Болалар

Болани қандай қилиб иродали қилиш мумкин?

Чоп этилди Dekabr 1, 2019 Болани қандай қилиб иродали қилиш мумкин?da fikr bildirishni o'chirish

1960 йилда Стандфорд университетида ирода билан боғлиқ тадқиқот ўтказилган. Бу тадқиқотни «зефир» деб аташган.

Уолтер Мишел бир неча юзлаб 4-5 ёшли болаларни текшириб кўрган. Болаларни стол устида «Зефир» ширинлиги бўлган хонага олиб киришган ва уларга танлов берилган. Улар истаса, ширинликни еб қўйиши мумкин эди, лекин хонага профессор қайтиб киришини кута олса, ширинлиги икки баробар кўпайишини айтишди. Яъни, озроқ сабр эвазига битта эмас, иккита ширинлик ейишлари мумкин эди. Баъзи болалар ширинликни дарҳол еб қўйган бўлса, бошқалари фикрларини чалғитишга ҳаракат қилиб охирга қадар кута олишган.

Бир неча йиллардан сўнг ўша болаларни ўсмир ёшида яна Стандфорд университетига таклиф қилишди ва уларнинг ҳаёти ва табиатларини ўрганишди. Ёшлигида ширинликни 2 та бўлгунича сабр қила олган болалар ҳаётининг ҳар жабҳасида илдамроқ эди. Улар яхшироқ ўқишар, қийинчиликларни осонроқ енгиб ўта оладиган, бошқа одамлар билан яхши келишадиган ўсмирлар эди.

Тадқиқотдан хулоса шу эдики иродали болалар ҳаётда муваффақиятлироқ, кўпроқ нарса эриша олишар экан. Албатта, болалар табиатан иродали бўлиши мумкин, лекин шу билан биргаликда болаларда иродани тарбиялаш ҳам мумкин экан.

Қандай қилиб фарзандларимизни иродали қилиб тарбиялашимиз мумкин?

Бунинг учун, аввало ирода нима эканини яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида иродага қуйидагича таъриф берилган:

“Ирода — одамнинг ўз фаолияти ва психик жараёнларини ўзи бошқаришда намоён бўладиган қобилияти. Инсон иродавий ҳаракатини амалга оширар экан, ўзига ҳукмрон эҳтиёж ва хоҳишларига қарши туради: Ирода учун “мен хоҳлайман” деган кечинма эмас, балки “керак”, “бажаришим шарт” деган кечинма хосдир.

Ироданинг муҳим сифатлари: ўзини тута билиш, дадиллик, қатъийлик, чидам ва тоқат, принципиаллик, мустақиллик. Ирода кучи шу сифатларнинг қай даражада намоён бўлишига қараб белгиланади. Киши юксак ғояларга асосланган онгли қатъият ва сабот билан ўз ҳаракати йўлидаги тўсиқларни енгар экан, у кучли ирода эгаси ҳисобланади. Ирода кишининг характери билан узвий боғлиқ бўлиб, унинг шаклланишида муҳим роль ўйнайди”.

Ирода ҳақида болалар табиатидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги маслаҳатлар сизга қўл келиши мумкин:

1. Фарзандингизга ирода нима эканини тушунтиринг, унинг ҳаётида келтириши мумкин бўлган фойдалари ҳақида, ироданинг заиф бўлиши инсонларни қандай аҳволга солганлиги ва солиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашинг.

2. Фарзандларингизни ўзини бошқаришга мажбур қиладиган вазиятлар яратинг. Масалан, сабр қилиши эвазига кўпроқ ширинлик олишига ёки кўпроқ ҳаракати эвазига яхшироқ совға олиши мумкин бўлган вазиятлар.

3. Ўз иродасини кўрсатган вақтда фарзандингизнинг сабри ва иродасини эътироф этинг.

4. Фарзандларингизга ўз танлови учун масъулият ҳис қилишни ўргатинг. Болаларимизни доимо ҳимоя қилишни хоҳлаймиз, хато қилишганида, қийинчиликларга дучор бўлганида муаммоларини осонлаштиришга ҳаракат қиламиз. Лекин, афсуски шу орқали уларни иродаси бўш болалар бўлишига сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин.

5. Иродани тарбиялашнинг яна бир услуби ибодатдир. Кичик ёшдаги фарзандларимизни кунлик совға ширинликлар билан қизиқтирсак, катта ёшдагиларини охиратдаги фойдалар билан қизиқтиришимиз мумкин. Бу шубҳасиз уларни иродали бўлиб ўсишига ёрдам беради.

Шу билан биргаликда, ўз қилган ишига масъулият ҳис қилиш болаларда 6-7 ёшда яхшироқ ривожланади, ундан аввал эса қилган ҳаракатларингиз натижа бермаслиги мумкин.

6 ёшдан кичик болалар учун кутиш вақтларини қисқароқ қилиб, сиз яратган вазият соғлиги, руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмаслигини инобатга олишингиз керак.

aniq.uz