Мақолалар

САОДАТ АСРИГА САЁҲАТ: Пайғамбарлик ваҳийси

Чоп этилди Dekabr 2, 2019 САОДАТ АСРИГА САЁҲАТ: Пайғамбарлик ваҳийсиda fikr bildirishni o'chirish

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

У вақтда ҳазрат Али ёш бола бўлиб, Пай­ғамбаримизнинг хизматларида эди. Бир куни Пайғамбаримизнинг ўқиган намозларини кўриб:

– Бизнинг халқимизда йўқ одат, бу қан­доқ иш? – деб сўради. Анда Пайғам­баримиз:

– Аллоҳ таоло бутун инс-жинларга ме­ни пайғамбар қилди. Иброҳим Халилуллоҳ­нинг тутганлари Ислом динини Аллоҳ тарафидин келтурдим. Бутун халқни ушбу динга даъват қилишга мени Аллоҳ таоло буюрди. Бундан бошқа динлар барчаси ботилдур, – деганларида, ҳазрат Али бало­ғатга етмаган ёш бола бўлса ҳам, ҳақиқатни тушуниб дарҳол имон келтурди.

Яна ёш болалардин Пайғамбаримиз­нинг асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса имон келтурган эди. Бу болани онамиз ҳазрат Хадича қулликка сотиб олиб, бола ўзи зийрак, хизматга чаққонлигидин Пайғам­баримизга ҳадя қилиб берган эдилар. Бир муддат ўтган сўнгида Зайд­нинг отаси билан амакиси излашиб ке­либ, Пайғамбаримизга йўлиқдилар. Айт­диларким: .

– Эй Муҳаммад, бу бола бизнинг ўғ­ли­миздур. Қабила урушларимизнинг бирида ғалаба қозонган душманлар қўлига ўлжа тушиб кетган эди. Эшитсак, бу болани сизларга сотиб кетмиш эканлар. Биз сизни олий ахлоқли, юмшоқ кўнгилли, юқори ҳимматли, яхши одам деб англаймиз. Берган пулингизни қайтариш шарти билан боламизни сиздан сўраб келдик. Анда Пайғамбаримиз:

– Бу иш кўп яхши бўлур эди. Агар хоҳ­ласангизлар, болани ўз ихтиёрига солсак. Кимни хоҳласа, шу билан қолса, бунга биз ҳам рози бўлур эдик, – деганларида бу ишга улар ҳам розилик билдирдилар. Сўнгра Пайғамбаримиз Зайдни чақириб:

– Мана бу киши ўз отанг, манависи бўлса, амакинг экан. Йироқ ердин сафар машаққатини тортиб, сени излашиб келибдурлар. Энди нима дейсан? Мен билан қолиш ёки булар билан кетиш ихтиёри ўзингдадур, – деб эдилар, Зайд айтди:

– Ё Расулаллоҳ, ҳеч кимни сизга тенг кўрмайман, сиздин бошқа билан дунёда туришни тиламайман, – деб кўзига ёш олди.1 Отаси буни кўриб, икки ўртада қандоғ меҳр-муҳаббат боғланганини билиб, боласининг Пайғамбаримиздин ажралмаслигига кўзи етди ва ҳам ҳар тўғрилик боласидин кўнгли тинчиб, ўз жойларига қайтдилар.

Бу ўғил воясига етиб, дунёдин ўтгунча Пайғамбаримиз хизматларида бўлди. Саккизинчи ҳижрийда (милодий 629 й.) воқе бўлғон Муъта ғазотида уч минг кишилик Ислом аскарига бош қўмондон эди. Бу қўшинга Пайғамбаримиз оқ туғ тақдим қилган эдилар. Бу аскар ўзларига сон жиҳатдин қирқ-эллик баробар душман аскарига ҳужум қилдилар, аскар бошлиғи Зайд саф олдида оқ туғни тутиб, ҳужумга ўтди. Туғ қўлларида турган ҳолда етмиш еридин яраланиб, шаҳид бўлди. Аллоҳ ундин рози бўлсин. Бу воқеани ўз ўрни келганда тафсили ила ёзармиз, иншоаллоҳ. Қуръони каримда бутун саҳобалардин ёлғиз шу зотнинг номлари бордур.

