки “ишора” билан ҳаром эканини билдирмоқда. Чунки бу яҳудийларнинг жинояти бўлиб, унда мусулмонларга рибонинг ҳаром эканига қатъий далил келмаяпти.

Учинчи бор Мадинада ушбу ояти карима нозил бўлди: “Эй имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз!” (Оли Имрон сураси,130-оят). Бу ерда рибонинг бутунлай эмас, қисман ҳаромлиги таъкидланмоқда.

Ниҳоят тўртинчи босқичда рибонинг ози ҳам, кўпи ҳам қатъий ҳаром этилди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (чинакам) мўмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитидан воз кечингиз! (Бақара сураси, 278–279-оятлар)

Рибо китоб, суннат ва ижмо билан ҳаром қилинган. У ҳалокатга олиб борувчи етти гуноҳи кабирадан бири ҳисобланади. «Аббос ибн Абдулмутталиб ва Холид ибн Валид жоҳилиятда ўзаро шерикчиликда иш қилишарди. Улар Сақиф қабиласидаги одамларга фоизга қарз беришарди. Ислом келгач, Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (чинакам) мўмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитидан воз кечинг!” (Бақара сураси, 278) оятини нозил қилгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Огоҳ бўлинг! Жоҳилият риболарининг ҳаммаси ҳаром. Мен бекор қилган энг аввалги рибо Аббос ибн Абдулмутталибнинг рибосидир”, дедилар».

Савдо-сотиқнинг ҳалоллигига иттифоқ қилинган. Лекин судхўрлар рибони ҳалол деб билишади. Ҳатто уни байга ўхшатишади. “Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган” (Бақара сураси, 275-оят). Судхўр рибодан молини кўпайтиришни мақсад қилади. Садақа бермайдиган киши ҳам молининг камайиб кетишидан хавотирланади. Рибо молнинг ўсишига эмас, камайишига сабаб бўлади.

Рибо – ҳаром, унинг оқибатида одамлар зулм кўради. Фоиздан тўпланган сармояда яхшилик ҳам, барака ҳам бўлмайди. Парвардигор судхўрларнинг молини йўқ қилишни ваъда қилди. Яъни, ё уни бутунлигича йўқ қилади ёки ундан баракани олиб қўяди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Рибода (мол) кўпайса ҳам, оқибати камлик бўлади», деганлар (Имом Аҳмад, Имом Табароний ривоятлари).

Парвардигор бундай огоҳлантирди: “Мабодо (бу буйруққа итоат) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва Пайғамбари томонидан (сизларга қарши бўлажак) урушни (азобни) билиб қўйингиз!” (Бақара сураси, 279-оят). Судхўрлик бор қалбга имон кирмайди. Урушнинг Буюк Аллоҳ таолога ҳамда башарининг улуғи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбат берилиши ҳеч кимнинг уларга қарши курашишга қодир эмаслигидир. Ояти каримада ҳаром ишни амалга оширишда давом этаверган кишининг оқибати аянчли эканига ишора бор. Шуларни билиб туриб ҳам судхўрликни давом эттираётган кимсаларни Аллоҳ таоло дўзахда абадий қилишларини вожиб этди. Қиёмат кунида судхўрлар қабрларидан туришолмайди. Худди жин чалган каби қоқилиб, йиқилиб кетишади.

Судхўрликни ташлаб, тавба қилганларни Аллоҳ таоло афв этади: “Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга. Зулм ҳам қилмассиз, зулм ҳам кўрмайсиз” (Бақара сураси, 279-оят). Мўмин гуноҳлардан нафратланиши ва улар ёмонлик келтиришини ҳис этиши зарур. Билмаган ҳолда рибо каби ношаръий ишга аралашиб қолганлар истиғфор айтиши, пулни кўпайтирадиган ҳалол ва баракали йўлларни излаши зарур. Чунки Аллоҳ таоло пок, пок нарсаларни қабул қилади.

 

“Тафсиратул оятил аҳкам минал Қуръан” асари асосида

Муниса БАҲОДИРЖОН қизи тайёрлади.