Ўзбекистон янгиликлари

Олий таълимни тугатганлар ҳам энди муддатли ҳарбий хизматни 1 йил давомида ўтайди

Чоп этилди Dekabr 2, 2019 Олий таълимни тугатганлар ҳам энди муддатли ҳарбий хизматни 1 йил давомида ўтайдиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Мудофаа вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Тошкент шаҳар ва вилояти мудофаа ишлари бошқармалари масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда даставвал сўз олган Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи подполковник Улуғбек Кадиров «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳиятини очиб берди.

Мазкур қарорга мувофиқ, жорий йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервига чақириш, чақирув олди тайёргарлик жараёнлари ҳамда Қуролли Кучлар сафида шартнома бўйича хизматни давом эттирмоқчи бўлган номзодларни саралаш жараёнига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар хусусида маълумот берилди.

Эндиликда, 2020 йилдан бошлаб 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган йигитлар бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга бориши қатъиян белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам қонунчиликда ҳудди шу тартиб мавжуд эди. Аммо айрим сабабларга кўра асосан, 23-24 ёшдагилар ҳарбий хизматга юборилар эди.

Яна қарорга кўра, 2020 йилдан бошлаб олий таълимни тамомлаган битирувчилар ҳам 1 йиллик хизмат қилиши белгилангани қайд этилди. Аввал бу давр 9 ой бўлган, натижада ўтолмай қолган 3 ойлик ўқув машғулотлари захирадаги ҳарбий хизматчилар учун юкламаларнинг ортишига олиб келган.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати, эндиликда ҳарбий хизматга чақирилувчилар агар ўз жисмоний натижаларидан норози бўлсалар, ҳатто энг юқори турувчи органлар, прокуратура ва судгача ҳам мурожаат қилиши мумкин. Аммо таъкидлаш керакки, бугунга қадар бирор марта ҳам бундай ҳолат кузатилмаган.

Шунингдек, тадбирда мамлакатимиздаги барча йиғин ва чақирув пунктларининг моддий-техник базаси, у ерда чақирилувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, тиббий комиссияларнинг самарали ишлаши ва чақирилувчиларни тиббий-кўрикдан сифатли ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирларига ҳам тўхталинди.

Гулнора ХОДЖАМУРАТОВА,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти