Мақолалар

Васлий Самарқандий Ғиждувоний ҳақида

Чоп этилди Dekabr 3, 2019 Васлий Самарқандий Ғиждувоний ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Саййид Аҳмад Васлий (XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошлари) ўзбек ва тожик адабиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шоирлардан. Унинг ижоди ҳозиргача тўлиқ ўр­ганилган эмас. У йигирмадан ортиқ турли мавзудаги рисолалар муаллифидир. Араб, форс ва турк тилларида ижод қилган.

Васлий Самарқандий ўз давридаги машҳур ургутлик шайх Эшон Валихоннинг муриди ва яқин кишиларидан бўлган. Эшоннинг ўғли Саййид Муҳйиддинхон ҳам ўз даврининг йирик шайхларидан бўлиб, нақшбандия тариқати­нинг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Саййид Муҳйиддинхоннинг ўғли Эшони Қутбуддинхон етук олим ва шайх бўлиб, ҳозирги Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили ва адабиёти институтида ишлаган. Филология фанлари номзоди бўлган.

Васлий Самарқандий «Назм ус-силсила»ни, асосан, Шайх Валихонга бағишлаган бўлса-да, бироқ унинг силсиласини баён қилиш жараё­нида Шайх Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиж­ду­во­ний ҳамда унинг издошлари таржимаи ҳолла­ри­ни ҳам келтиради. Асар 386 байтдан иборат бў­либ, унда жами 30 нафар шайх ҳақида маълумот­лар мавжуд. Асар 1912-1913 йилда Тошкентда чоп этилган.

Мазкур асар 2001 йилда Тошкентда «Янги аср авлоди» нашриёти томонидан қайта чоп қи­линган. Рисоланинг асл тожикча матни билан бирга насрий таржимаси ҳам берилган. Қуйида Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳақидаги қисмининг наз­мий таржимаси ҳукмингизга ҳавола этилади:

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

 

Ҳар киши қилса иродатни аён,

Хожани бўлди муриди ногаҳон.

 

Хожа Абдулхолиқ – шоҳи жаҳон,

Мавтани бўлди ани чун Ғиждувон.

 

Чун эшитгач Хожа Юсуф жоҳини,

Изламоққа тушди хонақоҳини.

 

Ишқидин ҳар дамда ҳоли «уф» эди,

Чун Зулайхо ошиғи Юсуф эди.

 

Келдию жой олди хонақоҳидан,

Кўзлари нур олди гўё моҳидан.

 

Чун мурид бўлди-ю ҳам олди сабақ,

Кўнглини банд этди доим зикри Ҳақ.

 

Аста-аста тўлди қалб анвор ила,

Ботини ганжинаи асрор ила.

 

Айлагач муршид анга илтифот,

Нури нисбат қалбида топди ҳаёт.

 

Хожалик муршидидан бўлгач нишон,

Васфи ҳам бўлди ани Хожа Жаҳон.

 

Хожаи Хизр олдида ҳозир эди,

Жумла сирлар анга чун зоҳир эди.

 

Зикри хуфя таълимин қилди баён,

Олдилар ёд борини Хожа Жаҳон.

 

Ғиждувон обод бўлгач ҳар нафас,

Жам бўлди аҳли ирфон бунда бас.

 

Васлий Самарқандий. “Назм ус-силсила”. Тошкент 1331ҳ. (1913). 15–16-б.

 

 

 

 

Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙнинг

“Мақомати Юсуф Ҳамадоний” (Рисолаи соҳибия) “Васиятнома” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 11500 сўм