Ўзбекистон янгиликлари

Муҳаммад ал-Жиндий: Академия салоҳиятидан ҳайратга тушдим!

Чоп этилди Dekabr 1, 2019 Муҳаммад ал-Жиндий: Академия салоҳиятидан ҳайратга тушдим!da fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммадаш-Шаҳҳат ал-Жиндий ҳамда таълим бўлими бошлиғи Жалғас Сандыбаев ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, муқаддас ислом дини ва маданиятининг асл моҳиятини дунё жамоатчилигига тушунтириш, таълим муассасалари ўқув дастури ва дарсликлари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчи ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш борасида музокаралар ўтказилди.

Суҳбат давомида “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммадаш-Шаҳҳат ал-Жиндий самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзи раҳбарлигидаги таълим таълим муассасаси фаолиятига тўхталиб ўтди.

— Ўзбекистон халқаро ислом академиясини диний ва дунёвий билимлар уйғун ҳолда ўқитиб келинаётган дунёдаги нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири сифатида биламан, — дейди Муҳаммадаш-Шаҳҳат ал-Жиндий. — Ўзбекистон олимлари қадимдан дунё илм-фани тамаддунига катта ҳисса қўшган. Муқаддас динимизда дин ва дунёвий билимлар тенг қўйилади. Бу ҳақда муқаддас Қуръон китоби ва айнан сизнинг юртингизда камолга етган буюк муҳаддис олимлар Имом Бухорий, Имом Термизий тўпланган кўплаб ҳадисларда кенг баён этилган. Ёшларнинг баркамол вояга етиши ва дунёда рақобатбардош мутахассис сифатида ўз ўрнига эга бўлишида бу жуда муҳим омил. Мен академия салоҳиятидан ҳайратга тушдим!

2019 йил “Ўзбекистонда Қозоғистон йили”, деб эълон қилингани муносабати билан ташкил этилган мазкур учрашув ҳар икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқади. Бунда, албатта, Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамиятга эга. Зеро, халқларимиз ўртасидаги қардошлик, яқин қўшничилик ришталари илм-фан, маданият ва диний-маърифий соҳаларда ҳам ривожланиб бораётгани ёшлар таълим-тарбиясида ҳам ўз ижобий самарасини кўрсатиши, шубҳасиз.

Учрашув доирасида ислом оламидаги таниқли олим Муҳаммадаш-Шаҳҳат ал-Жиндий академия талабалари учун муқаддас Ислом динининг илм-фан тараққиётидаги ўрни ва бугунги глобал жамиятдаги аҳамияти мавзуида маъруза ўқиди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати