Мақолалар

Қўйинглар! Туяга буюрилган

Чоп этилди Dekabr 2, 2019 Қўйинглар! Туяга буюрилганda fikr bildirishni o'chirish

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келгач, жума куни Солим ибн Авф қабиласига етганларида жума вақти кирди. Водий ўртасидаги масжидда одамларни тўпладилар.

Сўнг туяни миниб йўлга тушдилар. Кишилар туянинг жиловини ушлаб: “Биз билан юринг”, деб қисташди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қўйинглар! Туяга буюрилган», дедилар.

Туя юриб бораркан, ансорларнинг қайси бирларининг уйи олдидан ўтса, “Бизникига тушинг, бизникига тушинг”, деб таклиф қилишарди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Қўйинглар! Туяга буюрилган”, дердилар. Туя ўтиб бориб, ҳозирги кундаги масжид ўрнига чўкди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туядан тушмадилар.

Туя ўрнидан туриб, яна бироз юрди ва атрофга айланиб қаради, сўнг яна олдинги маконга келиб тўхтади ва чўкди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам туядан тушдилар.

Тушган манзиллари, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тушмоқликни яхши кўрган, тоғалари Бани Нажжор қабиласи эди.

Аллоҳнинг тавфиқи ила туя ҳам айнан ўша жойга тўхтаганди. Одамлар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни уйларига таклиф қилишди. Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу) улар ичидан шошилиб чиқди-да, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг улов ва анжомларини уйига олиб кириб кетди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам: “Киши ўз нарсалари билан бирга бўлади”, дедилар-да, Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу)нинг хонадонларига жойлашдилар[1].

 

[1] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм