Мақолалар

Онага итоат бундай бўлади

Чоп этилди Yanvar 31, 2019 Онага итоат бундай бўладиda fikr bildirishni o'chirish

Вайсул Қараний ҳазратларининг ишқи шу қадар аланга олган эдики, ягона орзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салланинг жамолини бир бора бўлса-да кўрмоқ эди. Шу ишқ ила кунлар ўтиб борар эди. Қалбидаги ишқ оташи куйдириши чидаб бўлмас даражага келган куни онасига:

– Онажон! Ижозат берсангиз, севикли Пайғамбаримизнинг муборак юзини кўриб келардим, Мадинага бориб зиёрат этардим, – деди.

Онаи зори узоқ вақт ўйланиб туриб:

– Фақат бир шарт билан рухсат бераман, Расулуллоҳни хонаи саодатларида зиёрат қиласан, бошқа ерда эмас, – деди.

Вайсул Қараний ҳазратлари онажоним рухсат бердилар дея Мадинага қараб йўлга тушди. Бир неча кун йўл юриб Мадинага етиб келди. Суриштириб Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйларини топиб борди. Хонаи саодатнинг эшигини қоқди. Ичкаридан Оиша онамиз:

– Ким у? – деб овоз берди.

Вайсул Қараний:

– Мен Вайсул Қаранийман, Яманнинг Қаран қишлоғидан. Расулуллоҳнинг зиёратига келдим, – деди.

Оиша онамиз:

– Расули акрам масжидга кетдилар. Ҳозир масжидга борсангиз, ўша ердан топасиз, – деди.

Вайсул Қараний:

– Оҳ! – деди – кетишим керак, онажонимнинг изни шу ерга қадар эди.

Оиша онамиз ҳайрон бўлиб:

– Эй Аллоҳнинг бандаси кимсиз ўзи? – деб сўради.

Вайсал:

– Отим Вайсал. Яманнинг Қаран қишлоғиданман. Чўпонлик қиламан. Севикли Пайғамбаримизни зиёрат этиш учун онажонимдан шу ерга қадар рухсат олган эдим. Демак, зиёрат насиб этмабди, – дея ортига қайтиб кетди.

Расулуллоҳ масжиддан қайтганларидан сўнг:

– Ё Оиша, бу ерга Увайс (Вайсал) келдими? – деб сўрадилар. Саволига тасдиқ жавобини олгач,

– Унга мени бу дунёда кўриш насиб этмайди. Аллоҳ таоло уни имтиҳон қилаётир, Онасига бўлган итоатининг даражасини ўлчаётир, – дедилар.

Вайсул Қараний онасининг олдига қайтиб келиб бўлиб ўтган воқеани чуқур уҳ тортиб сўзлаб берди.

Онаси унга:

– Сиқилма ўғлим, сиқилма. Сен мени мамнун этганинг каби Аллоҳ таоло сени мамнун этажак. Севикли Пайғамбаримизни ҳақиқий дунёда албатта кўрасан, – деди.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.