Шундоқ бўлиб, секинлик билан динга кириш ишлари бошланди. Ҳазрат Абу Бакр Қурайш қавми ичида чўнг обрўга эга эди. Чунки ўзлари олий ахлоқли, очиқ қўлли, ширин сўзли, хушмуомала, хуш улфати зот эдилар. Халқ ўртасида сўзлари мўътабар эди. Шунинг учун қуйида номлари ёзилмиш кишилар ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ташвиқи билан имонга кирдилар: Биринчи – Абдураҳмон ибн Авф, иккинчи – Зубайр ибн Аввом, учинчи – Усмон ибн Аффон, тўртинчи – Талҳа ибн Убайдуллоҳ, бешинчи – Саъд ибн Абу Ваққос2. Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида шаҳодат айтишиб3, байъат4 бердилар. Шундай бўлиб, Ислом дини халқ ичига тарқала бошлади. Мусулмонлар сони ўттиз-қирққа яқинлашди. Дин сўзлари Макка шаҳрига ёйилди. Ислом аввалларида беш намоз фарз бўлмаган бўлса ҳам, ихтиёрий намоз ўқиш учун Жаброил алайҳиссалом намоз вақтларини белгилаб бердилар. Ва ҳам ўқиш тартибларини ўргатдилар. Саҳобалар намоз ўқимоқчи бўлсалар, уч йилгача Макка тоғлари ичида, далда (холи) жойларда ўқирдилар.

Бир куни ҳазрат Саъд ибн Абу Ваққос бир неча саҳобалар билан тоғ ичида яширинча намоз ўқиб турган чоғларида Қурайш мушрикларидин бир тўп кишилар келиб қолдилар. Буларнинг намоз ўқишларига қаттиқ ғазабланиб, инкор қилдилар. Ҳар икки тараф ўз сўзларини исботлаш устида бир қанча тортишувлар бўлди. Бунинг билан мушриклар қаноатланишмай, ўртадин уруш чиқардилар. Қуролсиз бўлган бу урушда ҳазрат Саъд ибн Абу Ваққос бир мушрикни туя суяги билан урганда, унинг боши ёрилди. Ислом бошланишида энг аввал тўкилган қон шу эди.

Бу воқеадан кейин ҳазрат Арқам деган саҳобанинг панароқ уйларига йиғилишиб, Пайғамбаримиздин Қуръон ўқишар эдилар. Пайғамбаримизнинг уруғ-туққанларидан ҳазрат Алидан бошқа ҳеч ким динга кирмаган эди. Ёлғиз Қурайш қабиласи эмас, бутун араблар ичида ҳам дин сўзлари тарқала бошлади. Ул замон арабларида ваҳшийлик сифатлари ғолиб бўлиб, маданиятсиз, ўқиш-ёзишдан йироқ ва ҳам ота-боболарининг ботил динларига, бузуқ расм-одатларига қаттиқ берилган эдилар. Шунинг учун Ислом динига дастлаб, чиқишида энг қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Борлиқ куч-қувватлари билан бу ишни йўқотиш-босишнинг қасдига тушдилар. “Ҳар киши ўз яқинларини, уруғ-аймоқларини қандоқ чоралар билан бўлса ҳам, бу йўлдан қайтарсин. Бу ҳақда ҳеч ким бировга раҳм қилиб, орачи бўлмасин. Агар Муҳаммаднинг динидан қайтмаган тақдирда ўлдиришгача, уриш-қийнаш чоралари кўрилсин”, деб Қурайш раислари ўзаро қаттиқ ваъда-ваъид қилишдилар. Мана шундоқ бўлиб, бало бошланиб, имтиҳон кунлари мусулмонлар бошларига келди. Чунки мўминлик даъво қилгувчи бандаларга дунёда турли офатларни юбориб, уни кўрикдин ўтказиб синашлик Аллоҳ таолонинг одатидур.

1 Ибн Қайюм Жавзий. Зодул-маод (тарж.), т. 3, Иклим, Истанбул, 1989, 39-бет.

2 Айни асар, 37-бет.

3 Шаҳодат айтиш (шаҳодат келтириш, калима келтириш) – “Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ”, яъни:
“Аллоҳнинг бирлигига, анинг қули Муҳаммаднинг пайғамбарлигига ишондим”, деб тили билан айтиб, дили билан ишонмоқдир.

4 Аҳд-паймон қилиб, садоқат ва ишонч билдириш (эркаклар қўл тутиб турган ҳолда, хотин-қизлар оғзаки тарзда).

Алихонтўра СОҒУНИЙнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан