Мақолалар

ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТХОНА: Диний ташкилот давлат рўйхатидан қандай ўтказилади

Чоп этилди Dekabr 2, 2019 ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТХОНА: Диний ташкилот давлат рўйхатидан қандай ўтказиладиda fikr bildirishni o'chirish

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний йўналишда ҳам амалга оширилаётган ишларни нафақат юртдошларимиз, айни пайтда хорижлик экспертлар ҳам юксак эътироф этишмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида пойтахтимизда иккита – “Сузук ота” ва “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги мажмуалар фойдаланишга топширилгани мўмин-мусулмонлар учун катта туҳфа бўлди.

Ҳозир республикамизда жами 2267 та диний ташкилот бўлса, шундан 2093 таси исломий ташкилот ҳисобланади. Исломий ташкилотларнинг 2063 таси масжидлардир. Халқимиз қадимдан масжидлар барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшган.

Таҳририятимизга масжидни давлат рўйхатидан ўтказишнинг тартиб-қоидалари ҳақида сўраб ёзилган мактублар келади, мурожаатлар кўп бўлади. Қуйида шундай саволларга Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида Низом асосида жавоб берилди.

САВОЛ: “Диний ташкилот” атамасига таъриф берсангиз.

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси фуқа­роларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар), шунингдек, диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари, диний ОАВ диний ташкилотлар деб эътироф этилади. Бир диний ташкилотнинг аъзоси бир вақтнинг ўзида бошқа диний ташкилотнинг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

САВОЛ: Диний ташкилотлар қайси қонун ҳужжатларига биноан ташкил этилади? 

ЖАВОБ: Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига асосан ташкил этилади ва фаолият юритади.

Мамлакатимизда ташкил этиладиган диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида (кейинги ўринларда рўйхатдан ўтказувчи орган деб аталади) давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Диний ташкилотларнинг марказий бош­қарув органлари ва диний таълим муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

САВОЛ: Диний ташкилотни рўйхат­дан ўтказиш учун тўлов олинадими?

ЖАВОБ: Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари;

бошқа диний ташкилотлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Диний ташкилотларни қайта рўйхатдан ўтказиш учун уларни давлат рўйхатидан ўтказишда назарда тутилган сумманинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Яъни, энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида маблағ тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳ­камасининг 2018 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида”ги 409-сон қарорига асосан тасдиқланган Ўз­бекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан, Диний ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уставининг дубликатини олиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.

САВОЛ: Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

ЖАВОБ: Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтка­зувчи органга диний ташкилотни ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши ўтказилган кундан бошлаб уч ой мобайнида қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари учун:

таъсис йиғилиши (конференцияси)­нинг раиси ва котиби ҳамда диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи­ни тузиш ташаббускорлари бўлган ўн саккиз ёшга етган юз нафардан кам бўл­маган Ўзбекистон Республикаси фуқа­ро­си имзолаган ва нотариал тартибда тас­диқланган ариза;

иккита асл нусхада нотариал тартибда тасдиқланган диний ташкилотни ташкил қилиш, уставини тасдиқлаш ва раҳбар органларини сайлаш бўйича маълумотлар мавжуд бўлган таъсис йиғилиши баёни ва диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи устави;

давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати;

диний ташкилот таъсисчилари тўғрисида­ги юқорида қайд этилган Низомнинг 3-иловасидаги шаклга мувофиқ маълумотлар;

диний ташкилотнинг раҳбар органи аъзолари тўғрисидаги юқорида таъкидланган Низомнинг 4-иловасидаги шаклга мувофиқ маълумот (раҳбар органлари ва уларнинг сони Ўз­бекистон Республикаси Вазирлар Маҳкама­си ҳузуридаги Дин ишлари бў­йича қўмита билан келишилган ҳолда бел­гиланади); .

диний ташкилот раҳбарларининг диний маълумоти ҳақидаги нотариал тартибда тасдиқланган ҳужжатлари нусхалари (ди­ний маълумот ҳақидаги ҳужжат хорижий давлатда берилган бўлса, унинг нострификация қилинганлиги бўйича ҳужжат нусхаси ҳам тақдим қилинади);

диний ташкилотнинг юридик (почта) манзили тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг (Ўзбекис­тон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Давлат санитария-эпидемиология хизма­ти, Ўз­бекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат ёнғин хавфсизлиги хиз­матининг тегишли бўлинмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ганларининг розилик хати илова қилинган ҳолда) кафолат хати;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳ­камаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилик хати.

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими мудири

Икромжон МАРДОНОВ жавоб берди.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан