Мақолалар

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) зеҳнининг ўткир бўлиши

Чоп этилди Dekabr 4, 2019 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) зеҳнининг ўткир бўлишиda fikr bildirishni o'chirish

Аъраждан ривоят қилинади:

Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримаси ҳақида:

“Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг барҳақ пайғамбар эканини) одамларга Китоб (Таврот)да аниқ қилиб берга­ни­миз­дан кейин (уни) яширганларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва уларни лаънатловчилар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар” (Бақара сураси, 159-оят).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«Сизлар: “Абу Ҳурайра Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жуда кўп ривоят келтирган, нега муҳожир ва ансорлар бу ҳадисларни ривоят қилмаганлар?” деб айтасиз.

Бизнинг муҳожир биродарларимизни бозорлардаги олди-берди савдолари, ансор дўстларимизни эса ерлари ва ундаги ишлар машғул қилиб қўйди. Мен эса бир бечора, мискин киши эдим. Аксар вақтимни, улар бўлмаганларида ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида ўтказар ва улар унутган нарсаларини мен ёдимда сақлардим.

Кунлардан бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда-ким мен гапириб бўлгунимча кийимини ёзиб қўйса ва гапириб бўлганимдан сўнг уни йиғиштириб олса, мендан эшитганларини ҳаргиз унут­мас”, дедилар.

Мен кийимимни ёйиб қўйдим ва сўзлаб бўлганларидан сўнг уни йиғиштириб олдим. Аллоҳга қасам, ўшандан буён Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганла­римни унутганим йўқ.

Аллоҳга қасам, агар Аллоҳнинг китобидаги ушбу оятлар бўлмаганида, сизларга бирор нарсани айтмаган бўлардим”, деди ва қуйидаги оятни ўқиди: “Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг барҳақ пайғамбар эканини) одамларга Китоб (Таврот)да аниқ қилиб берганимиздан кейин (уни) яширганларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва уларни лаънатловчилар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар»[1].

 

[1] Саҳиҳ ҳадис. Имом Муслим ва Имом Байҳақий ривояти.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм